Аёллар қабр зиёратига боришлари мумкинми?
Савол: Биз Мадинаи Мунавварада эдик. Бир қори Жаннатул-Бақиъни таништирар экан, таъкид қилдики, “Аёлларга эҳтиёт бўлинг, аёллар асло қабрга қадам босмасинлар”. Гўё қабрга борган аёлга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, деган ҳадис мавжуд экан. Яна таъкидладики, авлиё одамларнинг қабрига зиёратга борганда агарда қабрнинг атрофида айлансангиз, бу айланиш тавоф ҳисобига ўтади-да, Аллоҳга ширк келтирган бўласизлар, дедилар. Булар қайси даражагача ҳақдир?
Шодижон.
Жавоб: Қабр зиёратининг эркаклар учун мустаҳаб амал экани барчага маълумдир. Аммо аёлларнинг қабристонга боришлари масаласида фиқҳ китобларида ихтилофли қавллар зикр этилади. Уларнинг хулосаси: аёллар маълум қоидаларга риоя қилган ҳолда қабр зиёратига боришлари мумкин.
* * *
• Қабр зиёратининг мустаҳаблиги;
• “Аёлларнинг қабристонга боришлари макруҳ”
• Охиратни эслашда эркагу аёл баробар;
• Аёлларни қабр зиёратидан ман этувчи ҳадиснинг маъноси.
* * *
Қабр зиёратининг мустаҳаблиги
عَنِ ابْنِ بُرَيْدَةَ عَنْ أَبِيهِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » نَهَيْتُكُمْ عَنْ زِيَارَةِ الْقُبُورِ فَزُورُوهَا … » (رواه مسلم).
Бурайда отасидан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мен сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар…” (Муслим).
“Аёлларнинг қабристонга боришлари макруҳ”
“Жумҳур уламоларнинг мазҳаблари шуки, аёлларнинг қабр зиёратига боришлари макруҳ саналади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”. (Муслим). Бунинг устига аёлларда кўнгли бўшлик, бетоқатлик, мусибатларга сабрсизлик бор”. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 24/88).
Охиратни эслашда эркагу аёл баробар
“Ҳанафийлар саҳиҳ қавлда қабр зиёрати эркаклар учун мустаҳаб бўлгани каби аёллар учун ҳам мустаҳабдир, деганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди зиёрат қилаверинглар…” деганлар”. (Муслим). (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 24/88).
Исламвеб саҳифасида имом Аҳмаддан ва баъзи шофеий мазҳаби уламолардан ҳам аёллар зиёратининг макруҳ эмаслиги хусусида ривоятлар зикр этилган.
Макруҳ эмас, деган қавл Савбоннинг “Зиёрат қилаверинглар”, деган ҳадисига кўра иншоаллоҳ кучлидир. Чунки бу хитоб эркаклар ва аёлларни ўзи ичига олади. Охиратни эслаш сабаби кўрсатилган экан, бунда эркагу аёл баробардир.
Асрам ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Абу Мулайкадан ривоят қилишган ҳадисда бир куни Оиша қабристондан келдилар. Мен сўрадим: “Эй уммилмўминин, қаердан келдингиз?” У киши айтдилар: “Укам Абдурраҳмон ибн Аби Бакрнинг қабридан”. Мен у кишига айтдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар зиёратидан қайтармаганмидилар?” У киши айтдилар: “Ҳа, шундай. Кейин зиёрат қилишга буюрганлар”. (Ироқий ва Албонийлар саҳиҳ санашган).
Оишанинг Муслимда келган ҳадисларида у киши айтдилар: “Эй Расулуллоҳ, агар мен қабристонни зиёрат қилсам, нима деб айтаман? Расулуллоҳ дедилар: “Бундай деб айт:
» السلام على أهل الديار من المؤمنين والمسلمين ويرحم الله المستقدمين منا والمستأخرين «.
Аёлларни қабр зиёратидан ман этувчи ҳадиснинг маъноси
“Қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёлларни Аллоҳ лаънатласин”, деган ҳадиснинг маъноси Қуртубий айтганидек мана бундай: “Ҳадисда зикр этилган лаънат қабр зиёратида ҳаддан ошувчи аёлларга тегишлидир. Лафзнинг орттирма даражали қилиб айтилиши шуни тақозо қилади”. (islamweb/55209)
Қабр устида овоз чиқариб йиғлаш, ўзини боса олмай қолиш, қайғуни кучайтиришга сабаб бўлиш, шаръий ҳижоб қоидаларига риоя қилмаслик каби ҳолатлар ҳадисдаги таҳдидга боғлаб қўяди.