(9) Қурбонлик ҳақида савол-жавоблар: қорнида боласи бор қўйни сўйиш

Шайх Обидхон қори, Швеция
1433 ҳ. 4 сафар (2011 м. 29 декабр)

Қорнида боласи бор қўйни сўйиш

Савол: Биз қурбонлик учун бир қўй олгандик. Лекин унинг қорнида боласи бор экан. Кейин сўямиз, деб қўйдик. Аммо вақт ўтгандан сўнг бу қўйнинг болалари кўпайиб кетди. Айтингчи, энди биз қўйни фақат ўзини сўямизми ёки ундан туғилган ва катта бўлиб қолган қўйларни ҳам сўямизми?

Аҳмаджон.

Жавоб: Агар ҳақиқатан ҳам шундай воқеа содир бўлган бўлса, бу ҳолат инсоннинг Ислом шиорларига аҳамиятсизлигини кўрсатади. Қурбонликни ният қилган одам бу қўй бўлмаса, бошқасини қурбонлик қилиши мумкин эди.

Вақтида қурбонлик қила олмаган одам нима қилиши керак, деган масалада қуйидаги саҳифага мурожаат қилишингиз мумкин:

Қурбонликни ният қилгану амалга оширолмай қолган одам

Қорнида боласи бор ҳайвонни сўйиш ҳақида Исламвеб саҳифасида бундай фатво берилган:

«Қорнида боласи бор чорва ҳайвонни хоҳ билган ҳолда, хоҳ билмасдан сўйишнинг зарари йўқ. Унинг боласини хоҳ сўйиб, хоҳ сўймасдан ейиш – жоиз. Илло агар унинг боласи сўйса бўладиган тирик ҳолда чиқсаю то ўлгунча сўйилмаса, уни ейиш -ҳаром». (islamweb/29829)

Шаръий йўл билан сўйилган ҳайвоннинг қорнидан ўлик чиққан боласини ейишга мана бу ҳадис далил бўлади:

عن  أبي سعيد الخدري قال:  قلنا يا رسول الله، ننحر الناقة ونذبح البقرة والشاة فنجد في بطنها الجنين أنلقيه أم نأكله؟ قال » كلوه إن شئتم، فإن ذكاته ذكاة أمه «. (رواه أبو داود).

Абу Саид АлХудрийдан ривоят. У киши дедилар: «Биз сўрадик: «Эй Расулуллоҳ, биз туя, мол ва қўйни сўямиз. Шунда уларнинг қорнидан боласи чиқади. Уни ташлаб юборамизми ёки еймизми?» Расулуллоҳ айтдилар: «Хоҳласанглар енглар, чунки унинг поклиги онасининг покланганида». (Абу Довуд ривояти).