«Аллоҳ рози бўлсин», деган ибора кимларга ишлатилади?
Шайх Обидхон қори, Швеция
1433 ҳ. 14 сафар (2012 м. 8 январ)
Савол:
Ҳозирги пайтда одамлар орасида ташаккур билдиришда: «Аллоҳ рози бўлсин» калимаси кўп айтилаяпти. Шу калимани айтиш жоизми?
Ойбек.
Жавоб:
«Аллоҳ рози бўлсин» (رَضِيَ اللهُ عَنْهُ), деган калима муборак дуо ва уни албатта аввало саҳобий ва тобеинларга нисбатан ишлатилади. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин. (رَضِيَ اللهُ عَنْهُمْ).
Уламолар ораларида رَضِيَ اللهُ عَنْهُ дуоси фақат саҳобий ва тобеинларга хос, деганлар бўлганлар. Аммо жумҳур (аксарият) олимлар солиҳ инсонлар учун ҳам «Аллоҳ рози бўлсин», деган тилак изҳор қилиш жоизлигини айтишади. Улар бу ижтиҳодга мана бу оятни далил қилишган:
{ إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَئِكَ هُمْ خَيْرُ الْبَرِيَّةِ* جَزَاؤُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ جَنَّاتُ عَدْنٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَداً رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ ذَلِكَ لِمَنْ خَشِيَ رَبَّهُ }.
(البينة: 7،8).
«Албатта иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган зотлар, ана ўшалар одамзоднинг энг яхшиларидир». (7). «Уларнинг Раббилари ҳузуридаги мукофотлари остидан дарёлар оқиб турган Адн жаннатларидир. Улар ўша ерларда абадий яшайдилар. Улардан Аллоҳ рози бўлган, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлганлар. Бу яхшилик Раббисидан қўрққан киши учундир».
(Баййина сураси, 7-8 оят).
قال النووي في المجموع:
«يستحب الترضي والترحم على الصحابة والتابعين فمن بعدهم من العلماء والعباد وسائر الأخيار، فيقال: رضي الله عنه، أو رحمة الله عليه، أو رحمه الله ونحو ذلك. وأما ما قاله بعض العلماء: إن قول رضي الله عنه مخصوص بالصحابة ويقال في غيرهم رحمه الله فقط، فليس كما قال ولا يوافق عليه، بل الصحيح الذي عليه الجمهور استحبابه، ودلائله أكثر من أن تحصر».
Имом Нававий «Ал-Мажмуъ»да айтган:
«Саҳобаларга, тобеинларга, улардан кейинги уламолар, обидлар ва бошқа яхши инсонларга Аллоҳнинг розилигини, раҳматини сўраш мустаҳабдир. Яъни, «Аллоҳ рози бўлсин» (رَضِيَ اللهُ عَنْهُ), «Аллоҳнинг раҳмати бўлсин» (رَحْمَةُ اللهِ عَلَيْهِ) ёки «Аллоҳ раҳм қилсин» (رَحِمَهُ اللهُ) каби дуоларни айтилади. Аммо баъзи уламоларнинг «Аллоҳ рози бўлсин» (رَضِيَ اللهُ عَنْهُ), деган сўз саҳобаларга хосдир, улардан бошқаларга фақат «Аллоҳ раҳм қилсин» (رَحِمَهُ اللهُ), деб айтилади», деганлари улар айтгандай эмас. Бу фикрга мувофиқ бўлинмайди. Аксинча тўғриси жумҳур уламолар айтганидек, мустаҳаб эканидир. Бунинг далиллари ҳаддан ташқари кўпдир». (islamweb/10967)
Маълумки, (رَضِيَ اللهُ عَنْهُ) калимаси араб тилида хабар ва дуо маъноларида ишлатилади. Хабар бўлса «Аллоҳ рози бўлди», деган маъно чиқади, дуо бўлса – «Аллоҳ рози бўлсин», деган маъно. Биз бу сўзни бир-биримизга ишлатганимизда дуо маъносини ният қиламиз.
Суҳбатдошга нисбатан «Сиздан Аллоҳ рози бўлсин», деб айтиш мумкинми? Бу саволга «Ҳа, мумкин», деб жавоб берганлар кал, пес ва кўр ҳақидаги саҳиҳ ҳадисни далил қилишади. У ҳадисда инсон суратидаги фаришта аввал кўр бўлган одамга «Сендан Аллоҳ рози бўлди», деб айтган эди. (islamweb /48063)
Аллоҳ таоло ҳаммамиздан рози бўлсин.