“Қариндошимнинг қизи зинодан ҳомиладор бўлиб қолди…”

Сизга жуда ҳам муҳим масалада мурожаат қилмоқдаман. Сизнинг йўл-йўриқларингиз, маслаҳатларингизга жуда муҳтожман.

Савол: Менинг амакимнинг аёли асли рус миллатига мансуб. Амаким ҳарбий хизматда юрган пайтларида у билан танишиб қолиб, турмуш қуришган ва Ўзбекистонга олиб келган. Менинг билишимча, келинойим Ислом динини қабул қилган – черковга бормайди. Уларнинг 2 қизлари ва 1 ўғиллари бор. Қизларини бўйи етиб қолган. Ҳозирда биз амаким билан яқин муносабатда эмасмиз. Сабаби – отам билан бирга яшамаймиз. Отам мен туғилганда онам билан ажрашиб кетишган. Менга бола туғадиган келин керак эмас, деб қайноналари ҳайдаб юборган экан. Амаким билан фақат кўчаларда учрашиб қолганда салом-алик қиламиз холос. Отам ҳам бизни туғилганимиздан буён умуман хабар олмаган, гўёки бегонадаймиз. Бир муддат олдин амаким аёли билан ажрашиб, бошқа аёлга уйланди. Аёли эса узоқдаги ота-онасининг ёрдами билан … шаҳридан уй олиб кетиб қолди. Амаким фарзандларидан жуда ҳам кам хабар олади. Уларнинг таълим тарбияси билан машғул бўлмайди. Яқинда биз учун жуда ҳам ташвишли бир ҳодиса содир бўлди. Амакимнинг ўша рус аёлидан бўлган катта қизи, яъни менинг амакиваччам бир оилали йигит билан яқин мулоқотда бўлиб, ундан ҳомиладор бўлиб қолибди. У йигит унга уйланаман, алоҳида уй олиб бераман, деб ваъдалар берганмиш, лекин ҳозирда на ўзини кўрсатаркан ва на телефон қиларкан. Амакиваччам ўзи яхши қиз эди. Мулойим, чаққон қиз эди. Яхши жойларга келин бўладиган эди. Уйига келган совчиларни амаким ёқмади, деб қайтараверган. Натижада кейинчалик совчилар ҳам келмай қўйишган. Қиз қари қиз сифатида қолиб кетган. Ёши 27да. Куни кеча келинойим билан mail agent орқали гаплашиб ўтирганимизда шу гапларни айтиб, роса менга ҳасрат қилди. Қизи шифокорларнинг айтишича, 2012 йил январга кўзи ёрир эмиш, тиббий жиҳозлар ҳомилани ўғил бола, деб айтишибди. Амакиваччамни бирга юрган йигити ҳаттоки сўратиб ҳам олмаган экан, гапни қисқаси никоҳсиз фарзанд туғиладиган бўлиб турибди. Бу ҳолат қизнинг отасига, яъни амакимга айтилган, лекин у «мени бу ишга аралаштирманглар, мени тоқатим йўқ унақа ғалваларга», деб жавоб берган. Келинойим ёлғиз аёл, ўзи ишлаб фарзандларини боқиб юрибди.

Муҳтарам домла! Бизга қандай маслаҳат берасиз? Келинойимни Ўзбекистонда яқин қариндошлари йўқ. Собиқ эри (амаким) улардан умуман хабар олмайди. Мени қўлимдан келадигани фақат маслаҳат бериш холос. Моддий томондан ҳам унга етарлича ёрдам беролмайман. Айтингчи, яқинда туғилажак боланинг ҳукми нима бўлади? Мени ўзимга қандай маслаҳат берасиз? У бола туғилгач қандай амалларни қилишимиз керак? Қулоғига азон ва иқомат айтишни мен ўзим қила оламан. Унинг исмини ким қўяди? У боланинг келгусидаги ҳукми қанақа бўлади? Илтимос, бизга йўл кўрсатинг. Нима қилсак шариатга мос иш қилган бўламиз?

Аллоҳ сизни Ўз паноҳида асрасин. Мусулмонлар учун қилаётган савобли ишларингизда Аллоҳ мададкор бўлсин.

У.

Жавоб: إنا لله وإنا إليه راجعون

Аллоҳ таоло сизга, қариндошларингизга ва ҳаммамизга Ўзининг комил ҳидоятини ато этсин.

Бу содир бўлган мусибатнинг илдизи – бизнинг назаримизда – икки нарсада. Бири – мусулмон бўла туриб, Аллоҳга ибодат қилмаслик, иккинчиси – қариндошлик алоқаларининг узилиши. Сизларнинг олдингизда турган муаммонинг ечими ҳам шу икки камчиликни ислоҳ қилишдан бошланади.

***

  • Қариндошлик иплари Аллоҳга боради;
  • Гуноҳ содир этган қизга нима йўл?
  • «Бола – тўшак эгасига, бузуқига – тош».

***

Қариндошлик иплари Аллоҳга боради

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «… والرحم شجنة من الرحمن، فمن وصلها وصله الله ومن قطعها قطعه الله». (السلسلة الصحيحة – مختصرة – 2 / 594).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «… Қариндошлик («ар-раҳим») Ар-Раҳмондан бир бўлакдир. Бас, кимки уни мустаҳкамласа, Аллоҳ унга боғланади. Кимки қариндошликни узса, Аллоҳ ундан узилади». («Саҳиҳ ҳадислар силсиласи» – 2/594).

«Аллоҳ айтган: «Мен Ар-Раҳмондирман. Мен қариндошликни (ар-раҳим) яратиб, унга Ўзимнинг исмимдан исм чиқариб бердим». Бунинг маъноси қариндошлик Аллоҳнинг раҳмат аломатларидан бири ва унга қоришиб кетгандир. Қариндошликни узган одам Аллоҳнинг раҳматидан кесилади».

فتح الباري لابن حجر – (17 / 115).

Ҳурматли У. Бошқалар тушунмаса ҳам сиз силайи раҳм фарз эканини англашингиз, бошқалар амал қилмаса ҳам сиз отангиз ва қариндошларингиз билан доимий алоқа ўрнатишингиз, улар билан борди-келдини йўлга қўйишингиз лозим эди. Улар ўзининг хатоси учун ўзлари жавоб беради. Сизлар ҳам ўзингизнинг хатоларингиздан масъулсизлар. Уларнинг хатосини рўкач қилиб, улар билан алоқа қилмасликка сизларнинг ҳақингиз йўқ эди. Силайи раҳм тикланмаса, бунинг ёмон оқибатлари бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам кўринади ва бундан ҳар икки томон қариндошлар баробар азият чекадилар. Бўлган воқеа шунга далолат қилади. Аллоҳнинг раҳматидан кесилган одам бу ҳаётда нимага ҳам эриша оларди?!

Агар Исломни тушунган инсонлар қариндошлик ҳақларига риоя қилишганда ўз яқинларига доимо яхшилик қилиб келган бўлар эдилар. Шунда ўша қиз ҳам эътибордан четда қолмаган, уни қариндошлар ўз ҳимояларига олишган ва у қиз ўз вақтида турмушга узатилган бўлиши керак эди.

Гуноҳ содир этган қизга нима йўл?

Энди тушунган қариндош инсонларнинг вазифалари – кечроқ бўлса-да, у қизга ҳам маънавий, ҳам амалий ёрдам беришга шошилиш. Аввало гуноҳ содир этган қизга ва онасига насиҳат қилиш ва тўғри маслаҳатлар бериш, қизни тавбага даъват этиш ва бундан кейинги ҳаётини Ислом ва иймонда ўтказишга кўмак бериш. Бу қизнинг ҳолатига мана бу фатвода айтилган сўзлар тўғри келади:

فالواجب عليها أن تتوب إلى الله توبة نصوحاً، تعزم فيها على عدم العودة إلى مثل هذا الذنب العظيم وعليها أن تكثر من الاستغفار والصدقة وإن تحافظ على الصلاة والدعاء عسى أن يتقبل الله توبتها، والواجب المتحتم عليها أن تستر نفسها ولا تخبر أحداً بالذي حصل ونسأل الله لنا ولها الستر في الدنيا والآخرة .

Бас, бу аёл учун Аллоҳга насуҳ тавба қилиш вожибдир. У аёл ўз тавбасида бундай улкан гуноҳга қайтиб қадам босмасликка азм қилиши, кўп истиғфор айтиши, садақалар бериши, намоз ва дуони тарк этмаслиги керак. Шоядки, Аллоҳ унинг тавбасини қабул айласа. Унинг устидаги энг муҳим вожиб иш – ўз ҳолатини яшириши, бўлган воқеа ҳақида ҳеч кимга гапирмаслиги лозим. Аллоҳдан ўзимизга ҳам, унга ҳам дунё ва Охират шармандалигидан асрашини сўраймиз.(islamweb.net/1117)

Дарҳақиқат, агар амакингизнинг қизи чин тавба қилса, Исломга кириб, Аллоҳнинг буйруқларига тўла амал қила бошласа, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради, иншоаллоҳ. Унинг онасига ҳам худди шундай сўзлар айтилиши керак. Бундай пайтда она ўз қизи билан бирга бўлиши, унга ўзи ибрат кўрсатиши даркор.

У қиз билан зино қилган йигитга келсак, оилали бўлгани эътибори билан унинг жинояти қизникидан улканроқ ва жазоси ҳам шунга яраша. Уни ҳам қариндошлари, таниган-билганлари чин тавбага чақиришлари лозим. У йигит яхши инсон эмас эканки, шундай ифлос ишни қилган. Агар у йигит рост тавба қилмаса, Аллоҳга таслим бўлмаса, қизнинг у билан турмуш қуришида маъно йўқ. Бундай ҳолатда у ифлос йигитдан қизга уйланишни ва болага қарашни талаб қилинмайди. Аксинча, қизнинг қариндошлари сифатида сизлар учун муҳим бўлган иш бу қизга ўзини тубдан ислоҳ этишида, туғиладиган боласига чиройли исм бериб, уни Исломда тарбия қилишида ёрдам беришдир.

«Бола – тўшак эгасига, бузуқига – тош»

أما الولد الذي يأتي من الزنا فإنه ينسب لأمه إن كانت بلا زوج وقت زناها، وإن كان لها زوج نسب الولد إليه ؛ للحديث : » الولد للفراش وللعاهر الحجر » رواه الجماعة إلا أبا داود. والله أعلم

Зинодан туғиладиган болага келсак, унинг насаби – агар онаси эрсиз бўлса – онасига боғланади. Агар она эрли бўлса, эрга боғланади. Чунки ҳадисда айтилган: «Бола – тўшак эгасига, бузуқига – тош». (Жамоат ривояти, илло Абу Довуд). Аллоҳ билувчироқ. (islamweb.net/1117)

Ҳадисдаги тўшакдан мурод – никоҳли оила. Яъни бола никоҳли аёлдан туғилса, шу оила бошлиғига қолади. «Бузуқига – тош», иборасининг маъноси зинокор эркакнинг насибаси – тош, дегани бўлади.

Аллоҳ таолодан сўраймиз – барча мусулмонларни, хоссатан ёшларни Ўз ҳидоятига бошласин ва Исломга чиройли амал қилишларини насиб этсин.

Қўшимча маълумотлар:

Зинодан бўлган боланинг насаби кимга боғланади?

Зинокорнинг оила қуриши масаласи

«Ҳароми одам яхши одам бўлиб етишмайди…», деб эшитганман»