Энг оғир ишлар устида айтиладиган зикр
Савол:
Яқиндаги хулқ мавзусида олиб бораётган дарсингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобия аёлга фарзанди душман қўлига тушиб қолганида ўргатган дуони айтиб ўтдингиз. (Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ).
Шуни озгина батафсилроқ ёритиб берсангиз. Маҳбус биродарларнинг яқинлари шу дуони ўқиб юрсалар, Аллоҳдан бир енгиллик келар, деган ниятда деган эдик.
Абу Умар.
Жавоб:
Аллоҳ таоло барча мусулмон асирларга озодлик насиб этсин. Ҳамма биродарларга, жумладан асирларнинг қариндошларига ҳам иймонда собитлик, сабр-тоқат, ҳалол ризқ, ғайрат ва шижоат ато айласин.
Кулфат ва мусибатларни даф этишда зикр ва дуоларнинг аҳамияти ниҳоятда улуғдир. Инсон ўз мақсадига эришиш йўлида бор имкониятларини ишга солиб, астойдил ҳаракат қилиши, зарур чора-тадбирларни кўриши лозим. Чоралар ва сабаблар ичида энг биринчи ўринда турадигани қалб ва танани пок тутган ҳолда мунтазам равишда адо этиладиган дуо, зикр ва чиройли ибодатдир. Дуо ва ибодатга ҳалол меҳнат ва жиддий ҳаракат ҳамроҳ бўлиши керак.
Кўпгина одамлар зоҳирий чораларни кўрадилар. Тинмай ҳаракат қиладилар. Аммо юқорида айтилган энг муҳим ишни ташлаб қўядилар. Баъзилар эса дуо ва ибодатни чала-чулпа бажариб, чора ва ҳаракатни ҳам ўлда-жўлда қиладилар. Бундай ҳолатда кулфатларнинг камайиши ўрнига ортиши кутилади.
Мусибатлардан қутулиш ва яхши натижаларга эришиш йўлидаги меҳнат ва курашлар билан бир вақтнинг ўзида «ҳавқала»ни ўқиб боришнинг таъсири катта.
«Ҳавқала» «لا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّه», деб айтишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дуони жаннат хазиналаридан бир хазина, деб таърифлаганлар.
عن أبي ذر قال: قال لي رسول الله صلى الله عليه وسلم ألا أدلك على كنز من كنوز الجنة، قلت بلى يا رسول الله، قال لا حول ولا قوة إلا بالله. رواه أحمد وابن ماجه.
Абу Зардан ривоят. У киши дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: «Сени жаннат хазиналаридан бир хазинага йўллаб қўяйми?» Мен: «Ҳа, ё Расулаллоҳ», дедим. У зот: «لا حول ولا قوة إلا بالله«, деб айтдилар. (Аҳмад, Ибн Можа, ривоятлари).
فعَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : » مَنْ تَعَارَّ مِنْ اللَّيْلِ فَقَالَ لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ الْحَمْدُ لِلَّهِ وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَلا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَاللَّهُ أَكْبَرُ وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّهِ ثُمَّ قَالَ اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي أَوْ دَعَا اسْتُجِيبَ لَهُ فَإِنْ تَوَضَّأَ وَصَلَّى قُبِلَتْ صَلاتُه «. رواه البخاري / 1086
Убода ибн Сомитдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимки тунда уйғониб қолиб, бундай деб айтса:
» لا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ الْحَمْدُ لِلَّهِ وَسُبْحَانَ اللَّهِ وَلا إِلَهَ إِلا اللَّهُ وَاللَّهُ أَكْبَرُ وَلا حَوْلَ وَلا قُوَّةَ إِلا بِاللَّهِ «
Кейин: «Эй Аллоҳ, мени мағфират қил», деса ёки дуо ўқиса, тилаги ижобат бўлади. Агар таҳорат олиб, намоз ўқиса, намози қабул этилади». (Бухорий ривояти/1086).
(Бу ҳадисда зирк этилган дуонинг маъноси: «Аллоҳдан бошқа (ибодатга ҳақли) ҳеч бир илоҳ йўқ, Унинг ёлғиз Ўзи бор (Ягона Ўзи ибодатга ҳақли Илоҳ – ҳеч бир шериги йўқ. Эгалик фақат Уникидир, ҳамд фақат Унгадир. У ҳар қандай ишга қодир. Ҳамд Аллоҳ учун, Уни барча нуқсонлардан поклаб ёд этаман. Ундан бошқа (сиғинилишга ҳақли) ҳеч бир илоҳ йўқ. Аллоҳ – энг буюк Зот. Аллоҳнинг истагисиз на бирор ҳаракат ва на бирор имконият бор».)
«Ҳавқала»нинг маъносидан шуни англашиладики, банданинг бирор ишни амалга ошириши фақат Аллоҳнинг шу ишни осон қилиб қўйиши билангина мумкин бўлади. Аммо банданинг ўз ҳаракати ҳар қанча кучли ва кўп бўлмасин, агар Аллоҳ унга ёрдам бермаса, ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Аллоҳнинг қуввати олдида ҳар қандай кучли нарса ожиздир. Ҳар қандай буюк шахс Аллоҳнинг буюклиги қаршисида заиф, нотавон ва кичкинадир. (islamqa/7747)
Ибн Қаййим ёзадилар:
.. حتى رأيت ابن أبي الدنيا قد ذكر هذا الأثر بعينه عن الليث بن سعد عن معاوية بن صالح قال : حدثنا مشيختنا أنه بلغهم أن أول ما خلق الله عز و جل ـ حين كان عرشه على الماء ـ حملة العرش قالوا : ربنا لم خلقتنا ؟ قال : خلقتكم لحمل عرشي قالوا : ربنا ومن يقوى على حمل عرشك وعليه عظمتك وجلالك ووقارك ؟ قال : لذلك خلقتكم فأعادوا عليه ذلك مرارا فقال لهم : قولوا : لا حول ولا قوة إلا بالله فحملوه. (الوابل الصيب – (1 / 106).
… Мен Ибн Абиддунё бу асарнинг айни ўзини зикр қилганини кўрдим… Арш сув устида бўлган замон Аллоҳ азза ва жалланинг энг биринчи яратгани Аршни кўтариб турувчи малоикалар бўлдилар. У малоикалар сўрадилар: «Раббимиз, бизни нима учун яратдинг?» Аллоҳ деди: «Сизларни Менинг Аршимни кўтаришинглар учун яратдим». Улар дедилар: «Эй Раббимиз, Сенинг Аршингни кўтаришга кимнинг ҳам кучи етади, ҳолбуки, унинг устида Сенинг азаматинг, улуғлигинг ва виқоринг бўлса?!» Аллоҳ деди: «Мен сизларни шунинг учун яратдим». Фаришталар юқоридаги сўзни Аллоҳга бир неча бор такрорладилар. Шунда Аллоҳ уларга деди: «Сизлар: «لا حول ولا قوة إلا بالله«, деб айтинглар!» Малоикалар шуни айтгач, Аршни кўтардилар. (Ал-Вобилус-Саййиб – 1/106).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда кўп ўринларда «ҳавқала» дуосини ўқишга тарғиб қилганлар. Жумладан, уйқудан уйғонган пайтда, уйдан чиқаётган вақтда, намоз ўқиб бўлгандан кейин ва ҳоказо. Уламолар золимлар билан рўпара келганда, машаққатли ишлар устида шу зикрни чин иймон ва ихлос билан ўқиб туришни тавсия қиладилар.
Тилни Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда келган зикр-дуолар билан машғул қилишга одатланиш Аллоҳнинг қудратлари ва мўжизалари намоён бўлишига сабаб бўлувчи омиллардан саналади.