Экилган уруғ унмаса, уруғ сотган жавобгар бўладими?

Савол: Савдо  билан шуғулланаман. Бундан  2 йил олдин Россиядан Тошкентга картошка уруғини юбордим. У ерлик одам билан сотиб бергани ва насияга  жавоб бергани учун учун 100 сўмдан ҳар килосига хизмат  ҳақи беришликка шартлашдик ва бердик. У киши сотди. Бир қисмини насияга сотди. Ҳаридорлардан бири пулни кузда беришликка ваъда қилди ва биз рози бўлдик. Куз келди, пулни сўрадик. Харидор ҳосил яхши бўлмади деб, пул беришдан бош тортди. Унинг устига харажатимни қоплаб берасизлар, деб бизга даъво қилмоқда. Қолаверса яна 2-3 одам ҳам шу даъвони қилишмоқда. Биз уларга шу картошка яхши ҳосил беради, деб кафолат бермаганмиз. Ҳозир улар биздан пул талаб қилишмоқда. Мен  уларга Аллоҳни ихтиёридаги ишга мен кафолат беролмаслигимни айтдим. Уларнинг гапи бўйича, Тошкент шароитида уруғликка кафолат бериш ҳақида ёзилмаган қонун бор эмиш. Мен уларга шароитга эмас шариатга таслимлигимни айтдим. Шу муаммони шаръий ҳукмини айтиб берсангиз.

Абдулқодир.

Жавоб: Аллоҳ таолодан барча мусулмонларни ўз касбларининг илмини пухта эгаллашга муваффақ қилишини сўраймиз.

Ҳар бир мусулмон учун ҳалол касб-кор билан шуғулланиш зарур экан, ким қайси соҳани танлаган бўлса, ўша соҳанинг илмини етарли даражада билиш унинг зиммасида фарзга айланади. Бинобарин, инсон ўзининг бепарволиги ёки тажрибасизлиги оқибатида келиб чиқадиган зарар учун ўзи жавобгар саналади. Саволда зикр этилган масала ҳам ё уруғни сотган одамнинг ёки уни олиб эккан томоннинг билимсизлигидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Бу муаммони аниқлаш эса шу соҳа мутахассисларига ҳавола этилиши керак, валлоҳу аълам.

***

• Ҳар ким ўз соҳасини яхши билсин;
• Ҳосил етилмай қолишининг сабаблари;
• Шариат ва шароит бир-бирига зид эмас;
• Ўзингиз келишинг ёки холисларга мурожаат қилинг.

  ***

Ҳар ким ўз соҳасини яхши билсин

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: » طلب العلم فريضة على كل مسلم «. (رواه ابن ماجه وغيره، قال الألباني: صحيح).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Илм ўқиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир”.
(Ибн Можа ва бошқалар ривояти. Албоний: саҳиҳ).

Бу ҳадис зарур диний билимларга эга бўлишни барча мусулмонлар учун биринчи галда фарз қилиш билан бир қаторда ҳар бир инсоннинг елкасига ўзи танлаган ҳалол касбнинг илмини ҳам замон талаби даражасида билиш вазифасини юклайди. Демак, тижоратчи тижорат илмини билсин, зироатчи – зироат илмини.

Агар тижорат соҳасида ишлаётган одам бўлсаю ўз касбига тегишли масалаларни билмаса, бунинг натижасида ҳаром ва ҳалолнинг фарқига бормаслиги, бировларнинг ҳақига зарар етказиши мумкин.

Ким нимани сотаётган бўлса ўша молнинг тури ва сифати ҳақида зарурий маълумотга эга бўлиши, бунинг учун ўқиб-ўрганиши ёки сўраб-суриштириб, билиб олиши лозим. Акс ҳолда нуқсонли молни билиб-билмай сифатли мол қаторида сотиб, харидорнинг ҳаққига хиёнат қилиш хавфи туғилади.

Худди шунингдек, деҳқончилик қилаётган одам ҳам зироат сирларини билмасдан иш бошласа, ҳосилдан айрилиши мумкин. Бундай пайтда у бировни айблаши жоиз эмас.

Ҳосил етилмай қолишининг сабаблари

Биз картошка етиштириш билан узоқ йиллар шуғулланиб келган одамнинг фикрини ўрганганимизда маълум бўлган нарса шуки, ҳосил барбод бўлишининг сабаблари икки томонда ҳам учрайди. Масалан, уруғ сотадиган одам ушбу соҳа бўйича тажрибасиз бўлиб, ўзи сотган уруғнинг сифати қай даражада эканини тушунмайдиган бўлиши, оқибатда унинг уруғи яроқсиз чиқиши мумкин. Баъзи одам эса уруғнинг яхши эмаслигини билгани ҳолда деҳқончиликни билмайдиган одамга сотади. Бунда айб албатта сотувчида бўлади.

Уруғ сифатли бўлгани ҳолда уни олиб эккан одамнинг хатоси билан ҳам ҳосил йўққа чиқиши мумкин. Деҳқончиликни яхши билмаслик натижасида уруғни нотўғри экиш ёки экилгандан сўнг тўғри парвариш қила олмаслик ё эса нобоп ерга экиш ҳолатлари рўй беради. Бундай ишларнинг ҳаммасида деҳқон айбдор саналади.

Шариат ва шароит бир-бирига зид эмас

Биз Шариат билан шароитни бир-бирига тескари, деб тушунмаслигимиз керак.  Алллоҳ Шариатни биз яшаётган шароит учун жорий қилган. Шароит ҳеч қачон Шариатдан устун қўйилмайди. Аммо Шариатга амал қилишда шароит албатта ҳисобга олинади. Ер юзининг қайси нуқтасида бўлмасин, одамлар қандай шароитда яшаётган бўлмасинлар, Ислом аҳкомлари ҳамма учун мос келадиган қилиб юборилган. Асосий масала – Шариатни ҳам, шароитни ҳам бир-бирига мувофиқ келадиган қиррасини топа билишда.

Ўзингиз келишинг ёки холисларга мурожаат қилинг

Саволда айтилганига қараганда агар уруғ бир неча жойда яхши унмаган экан, эҳтимол уруғ сифатсиздир. Агар шу уруғ яна бир қанча ерда яхши унган бўлса, унмай қолган ерда хато деҳқонда бўлиши ёки ер номуносиб бўлиши мумкин эди.

Бу масаланинг жавоби нуқсон уруғ тайёрлашда содир бўлганми ёки уни экишдами, деган масалани аниқлашга боғлиқ бўлиб қолади. Томонлар агар бу саволнинг жавобини билсалар, инсоф билан ўзларининг хатоларини очиқ айтишлари ва ўзаро келишиб, бир-бирларини рози қилишлари керак.  Агар ҳар икки томон ҳам ўзларидан хатони инкор қилсалар, унда картошка етиштириш бўйича яхши билимга ва тажрибага эга бўлган мутахассисга мурожаат қилишлари даркор.

Аллоҳга ҳамдлар айтамиз. Расулуллоҳга ва у зотга эргашганларга салом ва салавотлар йўллаймиз.
Мавзуга алоқадор фатво:
(islamweb/140320)