Аёллар орасида адолат сақлашнинг чегараси қаерда?
Савол: Мана, икки ой бўлди иккинчи аёлга уйланганимга. Биринчи аёлим билан иккита фарзандим бор. Икки аёлимни ҳам уй жойлари бор. Ҳеч нарсадан зориқмайди. Иккинчи аёлим эридан ажрашган, боласи йўқ. Энди иккинчи аёлим адолат қилмаяпсиз, деяпти. Мен икки кун биринчи аёлим билан, бир кун иккинчи аёлим билан яшаяпман. Ўғлим билан қизимнинг тарбиясига кўпроқ вақт ажратай, деб. Мен тўғри қиляпманми Аллоҳнинг олдида?
Бахтиёр.
Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръони каримда бирдан ортиқ аёлга уйланишга рухсат бериш билан бир қаторда уларнинг орасида адолат ва тенглик сақлашни шарт қилиб қўйган. Адолат сақлаш қийин эканини эслатган. Адолат ва тенгликнинг маъно ва чегаралари эса тафсир ва фиқҳ китобларида муфассал баён қилинган.
* * *
- Агар адолат қила олмасангиз …
- Вожиб адолатнинг чегараси қаерда?
- «Адолат қилишга асло эриша олмайсизлар»;
- Адолат ва муроса орасида.
* * *
Агар адолат қила олмасангиз …
{ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلَّا تَعْدِلُوا فَوَاحِدَةً أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ ذَلِكَ أَدْنَى أَلَّا تَعُولُوا } (النساء:3)
«Агар адолат қила олмасликдан қўрқсанглар, бас битта аёл билан ёки қўлингиз остидаги чўрилар билан кифояланинглар». (Нисо/3).
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: » مَنْ كَانَتْ لَهُ امْرَأَتَانِ فَمَالَ إِلَى إِحْدَاهُمَا جَاءَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَشِقُّهُ مَائِلٌ «. (رواه أبو داود).
Абу Ҳурайрадан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Кимнинг иккита аёли бўлсаю улардан бирига оғиб кетса, Қиёмат куни бир томони шол бўлган ҳолда келади». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти; Албоний: саҳиҳ).
Вожиб адолатнинг чегараси қаерда?
فالعدل الواجب على الزوج تجاه زوجاته هو التسوية بينهنَّ في القَسم والنفقة والكسوة والمؤنة، فإذا قام الزوج بما يجب لكل واحدة منهنَّ من النفقة… فهل له بعد ذلك أن يفضل إحداهنَّ على الأخرى بما شاء؟
فالأكثر من أهل العلم على جواز ذلك.
قال الحافظ ابن حجر: والمراد بالعدل التسوية بينهنَّ بما يليق بكل منهنَّ، فإذا وفَّى لكل واحدة منهن كسوتها ونفقتها والإيواء إليها لم يضره ما زاد على ذلك من ميل القلب أو تبرع بتحفة. انتهى الفتح.
Бас, эркакнинг устида аёлларга нисбатан вожиб бўлган адл вақт тақсимотида, нафақа беришда, кийим ва озуқага бўлган эҳтиёжларини қоплашдадир. Агар эр аёлларнинг ҳар бири учун зарур бўлган таъминотларини тўла адо этгандан кейин улардан биттасига ўзи хоҳлаганча бошқалардан кўра ортиқроқ муомала қилиши мумкинми? Аксар аҳли илмлар буни жоиз, дейишган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар айтган: «Адлдан мурод ҳар бир аёлни унинг ўзига лойиқ нарса билан таъминлаб, аёллар орасини баробар тутишдир. Агар эркак киши аёллардан ҳар бирининг кийим, турар жой, озиқ-овқат ва бирга бўлиш ҳақини тўкис адо этса, қайсидир бирига шундан ортиқроқ илтифот кўрсатишининг зарари йўқ. Бу қалбнинг майли ва бирор туҳфа кўринишида бўлиши мумкин. (islamweb /28707)
Вожиб адолатни адо этгандан сўнг аёллардан бирига кўпроқ илтифот кўрсатиш жоиз деган сўз жумҳур фуқаҳоларнинг сўзларидир. Баъзи уламолар (жумладан, Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ) буни мумкин эмас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат сақлаш вожибдир, деб хулоса қилганлар.
«Адолат қилишга асло эриша олмайсизлар»
وأما قوله تعالى : { ولن تستطيعوا أن تعدلوا بين النساء ولو حرصتم } (النساء:129) . فذلك في الميل القلبي ، لأن القلب قد يميل إلى إحداهن دون الأخرى , روى الإمام أحمد في مسنده عن عائشة رضي الله عنها قالت : كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يقسم بين نسائه فيعدل ثم يقول:» اللهم هذا قسمي فيما أملك فلا تلمني فيما تملك ولا أملك «، يعنى القلب . ولذلك قال جل شأنه : { فلا تميلوا كل الميل } أي فلا تبالغوا في المحبة القلبية، حتى تكون الأخرى كالمعلقة ، لا هي زوجة ، ولا هي خالية عن النكاح ، والله أعلم .
Аллоҳ таолонинг «Сизлар ҳар қанча уринсангиз ҳам аёллар ўртасида адолат қилишга асло эриша олмайсизлар» (Нисо/129), деган сўзида қалбнинг мойиллиги айтилган. Чунки қалб уларнинг ичидан биттасига мойил бўлиши мумкин. Имом Аҳмад ўз Муснадларида ривоят қиладиларки, Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтни аёллари ўртасида адолат билан тақсим қилар, сўнг бундай деб айтар эдилар: «Эй Аллоҳим, бу менинг ўзим эгалик қиладиган нарсадаги тақсимотим. Энди Ўзинг эгалик қиладиган, мен эгалик қила олмайдиган ишда мени айблама». Бу ерда у зот қалбни назарда тутдилар. Шунинг учун Аллоҳ айтди: «Бас буткул мойил бўлиб кетманглар». Яъни, биттасига қалб муҳаббатида ҳаддан ошманглар. Токи бошқаси на жуфту на никоҳдан ажраган, худди осилиб қолгандек бўлмасин. Аллоҳ билувчироқ. (islamweb /1342)
Адолат ва муроса орасида
وَقَال الْحَصْكَفِيُّ وَالتُّمُرْتَاشِيُّ نَقْلاً عَنِ الْخُلاَصَةِ : يُقِيمُ عِنْدَ كُل وَاحِدَةٍ مِنْهُنَّ يَوْمًا وَلَيْلَةً ، وَإِنْ شَاءَ ثَلاَثَةَ أَيَّامٍ وَلَيَالِيَهَا وَلاَ يُقِيمُ عِنْدَ إِحْدَاهُنَّ أَكْثَرَ إِلاَّ بِإِذْنِ الأْخْرَى (الدر المختار بهامش ابن عابدين 2 / 401 . ط . بولاق . الموسوعة الفقهية الكويتية – (33 / 195.)
Ҳаскафий ва Тумуртоший Ал–Хулоса китобидан нақл қилиб айтишган: «Эркак аёллардан ҳар бириникида бир кечаю бир кундуздан яшайди. Агар истаса уч кечаю уч кундуздан ёки ундан кўпроқ яшаши мумкин. Агар бошқа аёллари рухсат бермаса, аёллардан бириникида кўпроқ яшай олмайди». (Ад-Дуррулмухтор – 2/401. Ал-Мавсуатул фиқҳийя – 33/195).
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, агар инсон биринчи оиласида, фарзандлари олдида кўпроқ бўлишни истаса, бунинг сабабларини иккинчи аёлига тушунтириши ва унинг розилигини олиши керак бўлади. Иккинчи аёлнинг уйида камроқ бўлиши ҳисобидан унга кўпроқ мурувват кўрсатиши, шу йўл билан муросага эришиши мумкин, валлоҳу аълам.