Қуръон оятларини лотин ҳарфлари билан ёзишнинг ҳукми
Савол: Қуръони карим оятларининг транскрипсиясини (яъни лотин ҳарфлари билан) ёзишга рухсат борми? Агар мумкин бўлмаса, намоз ўқишни янги бошловчиларга ёки оят ва дуоларни ёдламоқчи бўлган баъзи одамларга қийин бўлади-ку? Шуни бизга тушунтириб берсангиз, илтимос. Аллоҳ сизни ўз паноҳида асрасин.
Америкадан М.
Жавоб: Аллоҳ таолодан Қуръони каримни ва намоз ўқишни ўрганаётганлар ва ўргатаётганларга улкан ажрлар ато қилишини сўраймиз.
Қуръон оятларини бошқа ҳарфлар билан ёзиш ҳақидаги фатволар, ҳамда Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш йўлида тўпланган минг йилдан ошиқ тажрибалар билан танишар эканмиз, бу ишнинг жоиз эмаслигини кўрамиз.
Қуйида Қуръон оятларини бошқа алифбода ёзишнинг ҳукми ҳақида Исламвеб саҳифасида эълон қилинган бир фатвони келтирамиз.
«Қуръонни араб ҳарфларидан бошқаси билан ёзиш жоиз эмас. Чунки тўрт мазҳаб аҳлининг уламолари расми усмонийни сақлаш вожиб эканига иттифоқ қилганлар. Молик раҳимаҳуллоҳдан: «Мусҳафни одамлар пайдо қилган ҳижо билан ёзиш мумкинми?» деб сўралган. Шунда у киши: «Йўқ, фақат биринчи ёзишдаги каби ёзилади», деб айтган.
Ал-Азҳар фатво қўмитаси Қуръонни лотин ҳарфлари билан ёзиш ҳақида сўралганда Аллоҳга ҳамд ва Унинг Расулига салоту саломдан сўнг мана бундай жавоб берган: «Шубҳасиз, ҳаммага танилган лотин ҳарфлари араб ҳарфларига мувофиқ қеладиган бир неча товушлардан холидир. Шундай экан, лотин ҳарфлари араб ҳарфлари адо этадиган барча товушларни адо эта олмайди. Бас, агар Қуръони карим саволда сўралганидек лотин ҳарфлари билан арабча лафзларда ёзилса, Қуръон талаффузида албатта нуқсон ва бузилиш рўй беради. Бундан ўз навбатида маъно ўзгариши ва бузилиши келиб чиқади. Шариат қоидаларининг ҳукми шуки, Қуръони каримни ўзгартириш ва бузишга сабаб бўладиган ҳар қандай нарсадан ҳимоялаш лозим. Ислом уламолари аввалда ҳам, кейинда ҳам шунга иттифоқ қилганларки, Қуръони каримнинг лафзини бузишга ёки маъносини ўзгартиришга олиб борадиган ҳар қандай ҳаракат сўзсиз тақиқланади ва у қатъиян ҳаромдир. Саҳобалар – уларга Аллоҳнинг розилиги муяссар бўлсин – ва улардан кейин то бизнинг кунимизгача ўтган мусулмонлар Қуръонни араб ҳарфлари билан ёзишга қатъий амал қилиб келганлар».
Шайх Муҳаммад Рашид Ризо ўзининг «Манор» тафсирида айтган: «… Агар Исломга кирган ажамлик одамнинг тили محمد калимасини айта олмасдан مهمد деса, خاتم النبيين лафзини كاتم النبيين деб айтса, унга вожиб бўлган иш шуки, тилини то тўғрилангунча машқ қилиши керак. Агар биз унга юқоридаги каби калималарни ўзининг тилида ёзиб берсак ва у ўзининг тилида ўқийверса, унинг тили дунё тугагунча ҳам тузалмайди. Агар мусулмонлар румликларга, форсларга, қибтийларга, барбарларга, фарангларга ва Исломга кирган бошқа халқларга тиллари келишмайди, деб, бу ишга рухсат берсалар, бугун бизда Қуръоннинг турли-туман хиллари кўпайиб кетган бўлар, ҳар бир мусулмон халқнинг бошқа ҳалқлар тушунмайдиган қуръони бўлган бўлар эди. Мана шундан билиш лозимки, Қуръонни араб ҳарфларидан бошқа ҳарфлар билан ёзиш – агар ўша тилнинг ҳарфлари араб ҳарфларини ўз ичига олса ҳам – жоиз эмас. Чунки Қуръон нозил бўлган, Абу Бакр ва Усмон разияллоҳу анҳумо даврларида жамланган пайтдан бери араб ҳарфлари билан ёзиб келинади. Тобеинлар ва улардан кейин то бизнинг асримизгача бўлган уламолар ажамлар мавжуд бўлишига қарамасдан шу тартибга ижмо қилганлар. Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида, у зотнинг халифалари ва саҳобалари разияллоҳу анҳум даврларида бўлган қоидага амал қилган ҳолда, умматнинг ижмосига амал қилган ҳолда мазкур тартибни сақлаш вожибдир. Бундан ташқари агар бу эшик очилса, вақтлар ўтиши билан аввалги китобларда бўлганидек, Қуръонни ҳам ўзгартириб юборилиш хавфидан хотиржам бўлиш мумкин эмас. Бас, Исломни асл ҳолида сақлаш, фасод ва ёмонлик йўлларини тўсиш учун бундай ишни ман этиш вожиб бўлади…» (islamweb/32300)
Барча мусулмонларга мустаҳкам иймон ва солиҳ амаллар тилаймиз. Намоз ўқишни энди бошлаётган одамлар учун ёрдам бўладиган услублар ҳақида иншоаллоҳ кейинги суҳбатда тўхталамиз.