Зинодан бўлган боланинг насаби кимга боғланади?

Муҳамад Алининг саволида бир йигит билан қизнинг беникоҳ алоқада бўлгани, сўнг у қиз ўғил фарзанд кўргани, энди йигитнинг ота-онаси у қизни фарзанди билан қабул қилишга рози бўлмаётгани ҳақида айтилган эди.

Жавоб:

  • «Валади зино»нинг ҳуқуқлари;
  • Исломда насабнинг аҳамияти;
  • Никоҳли аёлдан беникоҳ туғилган боланинг насаби;
  • Эркак болани инкор қилса …
  • Низоли ҳолатда насаб она томонда;
  • «Насаби онасидан» дейилишининг сабаби;
  • Муқобил ижтиҳод;
  • «Насаби отадан», дегувчиларнинг далиллари.

«Валади зино»нинг ҳуқуқлари

Зинонинг касофатларидан бири шуки, бу ишнинг салбий оқибатлари бегуноҳ болаларнинг ҳаёти ва келажагига чанг солади. Қадим замонлардан бери одамларнинг никоҳсиз туғилган болага шумланиб ёки гумонсираб қарашлари маълум. Ҳатто бундай боланинг қариндошлари ҳам умидсизлик ва ёмон гумонларга таслим бўлиб, болага меҳр бермайдилар, унинг тарбияси билан жиддий шуғулланмайдилар. Боланинг келажаги яхши бўлмаслигига ўзлари сабаб бўлиб қолишади.  Бундай иш боланинг ҳаққига хиёнат бўлади.

Китобларда «валади зино» номи билан таърифланадиган фарзанднинг ҳуқуқлари бошқа болалардан фарқ қилмаслиги баён қилинган. У ҳеч қачон ота-онасининг гуноҳи учун жавобгар эмас. Чунки Аллоҳ таоло айтади:

وَلاَ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَى (النجم 38 ).

«Ҳеч бир кимса бошқа бировнинг гуноҳини кўтарувчи эмас». (Нажм, 38)

إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ  (الحجرات 13).

«Аллоҳ ҳузурида энг ҳурматли бўладиганингиз сизларнинг энг тақволи бўлганингиздир». (Ҳужурот, 13).

Тарихда беникоҳ туғилган аммо солиҳ инсон бўлиб етишган, ҳаётда яхши ном қолдириб ўтган одамлар бўлган. Бундай кишиларнинг жаннатга кириши умид этилади.

Аммо ҳар бир шахс ва ҳодисанинг ўзига тегишли ўрни ва ҳукми борки, улар бир-бирига тўсқинлик қилиши керак эмас. Бу боланинг ҳуқуқи бўлгани каби бошқаларнинг ҳам ҳуқуқи бор. Улар ҳам бузилиши мумкин эмас.

Исломда насабнинг аҳамияти

Исломда инсонларнинг насл-насаблари жиддий аҳамиятга молик бўлган масаладир. Чунки насаб устига жуда кўп ҳукмлар бино бўлади. Нафақа, тарбия, маҳрамлик, гувоҳлик, қасос, мерос ва ҳоказо ишларда насаб биринчи ўринда туради. Шунинг учун Ислом инсон насабини муҳофаза қилишга қатъий буюради. Қиёмат аломатларидан бири насаб йўқолишидир. Шунга кўра зинодан бўлган боланинг насаби ҳақида бир қатор қоидалар мавжуд. Улар билан танишган одам ахлоқан бузуқликнинг касри инсон ҳаётига қанчалар ёмон таъсир кўрсатишини чуқурроқ англайди.

Беникоҳ туғилган боланинг насаби у туғилган вазият ва шароитга қараб белгиланади. Ношаръий дунёга келган боланинг вазияти икки ҳолатдан бирида бўлади. У кимнингдир никоҳида бўлган аёлдан ёки ҳеч кимнинг никоҳида бўлмаган аёлдан туғилиши мумкин.

Никоҳдаги аёлдан беникоҳ туғилган  боланинг насаби

СаҳиҳулБухорийда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига икки инсон келиб, жоҳилият даврида беникоҳ туғилгани даъво қилинган бир болани талашадилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ اخْتَصَمَ سَعْدُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ وَعَبْدُ بْنُ زَمْعَةَ فِي غُلَامٍ فَقَالَ سَعْدٌ هَذَا يَا رَسُولَ اللَّهِ ابْنُ أَخِي عُتْبَةُ بْنُ أَبِي وَقَّاصٍ عَهِدَ إِلَيَّ أَنَّهُ ابْنُهُ انْظُرْ إِلَى شَبَهِهِ وَقَالَ عَبْدُ بْنُ زَمْعَةَ هَذَا أَخِي يَا رَسُولَ اللَّهِ وُلِدَ عَلَى فِرَاشِ أَبِي مِنْ وَلِيدَتِهِ فَنَظَرَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِلَى شَبَهِهِ فَرَأَى شَبَهًا بَيِّنًا بِعُتْبَةَ فَقَالَ هُوَ لَكَ يَا عَبْدُ بْنَ زَمْعَةَ الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ وَاحْتَجِبِي مِنْهُ يَا سَوْدَةُ بِنْتَ زَمْعَةَ فَلَمْ تَرَهُ سَوْدَةُ قَطُّ. (رواه البخاري).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Саъд бин Аби Ваққос билан Абд бин Замъа бир бола хусусида талашиб қолди. Саъд деди: «Эй Расулуллоҳ, бу бола менинг акам Утба бин Аби Ваққоснинг ўғли. Акам менга бу болани ўзининг ўғли эканини тайинлаган. Қаранг, бу боланинг (акамга) ўхшашлигини». Абд бин Замъа деди: «Эй Расулуллоҳ, бу бола менинг укам бўлади отамнинг чўриси тўшагида туғилган!» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болага қараб, унинг Утбага очиқойдин ўхшаб турганини кўрдилар ва «Бу сеники, эй Абд бин Замъа. Бола тўшак эгасиники, бузуқига тош. Эй Савда бинт Замъа бундан ўзингни тўс», – дедилар. Шундан кейин Савда уни умуман кўрмади». (Бухорий).

Ҳадисда келган «Бола тўшак эгасига, бузуқига тош», деган ибора ҳадис ва фиқҳ олимлари томонидан бир-бирига яқин турли хил иборалар билан шарҳланган ва бу ибора боланинг насаби масаласида асосий ҳужжатга айланган. 

Ибн Ҳажар: «Тўшак жимога ишорадир… «Бола тўшакники», дейилгани тўшакни босадиган одамники, деганидир. Очиқ гапиришдан ҳаё қилинадиган нарсаларга ишора билан кифояланиш Қуръон ва Суннатда кўп учрайди». (Фатҳул Борий).

Демак, бу иборадан кўзланган маъно шуки, агар ношаръий вужудга келган бола никоҳи бор озод аёлдан туғилган бўлса, шу аёл билан  никоҳда турган эркак боланинг расман отаси саналади. Агар бола чўри аёлдан туғилса, боланинг насаби чўрининг хўжайинига боғланади.

Агар никоҳдаги эр болани инкор қилса-чи?

Эркак болани инкор қилса …

Агар аёлнинг эри болани ўзидан бўлганини инкор қилса, аёлни зино қилганликда айблаган бўлади. Ўз аёлини зинода айблаган эркак ўзинг даъвосига шариат белгилаган меъёрларга мувофиқ гувоҳлар келтириши шарт. Бир инсонни шубҳа-гумонлар билан ёмон отлиқ қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Агар аёлнинг хиёнат қилганини аниқ билсаю гувоҳ келтира олмаса, Қуръон кўрсатмасига биноан эр-хотин беш мартадан қасам ичиб, ўзларининг ҳақ эканликларини баён қиладилар («мулоана»). Шундан кейин эр-хотин ажралиб кетадилар, боланинг насаби отадан буткул узилиб, онанинг ўзига боғланади. 

Низоли ҳолатда насаб она томонда

Бадоеъ-ас-саноеъ китобида ёзилади: «Агар бир одам бир аёл билан зино қилса ва у аёл туғса, зинокор: «Бола меники» деб даъво қилса, тўшак (никоҳ) мавжуд бўлмагани сабабли насаб жорий бўлмайди». (Бадоеъ-ас-саноеъ, 6/242).

Ибн Баттол: «Бунинг маъноси зинокорнинг болада ҳеч қандай ҳақи йўқ ва боланинг насаби ҳам унга боғланмайди. Араблар ўзининг хақи бўлмаган нарсани талаб қилган одамга: «Оғзингга тош», деб айтади».

Чунки ҳадисда бола Утбадан бўлгани маълум бўлиб турган бўлса ҳам Расулуллоҳ Утбани боладан маҳрум қилдилар. Чунки Утба Замъанинг чўриси билан ҳаром алоқа қилган. Бола бошқа хонадонда туғилган. Жоҳилият одамлари ҳаромдан ва хиёнаткорона бўлса ҳам ўғилга эга бўлиб олишни ўзлари учун шараф, ютуқ ва куч-қувват воситаси, деб билар эдилар. Ислом уларнинг бу ноҳақ тасаввурларини синдириб, зинокорни ўз номи билан атади ва унга муносиб хитобни йўллади: «Бузуқига тош!» Бунинг маъноси, фаҳш ишни қилган одамга у ўйлагандек ютуқ ва куч-қудрат эмас, балки мағлубият, маҳрумлик ва хорлик муносибдир.

«Насаби онасидан» дейилишининг сабаби

اتَّفَقَ الْفُقَهَاءُ عَلَى أَنَّ وَلَدَ الزِّنَى يَثْبُتُ نَسَبُهُ مِنْ أُمِّهِ الَّتِي وَلَدَتْهُ .أَمَّا نَسَبُهُ مِنَ الزَّانِي : فَالْجُمْهُورُ ( الْحَنَفِيَّةُ وَالْمَالِكِيَّةُ وَالشَّافِعِيَّةُ وَالْحَنَابِلَةُ ) يَرَوْنَ عَدَمَ ثُبُوتِ نَسَبِهِ مِنْهُ ، وَاسْتَدَلُّوا بِقَوْل النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ سَلَّمَ : الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ (1) . وَلأَِنَّهُ لاَ يَلْحَقُ بِهِ إِذَا لَمْ يَسْتَلْحِقْهُ فَلَمْ يَلْحَقْ بِهِ بِحَالٍ – (45 / 222).

Ал-мавсуатул-фиқҳийя: «Фуқаҳолар валади зинонинг насаби уни туққан онасининг насабидан эканига иттифоқдирлар. Ҳанафий, моликий, шофеий ва ҳанбалийларнинг барчалари боланинг зинокор эркак насабидан, деб тасдиқ қилинмаслигини айтишган. Улар бу сўзга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ деган ҳадисларини ҳужжат қилганлар. Чунки агар зинокор: «Бу бола мендан», деб, даъво қилмаса бола унга ўз-ўзидан боғланиб қолмайди. Демак, ҳеч қандай ҳолатда бола унга нисбат берилмайди».  (45/222). 

Зинодан бўлган боланинг насаби эркакка эмас, онага берилади, дейилиши сабабларидан бири шуки, одатда болани ким, қачон туққани ўз-ўзидан ва дарров маълум бўлади. Боланинг онасини текширишга, исботлашга ҳожат бўлмайди. Уламолар доялик қилган аёлнинг гувоҳлиги билан насаб исбот бўлади дейишган. Аммо боланинг отасини исботлаш масаласи ҳар доим савол остида туради. Чунки отасини аниқлаш, дегани бу жиноят ва жазо, ор-номус ва шармандалик билан боғлиқ мураккаб жараён. Шу сабаб ҳаётда никоҳсиз болалар онаси билан қолади ва одамлар орасида онаси билан танилади. Отаси эса орланиб, ўзини яширади ва номаълум қолади. Одамлар оғзида фақат миш-мишлар юради. Бордию отасидан сўралганда ҳам у тонади. Бундан ташқари бу ҳукмда зинокорнинг суви эгасининг пасткашлиги туфайли қадр-қиммати йўқ, паст, ташландиқ сифатида эътиборсиз қолдирилади, деган маъно ҳам бор.

Насаби боғланмаган одамлар бир-бирига меросхўр бўла олмайди, нафақалар соқит бўлади. Аммо ҳанафий уламолар насаби эътироф этилмаган ота-бола орасида мерос ва нафақадан бошқа ҳукмлар жорий этилади, дейишган. Масалан, агар беникоҳ туғилган фарзанд қиз бўлса, зинокор у қизга уйланиши мумкин эмас.

وَإِنْ كَانَ مَقْطُوعَ النَّسَبِ عَنْ أَبِيهِ حَتَّى لَا يَرِثَهُ فَقَدْ صَرَّحُوا عِنْدَنَا بِأَنَّ بِنْتَه مِنْ الزِّنَا لَا تَحِلُّ لَهُ ، وَبِأَنَّهُ لَا يَدْفَعُ زَكَاتَهُ لِابْنِهِ مِنْ الزِّنَا ، وَلَا تُقْبَلُ شَهَادَتُهُ لَهُ. (رد المحتار – (10 / 323).

 «Агар мерос олмасин учун отасидан насаби кесилган бўлса ҳам бизнинг мазҳабимизда зинодан бўлган қиз зинокор отага ҳалол бўлмайди». (Раддул-муҳтор, 10/323).

Муқобил ижтиҳод

Никоҳсиз туғилган боланинг насаби ҳақида уламолар ўрталарида юқорида келтирилган ҳукмга муқобил ижтиҳод ҳам борки, ундан ҳам бохабар бўлишимиз фойдадан холи бўлмайди.

وَقَال الْحَسَنُ وَابْنُ سِيرِينَ : يَلْحَقُ الْوَاطِئَ إِذَا أُقِيمَ عَلَيْهِ الْحَدُّ وَيَرِثُهُ ، وَقَال إِبْرَاهِيمُ : يَلْحَقُهُ إِذَا جُلِدَ الْحَدَّ أَوْ مَلَكَ الْمَوْطُوءَةَ ، وَقَال إِسْحَاقُ : يَلْحَقُهُ ، وَذَكَرَ عَنْ عُرْوَةَ وَسُلَيْمَانَ بْنِ يَسَارٍ نَحْوَهُ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – (45 / 222).

«Ҳасан ва Ибн Сийрин: «Агар зинокорга «ҳад» қоим қилинса, боланинг насаби унга боғланади ва бола меросхўр бўлади», деб айтишган. Бу сўз Иброҳим, Исҳоқ, Урва ва Сулаймон бин Ясордан ҳам ривоят қилинган. (Ал-мавсуатул-фиқҳийя, 45/222). 

«Агар зинокорга «ҳад урилса» (жазо берилса), насаб унга боғланади», деган сўз зинокорнинг жинояти фош бўлган, исботланган, ўзи жазоланган, шундан боланинг отаси маълум бўлган, деганидир. Бундай ҳолатда баъзи олимлар боланинг насаби ҳам ота томондан тасдиқланган бўлади, дейишган.

وقال شيخ الإسلام : وأيضا ففي استلحاق الزاني ولده إذا لم تكن المرأة فراشا قولان لأهل العلم , والنبي صلى الله عليه وسلم قال : » الولد للفراش , وللعاهر الحجر » فجعل الولد للفراش ; دون العاهر . فإذا لم تكن المرأة فراشا لم يتناوله الحديث , وعمر ألحق أولادا ولدوا في الجاهلية بآبائهم , وليس هذا موضع بسط هذه المسألة.  (الفتاوى الكبرى 3/178 ).

«Аёл никоҳда («фирош») бўлмаган вазиятда у билан зино қилган одам боласини ўзига нисбат берилишини талаб қилиши хусусида аҳли илмлар орасида икки қавл бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: الْوَلَدُ لِلْفِرَاشِ وَلِلْعَاهِرِ الْحَجَرُ дедилар ва болани бузуқ эркакка эмас, никоҳ соҳибига тайин қилдилар. Демак, агар аёл «фирош» (никоҳли) саналмаса, бу ҳадис унга тегишли бўлмайди. Умар жоҳилиятда туғилган болаларни оталарига боғлар эдилар…» (Ибн Таймия, Фатовойи Кубро, 3/178).

Бир гуруҳ уламоларга кўра бировнинг никоҳида бўлмаган аёлдан туғилган болани у аёл билан зино қилган одам: «мендан» деб даъво қиладиган бўлса ва даъвоси тасдиқланса, рад этилмайди. Улар  الولد للفراش ҳадисини фақат никоҳда бўлган аёлга тааллуқли деб тушунганлар.

Насаб отага боғланади, дегувчиларнинг далиллари

Агар боланинг отаси маълум бўлса, насаб отага собит бўлади, деган олимлар Саҳиҳайнда келган бир неча  ҳадисларни ҳужжат қиладилар. Биз шулардан иккитасини келтирамиз.

1. Журайж ҳақидаги ҳадис. Бу ҳадисда Бану Исроилдан бўлган бир фоҳиша аёл зинодан туғилган боласини Журайж исмли роҳибга нисбат бериб туҳмат қилгани, одамлар бу туҳматга ишониб, ғазабга тушганлари, Журайжнинг ибодатхонасини бузиб, ўзини калтаклаганлари, шундан кейин Журайж таҳорат олиб икки ракъат намоз ўқигани, сўнг отаси номаълум боланинг қорнига бармоғини тираб туриб: «Эй бола, сенинг отанг ким?» деб сўрагани ҳикоя қилинади. Ўшанда бола: «Фалончи қўйчивон», деб жавоб беради. Расулуллоҳ бу ҳадисни Журайжнинг каромати ва мақтови ўрнида ҳикоя қилганлар. Ибн Қаййим шу ҳадисни келтириб: «Болани гапиртириш Аллоҳдан ва унда ёлғон бўлиши мумкин эмас», дейдилар. Яъни бу ерда боланинг зинокор отаси эътироф этилаяпти.

2. Аёлини хиёнатда айблаган одам ҳақидаги ҳадис. Бу ҳадисда бир киши ҳомиладор аёли билан жанжаллашиб, Расулуллоҳнинг олдиларига келади. У ўз аёлини хиёнатда айблайди. Аёл инкор қилади. Шунда Расулуллоҳ «мулоана» қилдириб ҳар иккисига қасам ичдирадилар, сўнг айтадилар: «Агар бола фалон-фалон сифатли бўлиб туғилса, у гумон қилинган одамники бўлади. Агар фалон-фалон сифатли бўлиб туғилса, эриники бўлади». Орадан вақт ўтиб, бола гумон қилинган одам каби туғилади. Шунда Расулуллоҳ айтадилар: «Агар ўртада қасам бўлмаганда эди….»  

Яъни агар аёл қасам билан ўзини ҳимоя қилмаганда эди, қилган жинояти учун жазога лойиқ бўларди. Аммо у Аллоҳ номи билан беш марта қасам ичиб ўзини оқлади. Аллоҳ номи билан ичилган қасамнинг ҳурматидан унинг иши Аллоҳга ҳавола қилинади. 

Бу ҳадисларда бола кимнинг сувидан пайдо бўлганига эътибор қаратилган. 

Ҳозирги замон уламоларидан шайх Қарзовий ва яна баъзи олимлар агар никоҳсиз боланинг отаси маълум бўлса ва уни эътироф этишга шаръий монеълик бўлмаса, насаби отасига боғланиши жоиз, дейишади.

 جاء عن عَدَد من فقهاء السلف: عروة بن الزبير، والحسن البصري، وإسحاق بن راهويه، وغيرهم، أنهم أجازوا استلحاق ولد الزنى إذا لم يكن فراش، أي لم تكن المرأة متزوجة ـ بأن لم تتزوج قَطُّ، أو كانت مُطلَّقة، أو أرملة ـ وادَّعى مُدَّعٍ أن هذا ولده، جاز أن يُستلْحَق ولد الزنى، ورَجَّح هذا شيخ الإسلام ابن تيمية وتلميذه ابن القيم.

Юсуф Қарзовий:«Бир неча салаф фуқаҳоларидан: Урва ибн Зубайр, Ҳасани Басрий, Исҳоқ бин Роҳвайҳ ва бошқалардан агар аёл бировнинг никоҳида бўлмаса, яъни ҳали турмушга чиқмаган ёки талоқ қилинган ёки эри ўлган бўлса, бир одам: «Бола мендан» деб даъво қилса, «валади зино» отасига нисбат берилиши жоиз. Бу қавлни Шайхулислом Ибн Таймия ва у кишининг шогирдлари Ибнул-Қаййим тўғри, деб билишган».

Бу қавлдан кўзланган мақсад шуки, боланинг дунёга келишига сабаб бўлган ота агар чин тавба қилар экан, Аллоҳ ҳузурида жавоб беришини ўйлаб, боладан воз кеча олмайди. Агар боланинг келажаги яхши бўлмай у ҳам гуноҳ йўлига кирса, уни дунёга келишига сабаб бўлган зинокор ота-онаси, ота-онасининг бефарқ ота-оналари ва қариндошлари гуноҳга ботишади. Улар бу бола кўзимизга кўринмасин, деб ўзларидан ҳар қанча узоқ қилмасинлар, барибир у туфайли бўладиган қатор гуноҳларни ўзларидан узоқ қила олмайдилар. Шундай экан, болага қариндошлиги бўлган инсофли ва виждонли одамлар унинг гуноҳидан қўрқадилар ва болани Ислом ва иймонда тарбия қилишга ҳаракат қиладилар.

Саволда сўралган боланинг масаласида шуни таъкидлаймизки, биз йигит, қиз ва боланинг яшаб турган муҳит ва шарт-шароитларни билмаймиз. Бинобарин, уларнинг ҳолати юқорида зикр этилган ҳукмлардан қай бирига кўпроқ тўғри келишини айта олмаймиз. Энг муҳими – болани шахсан ким ўз тарбиясига олиши лозим ёки афзал экани бизга қоронғу. Шунинг учун бу масалани йигит, қиз ва бола яшаётган муҳитдан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиниши тўғри бўлади. Масалага алоқадор шахслар ўзлари яшаётган шаҳар ёки минтақанинг уламоларига, оқил инсонларга мурожаат қилсинлар. Ҳукм чиқарадиган одам масъулият ҳис қилиши, фатво беришдан аввал воқеани, мавзуни ва шароитни атрофлича ўрганиб чиқиши лозим.

Аллоҳ барчамизни Ўз ҳидоятига бошласин. Ҳаром ишлардан узоқ бўлишимизни, қилган хато ва гуноҳларимизга чин дилдан тавба қилишни, аниқ ўлчаб берилган умрни ғанимат билишни, Аллоҳга чиройли ибодат билан, фақат солиҳ амаллар билан ўтишни, бир-бирмизга яхши муомалада бўлишни муяссар айласин. Фарзандларимизга ҳам покиза, исломий ҳаёт насиб айлаб, ҳаммаларининг бахтларини бутун қилсин.