Умар Хайёмнинг сўзларини ҳужжат қилиш мумкинми?

Бўлимлар: 29. Тарих

Савол: Ҳурматли устоз, мен бир сайтда Умар Хайёмни шайх бўлганлиги ҳақида ўқиб қолдим. Бу ўқиганим қисқа маълумот эди. Бироқ биз биламизки, мусулмон оламидан йироқ бўлганлар ҳам бу зотнинг сўзларини бизга нисбатан жуда кўп қўллашади ва нима сабабдан қўллашини ҳам қисман биламиз. Сиздан илтимос, Умар Хайём ҳақида тўлиқроқ маълумот бўлса берсангиз.

Чунки менда балки бошқаларда ҳам бу зотнинг сўзларини номусулмонлар тарафидан ичкиликбозлик қилишда қўллаш туфайли салбий фикр пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.  Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.

Мурод.  

Жавоб: Умар Хайём Нишопурда туғилган машҳур математик, астроном ва файласуфдир. Хаём исми отасининг лақаби бўлиб, чодир ясовчи, деган маънони англатади. 

Умар Хайёмнинг математика ва астрономияга доир ихтиролари, асарлари дунёга маълум. Унга нисбат бериладиган рубоийларда эса ароқ ичиш, кайфу сафога берилиш каби ишлар тарғиб этилган. Шунинг учун бўлса керак, рубоийлар ғарблик мутахассислар томонидан бошқа тилларга кўплаб таржима қилинган ва Европада, Эрон, Ҳиндистон каби мамлакатларда тарқалган. 

Умар Хайёмнинг ишлари фалсафа ва аниқ фанларга доир бўлиб, уларнинг Ислом дини аҳкомларига алоқаси йўқ. Умар Хайёмнинг Ислом ҳукмларига бағишланган асари борлигини билмаймиз. Аҳли суннанинг ҳеч қайси фиқҳий мазҳаби бирор масалада у инсоннинг сўзини келтирмайди. 

Математик бўлмаган дин олимининг сўзи математиклар учун ҳужжат бўлмагани каби Умар Хайёмнинг сўзлари ҳам исломий ҳукмлар сифатида ҳужжат қилинмайди.

Исломда ижтиҳодлари, фатволари ва фикрлари эътиборга олинадиган зотлар муфассирлар, муҳаддислар, фуқаҳолардир. Имом Абу Ҳанифа, Шофеий, Молик, Аҳмад каби ҳаётларини Исломга бағишлаган фақиҳларнинг ижтиҳодлари, фатволари бугунгача амал қилмоқда. Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Насоий, Нававий ва Ибн Ҳажар каби муҳаддисларнинг асарлари Ислом олами бўйлаб, мактаб ва университетларда ўқитилмоқда. Табарий, Ибн Касир, Қуртубий каби муфассирларнинг тафсирлари ҳалигача она китоблар қаторида ўрганилаяпти. 

Шоирлик эса Ислом дини асосланадиган илм эмас. Шеърлар агар оят ва ҳадисларни тасдиқласа, қабул қилинади, тескари гапирса, рад этилади. Ароқни Аллоҳ ҳаром қилган. Ароқни шеърга солиб мақташ мумкин эмас. Ароқ ичиш – улкан жиноят. Ҳалол санаш – куфр. 

Баъзи одамлар: “шоирлар муҳаббатни майга ташбеҳ қилади”, деган сўзларни айтади. Ўз иймонини ва динини ҳурмат қиладиган, Аллоҳдан қўрқадиган шоир бундай қилмайди. Исломда ҳалол нарсани ҳаромга ташбеҳ қилиш мумкин эмас. Муҳаббат ва дўстлик Аллоҳга, Расулуллоҳга, Аллоҳнинг дини – Исломга, солиҳ инсонларга боғланади. Иймоний дўстлик ва муҳаббатни ҳаром ичимликка ташбеҳ қилинмайди. 

Умар Хаёмнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган мақола ва асарларда ноаниқлик ва қарама-қаршиликлар кўп. Баъзилар кайфу сафо ва даҳрийлик мазмунида битилган рубоийларни ҳужжат қилган ҳолда у инсонни Ислом таълимотларидан узоқ кимса, деб таърифлайди. Бир қатор тадқиқотчилар назарида эса бу рубоийлар номаълум шахслар томонидан ёзилиб, Умар Хайёмга нисбат берилган, кейинроқ мустамлакачилик ҳаракатлари пайтида Ислом душманлари томонидан зўр бериб тарқатилган. Бу билан оммани диндан чалғитиш мақсад қилинган. Мутахассисларнинг фикрича, агар бузуқликка тарғиб қилувчи рубоийлар Умар Хайём томонидан битилганда эди бу ҳодиса унга замондош бўлган уламолар ва тарихчи олимларнинг эътиборидан четда қолмаган бўлар эди. Аммо мўътабар тарихий китобларда Умар Хайёмнинг даҳрий кимса бўлгани ҳақида  ёки унинг рубоийлари тўғрисида гапирилмаган. Ҳақиқатни билувчи – Аллоҳ. У Зот бизни Ўз ҳидоятидан адаштирмасин.

Қўшимча маълумотлар:
http://www.islam-qa.com/ar/ref/5965/الخيام

http://www.saaid.net/Warathah/Alkharashy/m/106.htm

http://ar.wikipedia.org/wiki/عمر_الخيام