Қазо, қадар ва синов орасидаги фарқ
Савол: Қазо ва қадар билан синовнинг фарқи ва қандай боғлиқлиги бор?
Ойбек.
Жавоб: Қазо билан қадарнинг ҳар бирини алоҳида маъно билан тушунтирган уламолар ҳам бор, ҳар икки калима бир хил маънони англатади, деб айтганлар ҳам бор.
Қазо билан қадарга алоҳида маъно берганлар бундай деб айтишган:
القدر: هو علم الله تعالى بما تكون عليه المخلوقات في المستقبل.
والقضاء: هو إيجاد الله للأشياء حسب علمه وإرادته.
Қадар, Аллоҳ таолонинг махлуқотлар келажакда қандай ҳолатда мавжуд бўлишлари ҳақида билишидир.
Қазо, Аллоҳ таолонинг нарсаларни Ўзининг илми ва иродасига мувофиқ ҳолда пайдо қилишидир. (islamweb/20434)
Имом Таҳовий Ақидаи Таҳовийя рисоласида айтадилар:
وكل شيء يجري بتقديره ومشيئته ومشيئته تنفذ لا مشيئة للعباد إلا ما شاء لهم فما شاء لهم كان وما لم يشأ لم يكن .
Ҳар бир нарса Унинг тақдир этиши, хоҳиши ва истаги билан жорий бўлади. Унинг истаги амалга ошади. Бандалар ўзлари учун Аллоҳ хоҳлаган нарсанигина хоҳлашади. Бас, Аллоҳ улар учун нимани хоҳласа, ўша бўлади, У нимани хоҳламаса, ўша бўлмайди.
وأصل القدر سر الله تعالى في خلقه لم يطلع على ذلك ملك مقرب ولا نبي مرسل والتعمق والنظر في ذلك ذريعة الخذلان وسلم الحرمان ودرجة الطغيان فالحذر كل الحذر من ذلك نظرا وفكرا ووسوسة فإن الله تعالى طوى علم القدر عن أنامه ونهاهم عن مرامه كما قال الله تعالى في كتابه : ( لا يسأل عما يفعل وهم يسألون ) فمن سأل : لم فعل، فقد رد حكم الكتاب ومن رد حكم الكتاب كان من الكافرين .
Қадарнинг асли Аллоҳ таолонинг халойиқлари ичидаги сиридир. Ундан на бирор муқарраб фаришта ва на бирор пайғамбар хабардор. Бу соҳага чуқур кириш ва шўнғиш хорлик воситаси, маҳрумлик сабабчиси ва туғён пиллапоясидир. Бас, бунинг тагига етишга уринишдан, бу ҳақда кўп фикр юритишдан ва васвасага берилишдан алҳазар, алҳазар! Чунки Аллоҳ таоло қадар илмини халойиқлардан тўсиб қўйган. Уни мақсад қилиб олишдан қайтарган. У Ўзининг китобида айтган: «У қиладиган иши юзасидан сўралмайди, балки улар сўраладилар». Бас, кимки «Нима учун қилди?» деб сўраса, демак у Китобнинг ҳукмини рад этибди. Кимки Китобнинг ҳукмини рад этса, кофирлардан бўлиб қолади.
Уламолар баён қиладиларки, қадарга иймон келтириш тўртта босқични ўз ичига олади:
- Аллоҳнинг азалий илмига иймон келтириш;
- Аллоҳ Ўз илмини Ал-Лавҳул-Маҳфузга ёзиб қўйганига иймон келтириш;
- Аллоҳнинг шаксиз амалга ошувчи хоҳишига ва барчани ўз ичига олувчи қудратига иймон келтириш;
- Жамики махлуқотни Аллоҳ пайдо қилганига, У – Холиқ, Ундан бошқаси – махлуқ эканига иймон келтириш.
Қадарга иймон келтириш Аллоҳга таваккул қилиш ва сабабларни бажаришга тескари эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъробийга айтганлар: «Туяни боғлаб, кейин Аллоҳга топшир». Яна у зот жуда кўп саҳиҳ ҳадисларда касалларни даволанишга буюрганлар. (islamweb/20434)
Синов Аллоҳ таоло азалда билган ва Ал-Лавҳул-Маҳфузга битган тақдирнинг ушбу ҳаётда содир бўладиган кўринишидир. Бу ҳақда «Инсон, Ҳаёт, Синов», деб аталган туркум суҳбатларни тинглашни тавсия қиламиз.