Одамнинг ичига жин кириш эҳтимоли ва жиндан сақланиш йўллари
Савол: Ҳурматли Қори ака, биз бир масала ҳақида тушунмай қолдик. Одамнинг ичига жин кириши саҳиҳми? Мана шу масала ҳақида Китоб ва суннатда, фатво олимлари нима деганлар? Илтимос қори ака мана шу масаланинг жавобини тезроқ хал қилиб берсангиз. Аллоҳ ажр берсин. Динимиз учун қилаётган меҳнатларингизни Аллоҳ Ўзининг жаннатлари билан мукофотласин.
Абу Муҳаммад.
Жавоб: Жиннинг инсон танасига киришини баъзи олимлар инкор этадилар. Аммо кўпчилик уламолар бу ҳодисанинг воқеликда мавжуд эканини ва Шариат буни тасдиқлашини айтишган.
Жин инсонга кириши мумкинлигининг далили
Ярамас жинлар инсон ичига кириб олиши мумкин, деган уламолар ўз сўзларига далил сифатида Усмон бин Абил-Оснинг ҳадисини келтиришган.
عن عثمان بن أبي العاص يقول : شكوت إلى رسول الله صلى الله عليه وسلم نسيان القرآن ، فضرب صدري بيده فقال : يا شيطان أخرج من صدر عثمان ! قال عثمان : فما نسيت منه شيئا بعد ؛ أحببت أن أذكره . . أخرجه الطبراني في المعجم الكبير ، ( وإسناده حسن ) .
Усмон бин Абил-Осдан ривоят. У киши айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Қуръонни эсдан чиқариб қўйяётганим ҳақида шикоят қилдим. Шунда у зот қўллари билан кўкрагимга уриб дедилар: «Эй шайтон, Усмоннинг кўкрагидан чиқ!» Усмон деди: «Шундан сўнг мен Қуръондан ҳеч нарсани эсимдан чиқармадим. Уни зикр қилишни яхши кўриб қолдим». (Табароний, Ал-Муъжамулкабир).
Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни тадқиқ қилар экан, жин инсон танасига кириши мумкин, деб хулоса қилган.
وفي الحديث دلالة صريحة على أن الشيطان قد يتلبس الإنسان ويدخل فيه ولو كان مؤمنا صالحا ، وفي ذلك أحاديث كثيرة…
«Бу ҳадисда шайтон инсонга – ҳатто у холис мўмин бўлса ҳам – гоҳо ёпишиши ва унинг ичига кириши мумкинлигига очиқ далил бор». (ahlalhdeeth.com)
Жинлардан ҳимояланишнинг ўн хил йўли
Уламолар мусулмонлар учун шайтонлар, яъни ярамас жинларнинг ёмонлигидан ҳимояланишнинг ўн хил йўлини кўрсатишган.
- «Аузу биллоҳ»ни айтиш;
- Икки «Қул аузу» сурасини ўқиш;
- Оятулкурсийни ўқиш;
- Бақара сурасини тиловат қилиш;
- Бақара сурасининг охирини ўқиш;
- Ғофир (Мўъмин) сурасини тиловат қилиш;
- » لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ ، وَهُوَ عَلَى كُل شَيْءٍ قَدِيرٌ » дуосини 100 марта ўқиш
- Аллоҳнинг зикрини кўп айтиш;
- Таҳорат олиб юриш;
- Кўзни, тилни, қоринни ва танани ҳимоялаш. Бу ерда кераксиз назар, беҳуда сўз, ортиқча овқат, ножинс одамлар билан аралашиш назарда тутилади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийятул-кувайтиядан (16/95, 96, 97) қисқартириб олинди).