Зинокорнинг оила қуриши масаласи
Савол: Мен бу саволни ёзишимдан мақсад бир биродар укам ёшлик қилиб ёқтирган қизи билан беникоҳ яқин алоқада бўлиб қўйган экан. Ойлар ўтиб у қиз ўғил фарзанд кўрибди. Энди фарзанд кўргандан кейин нима қилишини билмаяпти. Боланинг ота-онаси у қизни фарзанди билан қабул қилишга рози эмас. Шунга нима қилишга ақли етмаяпти. Батафсил жавоб берсангиз, илтимос. Олдиндан раҳмат.
Мухаммад Али.
Жавоб: Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун. Аллоҳ омматан барчамизни, хоссатан ёшларимизни бундай ифлос йўлдан узоқ қилсин.
Ислом динимиз инсонларни ҳалол йўл билан оила қуришга тарғиб қилади. Чунки оилали бўлиш инсоннинг жинсий истакларини тўғри бошқаришга, фарзанд тарбиясини чиройли адо этадиган жуфтлар пайдо бўлишига асос яратади. Дунёга келадиган авлодларимизнинг обрў, шараф ва ҳуқуқлари муҳофаза этилиши ҳам, уларнинг бахтлари бутун бўлиши ҳам шаръий никоҳлар воситаси билан амалга ошади. Зино эса мана шу улуғ мақсадларга элтадиган покиза йўлни булғаш ва бузишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонларни зинога яқинлашмасликка буюради.
وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا. (الإسراء، 32).
«Зинога яқинлашмангиз. У шубҳасиз, энг хунук фаҳш иш ва энг ёмон йўлдир». (Исро, 32).
Маълумки, бир ишни «Қилма!» дейишдан кўра «Унга яқинлашма!» дейиш таъкидлироқ ва кучлироқ бўлади.
Зино қадим замонлардан бери ҳамма халқларда ҳам энг ёмон амал сифатида танилган. Ислом келгандан сўнг Аллоҳ одамларни бу гуноҳдан огоҳлантириб, уни ширк, одам ўлдириш билан бир қаторда зикр қилган. Аллоҳ Ўзининг яхши кўрган бандалари таърифида бундай дейди:
وَالَّذِينَ لَا يَدْعُونَ مَعَ اللَّهِ إِلَهًا آخَرَ وَلَا يَقْتُلُونَ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ وَلَا يَزْنُونَ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَلِكَ يَلْقَ أَثَامًا يُضَاعَفْ لَهُ الْعَذَابُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَيَخْلُدْ فِيهِ مُهَانًا إِلَّا مَنْ تَابَ وَآمَنَ وَعَمِلَ عَمَلًا صَالِحًا فَأُولَئِكَ يُبَدِّلُ اللَّهُ سَيِّئَاتِهِمْ حَسَنَاتٍ وَكَانَ اللَّهُ غَفُورًا رَحِيمًا. (الفرقان: 68 – 70).
«Улар Аллоҳ билан бирга бошқа худога ибодат қилмайдилар, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар ва зино қилмайдилар…»
Оятнинг давомида кимки, шу ишларни қилсаю тавба қилмай, иймон келтирмай, солиҳ амаллар қилмай ўлса, Қиёмат куни унинг азоби орттирилган ҳолда ва доимий равишда берилишини баён қилган.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
عن عائشة رضي الله عنها أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا أمة محمد ما أحد أغير من الله أن يرى عبده أو أمته تزني يا أمة محمد لو تعلمون ما أعلم لضحكتم قليلا ولبكيتم كثيرا. (رواه البخاري).
«Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳ бандаси ёки чўрисини зино қилаётганини кўрган пайт ундан кўра рашклироқ бирон кимса йўқдир. Эй Муҳаммад уммати, агар сизлар мен билган нарсаларни билганингизда эди жуда оз кулиб, кўп йиғлаган бўлур эдингиз». (Бухорий).
Зинонинг қанчалик ёмон иш экани Қуръон ва Суннатда унга белгиланган жазонинг қай даражада оғир эканидан ҳам билинади. Бундан ҳам ёмони Охиратдаги азобдир.
Энди зино қилган одамнинг оила қуриши масаласига келсак, бу ўринда Нур сурасининг аввалида келган оятни эсламай ўтиб бўлмайди:
Аллоҳ таоло Нур сурасида зинокорни мушрик билан яқинлаштириб қоралаган:
الزَّانِي لَا يَنْكِحُ إِلَّا زَانِيَةً أَوْ مُشْرِكَةً وَالزَّانِيَةُ لَا يَنْكِحُهَا إِلَّا زَانٍ أَوْ مُشْرِكٌ وَحُرِّمَ ذَلِكَ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ. (النور،3)
«Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрика аёлга никоҳланади. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик кимса уйланади. Бу иш мўминлар учун ҳаром қилинган». (Нур, 3).
Машҳур муфассир Олусий раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида ёзадилар: «Бу оятда зинокорнинг ишини қаттиқ қораланади. Зинокор зинога рози бўлган экан, энди у покиза мўмина аёлга уйланишга лойиқ эмас… У фақат зинокор аёлга уйланишга лойиқ, чунки унинг тенги зинокор аёлдир. Ё эса ҳолати бундан ҳам баттарроқ, ишлари бундан–да ёмонроқ бўлган мушрика аёлга уйланишга лойиқ». «Зинокор аёл зинога рози бўлган экан, бу дегани унга зинокорнинг шаҳват ити теккандир. Бундай аёл ўзига ўхшаган зинокордан бошқага никоҳланиши муносиб эмас. Ё эса ундан ҳам ёмонроқ ҳолда бўлган мушрикка эрга тегишга лойиқ. Покиза мусулмоннинг рашк арслони зинокорнинг сарқитига қарашдан орланади. Шерлар итлар теккан сувни ичишдан бош тортади…» (Руҳул-маоний, 18/84).
Мусулмон фарзандларнинг фаҳш ишлардан ҳазар қиладиган бўлишлари учун бу маъноларни ёдда сақлаш муҳимдир.
Бу оятдан олинадиган ҳукмлар борасида уламолар икки хил ижтиҳодни илгари суришади. Бир гуруҳ уламолар зинокор эркак ва зинокор аёлнинг покиза мусулмонлар билан никоҳланиши мумкин эмас, дейишади.
Иккинчи ижтиҳодга кўра бу оят зинони қоралаш маъносида келган ва агар зинокор чин қалбдан тавба қилса, покиза инсон билан никоҳланиши мумкин. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу бу оятдаги никоҳ калимасининг маъноси ақди никоҳ эмас, балки жинсий яқинликдир («ватъ») дейдилар. Бу қавлни илгари сурган олимлар оятни «зинокор эркак фақат бузуқ аёл билан ёки мушрик аёл билан зино қилади, зеро, бу икки тоифанинг табиати бир-бирига мувофиқ келади», деб шарҳлайдилар. (Оят «Сизлардан никоҳсиз юрганларни уйлантириб қўйингиз», ояти билан мансух деган муфассирлар ҳам бор).
«Агар зинокор одам зинодан ростдан тавба қилса, унга покиза, озод аёлларга никоҳланишга рухсат берилади». (Асъад Ҳавмад).
Саволда сўралган вазиятдаги йигит ва қизнинг бу гуноҳдан тавба қилишлари лозим экани таъкидланади. Агар улар рост тавба қилсалар, тавбанинг шартларини бажарсалар, албатта хулқларини тузатиб, солиҳ амалларга одатланадилар. Сўнг уларни бир-бирига никоҳлаб қўйиш тўғри иш бўлади, валлоҳу аълам. Улар Аллоҳга чин иймон билан ибодат қилишга ва ҳалол-поклик билан ҳаёт кечиришга бошласалар, Аллоҳ уларни Ўз мағфиратига сазовор қилади, деб умид этилади.
Ота-оналарнинг бу ишга қаршилик қилишлари тўғри бўлмайди, валлоҳу аълам. Чунки бундай хунук воқеа содир бўлишида уларнинг ҳам ўринлари бўлади. Фарзанд тарбиясига бепарволик ёмон оқибатларга олиб келади.
Агар йигит бу қизга уйланмаса қизга яна ҳам қийин қилади. Қизнинг шаъни булғанган, бунга эса шу йигит сабаб бўлган. Йигит томондагилар агар бу қиздан юз ўгиришса, унда бу йигитни кимга уйлантиришади? Бошқа бир покиза қизгами? У покиза қизга ва унинг ота-онасига йигитни ҳалол-пок ва содда инсон сифатида таништиришадими?.. Бу тўғри бўлмайди.
Саволнинг иккинчи қисми ўртада туғилган бола ҳақида эди. Бу мавзуда иншоаллоҳ кейин тўхталамиз.
Podcast: Play in new window | Download