Хизматчининг ҳадя олиши жоизми?

Савол: Менинг укам ғарбдаги кўтара савдо билан шуғулланувчи йирик компаниялардан бирида «manager» бўлиб  ишлайди. Яқинда у менга бир савол билан мурожаат қилиб қолди.

Шу компаниянинг мижозлари укамга совғалар олиб келишар экан. Шу нарса пора ҳисобланмайдими?

Абдуллоҳ.

Жавоб: Одамларга бирор турда хизмат кўрсатиш вазифасига тайинланган одамнинг мижозлардан ҳадя олиши мумкин эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматчиларнинг ҳадя олишини тақиқланганлар.

* * *

  • Хизмат бўлмаса, ҳадя ҳам келмас эди;
  • Ҳадя беришни суиистеъмол қилиш;
  • Истисноли ҳолат ва унинг шарти.

* * *

Хизмат бўлмаса, ҳадя ҳам келмас эди

Абу Ҳумайд Ас-Соидийдан ривоят. У киши айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Сулаймнинг садақаларини йиғишга Ибн Лутбийя деган бир одамни хизматга тайинладилар. У одам келганда ундан ҳисоб сўрадилар. У деди: «Мана бу сизларнинг молингиз. Мана буниси менга ҳадя бўлди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Унда – агар рост айтаётган бўлсанг – отангнинг ва онангнинг уйида ўтирсанг бўлмасмиди, то ҳадянг ўзи келгунча?!» Кейин Расулуллоҳ бизга хутба қилдилар – Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг айтдилар: «Аммо баъд. Мен сизлардан бир инсонни Аллоҳ менга топширган бир хизматга тайинлайман. У бўлса менинг олдимга келиб: «Бу сизларнинг молингиз, мана бу эса менга ҳадя қилинди», деб айтади. Ундай бўлса то ҳадяси келгунча отасининг ва онасининг уйида ўтирса бўлмасмиди?! Аллоҳга қасамки, сизлардан биронта одам бир нарсани ноҳақ равишда олар экан, Қиёмат куни Аллоҳга ўша нарсани кўтарган ҳолда рўпара бўлади…» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Исламвеб саҳифасининг фатвосида хизматчига ҳадя берилиш сабаби таъкидлаб кўрсатилади:

«Ушбу хизматчи учун ўзи муомала қиладиган одамлар берадиган нарсани олиш жоиз эмас. Чунки агар бу одам шуғулланаётган вазифа бўлмаганда унга бирор нарса ҳадя қилинмаган ва бирор маблағ ҳам берилмаган бўлур эди…  (islamweb/8321)

Ҳадя беришни суиистеъмол қилиш

«Бас, ҳадядан мақсад қалбларни мойил қилишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир-бирингизга ҳадя берингиз – ораларингизда муҳаббат пайдо бўлади». Бу ҳадисни имом Молик Муваттода ривоят қилган. Шубҳасиз, ҳадя қилган одам ҳадя олган одамнинг назарида эътиборга сазовор кишига айланади. Бу одамлар табиатида Аллоҳ яратган хулқдир…  (islamweb/28968)

Бир-бирига холис ҳадя бериш одамларни ўзаро яқинлаштирадиган солиҳ амаллардан экан, айрим одамлар бу ишни суиистеъмол қилади. Ҳадянинг таъсир кучини ўзининг тор ва ёмон мақсадига бурмоқчи бўлади. Шу туфайли хизматчиларнинг ўз вазифаларини бажариш асносида ҳадя олишлари тақиқланади.

«Бу ҳукм вазифаси омма билан муомала қилишдан иборат бўлган ҳар қандай хизматчи учун жиддий аҳамиятга эга. Чунки ўша ҳадяларни қабул қилиш уни ҳадя берган одам томонга оғиши ва бирор нарса бермаган одамнинг ҳақини камситиши учун кучли омилдир». (islamweb/8321)

Истисноли ҳолат ва унинг шарти

Исламвеб саҳифасининг фатвосида хизматчининг ҳадя олиши мумкин бўлган истисноли ҳолат ҳам баён қилинган:

«Бинобарин, сизга бу ҳадяни олиш жоиз бўлмайди. Илло агар ширкат раҳбарини ёки масъул мудирни бу ҳақда хабардор қилсангизу у сизга рухсат берса, олишингиз жоиз». (islamweb/28968)

Маълумки, муассаса раҳбари ўз ташкилотининг обрўсини сақлашга ҳаммадан кўра кўпроқ эътибор беради. Хизматчининг қандай ўринда ҳадя олиши унинг ташкилоти шаънига салбий таъсир кўрсатмаслигини у яхшироқ билади. Аммо раҳбарнинг рухсати билан ҳадя олишнинг жоизлиги учун бир шарт мавжуд бўлиши лозим, деб ўйлаймиз. Бу шарт раҳбарнинг ўзи порахўр бўлмаслигидир. Чунки порахўр раҳбар қўл остидагиларни ҳам пора олишга ва беришга ўргатади. Бундай пайтда хизматчининг ҳадя олиш ҳақида рухсат сўраши пора олиш учун рухсат сўраш, деган гап. Шариатда пора олиш ва бериш ҳаромдир.