Иш топишда воситачилик қилиб, пул олиш мумкинми?

Савол: Ҳозир Россия шаҳарларидан бирида бир инсон иш топиб, бошқа устага сотади. Яъни, фойдага келадиган пулнинг 10 фоизи меники дейди. Бу судхўрликка кирмайдими?

Шерали.

Жавоб: Сиз сўраган масала икки томон ўртасида воситачилик қилиш деб қаралади ва бу иш Исломда жоиздир. Бу мавзу фиқҳ китобларидаги «самсара», «ижора» ва «байъ» деб номланадиган бобларга алоқадор масала.

Аввало самсара ҳақида тўхталамиз. Икки томон ўртасида воситачилик қилиш самсара ёки даллоллик деб номланади. Воситачи (даллол) икки томонни бир-бирига учраштириши, келишувга эришишларига ёрдам қилиши эвазига ҳақ олиши жоиз.

Имом Бухорий Саҳиҳларидаги бир бобни «Даллоллик хизмат ҳаққи. Ибн Сийрин, Ато, Иброҳим ва Ҳасан даллоллик қилиб пул топишни жоиз деб билишлари ҳақидаги боб», деб номлаганлар. 

Воситачи (даллол) ўзининг хизмат ҳақини келишувга мувофиқ ё ҳар икки томондан ёки бир томондан ундириши мумкин. Даллолга бериладиган хизмат ҳаққини «жаола» (ёки «жиола», «жуола», «жуъл») деб айтилади ва бу ишда хизмат ҳақининг миқдори аввалдан маълум этилиши шарт қилинади. Шу сабабли уламолар хизмат ҳақини фойданинг фоизидан берилиши тўғри бўлмайди, деб айтишади. Чунки бунда пулнинг миқдори аниқ бўлмайди. (Аҳли илмлар орасида даллол ҳақи фойданинг фоизидан берилиши жоиз, дегувчилар ҳам бор. Бундай ҳолатда фойданинг тахминан қанча бўлиши тажрибадан маълум бўлади). 

Воситачи одатда савдо-сотиқда (байъ) ва меҳнат муносабатларида иштирок этади. Савол меҳнатга тааллуқли бўлгани учун биз воситачиликнинг шу қирраси ҳақида гапирамиз. Уламолардан кўпчиликлари ишлаб чиқариш, меҳнат муносабатларини ҳам байънинг бир тури деб эътибор қилишган ва буни «байъул-манофиъ» (манфаатлар савдоси) деб аташган. Яъни меҳнатчи ўзининг меҳнатидан келадиган манфаатни бирор нарса эвазига сотади. Воситачи шу савдода иштирок этиши мумкин.   

Қайси соҳада бўлмасин воситачилик қилмоқчи бўлган одам ўзи аралашаётган ишнинг майда-чуйда жиҳатларини яхши билиши ва ҳалол, тўғри ишлаши лозим. Жумладан, ўзи ўртасига тушаётган ҳар икки томоннинг талаб ва имкониятларини беш қўлдек билиши зарур. У ишчининг ҳам, иш берувчининг ҳам манфаатларини риоя қилади. У ишчи ҳузурида иш берувчидек, иш берувчи қаршисида ишчидек намоён бўлади.

Ишчининг қўлидан нималар келади, нима ишни, қандай сифатда, қанча муддат ичида бажариб беради? Меҳнат ҳақини қайси шаклда олишни хоҳлайди?

Иш берувчининг ёки буюртмачининг талаблари нимадан иборат? У қандай турдаги ишни таклиф қилаяпти? Ишни қандай тартибда ва сифатда, қанча муддатда битириб берилишини истаяпти? Иш ҳақини қандай тарзда тўламоқчи?

Табиийки, келишувга эришишдан аввал ҳар икки томон мана шу каби саволларга тўлиқ жавоб олишни истайди. Шундай экан, воситачилик қилаётган шахс сўралаётган нарсалар ҳақида тўғри ва аниқ маълумотга эга бўлиши керак. Шунда у ҳар икки томон учун фойда келтирадиган шартнома тузилишига эришади.

Сотувчи ва харидор орасида даллоллик қиладиган одам байъ масаласидан хабардор бўлиши лозим бўлгани каби ишчи ва буюртмачи орасида воситачилик қиладиган одам ижора масаласидан ўзига тегишли миқдорда бохабар бўлиши лозим.

Энди ижора ҳақида гапирамиз. Ижора луғатда ишчига тўланадиган меҳнат ҳақи деган маънони билдиради. Ижоранинг истилоҳий маъносини уламолар «Муайян ҳақ эвазига маълум манфаатга эга қилишга келишиш» деб таърифлашган. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя). Манфаат деганда амалга ошириш назарда тутилган меҳнат, кўрсатиладиган хизмат тури ёки ишлаб чиқариладиган маҳсулот назарда тутилади.

Бугунги кунда одамлар орасида амалда бўлган кўпгина меҳнат муносабатлари, жумладан, бирор ишга ёллаш ёки ёлланиш, буюртма бериш ёки бажариш Ислом фиқҳида ижора бобига мувофиқ келади.

Бадоеъ-ус-саноеъ китобида «Ижоранинг дуруст бўлиш шартлари» бобида ёзилади:

 …  وَأَمَّا الذي يَرْجِعُ إلَى الْمَعْقُودِ عليه فَضُرُوبٌ منها أَنْ يَكُونَ الْمَعْقُودُ عليه وهو الْمَنْفَعَةُ مَعْلُومًا عِلْمًا يَمْنَعُ من الْمُنَازَعَةِ فَإِنْ كان مَجْهُولًا يُنْظَرُ إنْ كانت تِلْكَ الْجَهَالَةُ مُفْضِيَةً إلَى الْمُنَازَعَةِ تَمْنَعُ صِحَّةَ الْعَقْدِ وَإِلَّا فَلَا.

ومنها بَيَانُ مَحَلِّ الْمَنْفَعَةِ حتى لو قال أَجَرْتُك إحْدَى هَاتَيْنِ الدَّارَيْنِ أو أَحَدَ هَذَيْنِ الْعَبْدَيْنِ أو قال اسْتَأْجَرْت أَحَدَ هَذَيْنِ الصَّانِعَيْنِ لم يَصِحَّ الْعَقْدُ لِأَنَّ الْمَعْقُودَ عليه مَجْهُولٌ لِجَهَالَةِ مَحَلِّهِ جَهَالَةً مُفْضِيَةً إلَى الْمُنَازَعَةِ فَتَمْنَعُ صِحَّةَ الْعَقْدِ

بدائع الصنائع – (4 / 179)

«Келишилган ишга тааллуқли шартлар бир нечадир. Улардан бири шуки, келишилган нарса – манфаатнинг (яъни маҳсулот ёки иш) нимадан иборат экани низога ўрин қолмайдиган даражада аниқ бўлиши лозим. Агар келишилган иш (маҳсулот) келишмовчиликка олиб борадиган даражада ноаниқ бўлса, шартнома ҳақиқий саналмайди. Агар ноаниқлик бу даражада бўлмаса зарари йўқ.

Шартлардан яна бири манфаат ўрнини маълум қилишдир. Масалан, «Мана шу икки уйдан бирини ёки икки хизматкордан бирини ижарага бердим», деса ё «икки устадан бирини ишлатишга бердим» деса, келишув ҳақиқий ҳисобланмайди. Чунки бунда манфаат ўрни нотайинлиги туфайли келишилган иш ҳам ноаниқ бўлиб қолади. Бу ноаниқлик эса низога сабаб бўлади. Эҳтимолий низо шартноманинг дуруст бўлишига монеълик қилади».  

Демак, агар иш берувчи ва ишчи орасида воситачи турган экан, унинг ёрдамида ҳар икки томон иш ёки маҳсулотнинг тури, ҳажми, сифати, ўрни, бажарилиш муддати, иш ҳақининг миқдори ва ҳоказолар ҳақида аниқ келишувга эришиб олади ва шундан кейингина шартнома кучга киради. Аммо бу айтилган нарсалардан биронтаси ноаниқ бўлган ҳолда шартнома тузилса, у шартнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Воситачи ўзининг хизмат ҳақини ҳар икки томондан ёки бир томоннинг ўзидан олиши мумкин. Бунда ҳам у ростгўй бўлиши, хизмат ҳақининг миқдорини очиқ ва аниқ келишиб олиши лозим. Бирор ўринда ёлғон ишлатиш мумкин эмас.

Биз берилган саволга қараб, ижора мавзусидан эҳтиёжга яраша зикр қилдик. Умид қиламизки, воситачилик қиладиган инсон бу айтилган қоидаларни билиб олиши қийин бўлмайди.