Сотиб олинган туморни нима қилиш керак?
Ассалому алайкум, азиз ватандошлар. Жуда чиройли ва гўзал иш бошлабсизлар, сизларга Аллоҳ ўзи мадад берсин ва рози бўлсин.
Савол: Мен яқинда бир экстросенсга борганимни ва у менга ва фарзандимга тумор тақиб юришимизни айтгандим ва жавоб олдим. Ўғлимнинг туморини ўзи қўли билан ёзиб берди. Менга эса тайёр тумор берди. Унинг устида “Cevsen Ul kebir” деб ёзилган. Саволим шундаки, мен бу туморларни ечиб қўйдим, уйда токчада турибди. Энди уларни нима қилай?
Мамиржон.
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга ҳам, бизга ҳам, фарзандларимизга ҳам доимо энг тўғри йўлдан боришни насиб этсин.
Туморнинг ичига тушунарсиз сўзлар ёзилган бўлса, қаерга бўлса ҳам ташлаб юборса бўлаверади. Аммо унга Аллоҳнинг исмлари, оятлар ёки Суннатдаги дуолар ёзилган бўлса, уларни нопок ерга ташлаб бўлмайди. Балки сувга оқизиш ёки ёқиб, кулини одам босмайдиган, таҳқирланмайдиган ерга ташлаш ё эса кўмиш керак, валлоҳу аълам.
Қалбимиз ва тилимиз Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлсин
Маълумки, дунёда Аллоҳ буюрган фарзларни бажармайдиган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини билмайдиган, аммо ўзини мусулмон санайдиган одамлар кўп. Улар бошларига иш тушганда ғойибдан тез мадад келишини истайдилар ва шунда ҳам Аллоҳга бўйсунишнинг ўрнига бидъат ва шубҳали ишларни қилишга киришадилар. Чунки шайтон фарз ва суннатларни адо этмайдиган одамларни осонлик билан алдайди ва уларнинг кўзларига бефойда ва зарарли ишларни чиройли қилиб кўрсатади. Бундай одамлар таналарига ўнлаб тумор боғлаб олганларида ҳам мақсадга эришмайдилар.
Мусулмон инсон Аллоҳга чин иймон келтириши, тавҳид илмини олиши, Ислом буюрган ибодатларни мунтазам бажариши, суннат билан бидъатнинг фарқини билиши лозим. Шунда унинг жуда кўп муаммолари бартараф бўлади, иншоаллоҳ.
Агар кимдир Аллоҳнинг ибодатини бажариб туриб, туморга ихлос қилаётган бўлса, у Аллоҳга итоат қилишнинг маъносини англамаган, ибодатнинг аҳамияти ва қадрини билмайдиган жоҳилтабиат одамдир. Ҳиссизлик ва бепарволик билан ибодат қилиш ярамайди.
Аллоҳга иймон келтирган, тавҳиди бутун, Оламлар Раббисига чиройли ибодат қиладиган, тили У Зотнинг зикри билан машғул бўлган одамнинг қалбида эса хотиржамлик, таскин ва роҳат пайдо бўлади.
{ الَّذِينَ آمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ } (الرعد\28).
«(Аллоҳ Ўз томонига ҳидоят қиладиган зотлар – ) Иймон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан таскин топадиган инсонлар. Билингларки, Аллоҳнинг зикри билан қалблар таскин топади”. (Раъд/28).
Дунё ва Охират нажоти Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳнинг суннатларига боғланган экан, биз шу икки манбага кўпроқ яқин бўлишга ва уларга тўлиқ амал қилишга интилайлик. Қалбимиз шубҳали туморлар билан эмас, Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлсин.