Мусулмоннинг номусулмон ҳимоясида бўлиши

Савол: БМТга мурожаат қилиб ёрдам сўрашлик тақво истаганлар учун куфрга мурожаат қилиш эмасми? Холис жавоб берсангиз. БМТга мурожаат қилиш мумкинми? Жазакаллоҳу билхойр.

Асмо.

Жавоб: Маълумки, мусулмонларнинг Ислом мамлакатларини ташлаб, номусулмон юртларига ҳижрат қилишлари аввалги замонларда кузатилмаган ҳодисадир. Одамлар кўпгина масалаларда бўлгани каби бу мавзуда сўзлаганларида ҳам ё салбий томонини ёки ижобий жиҳатини бўрттириб юборишларини учратиш мумкин. Ислом эса ўрта йўлни тутадиган диндир.

Ушбу соҳада тадқиқот олиб борган мутахассислардан бири бундай ёзади:

وفقهاء الإسلام – رحمهم الله – لم يتعرضوا لبحث هذه المسألة إلا ابن حزم في كتاب»المحلى» وذلك أن أسلافنا ما كانوا يتصورون بعدما عاشوا في الدولة الإسلامية أعزاء أقوياء مكرمين أن يأتي زمان على المسلمين يهاجرون من بلادهم.

Ислом фуқаҳолари раҳимаҳумуллоҳ бу масалани таҳлил қилишга қўл урмаганлар. Фақат Ибн Ҳазм «Муҳалло» китобида сўзлаган холос. Бунинг сабаби – бизнинг аждодларимиз Ислом давлатида азиз, кучли бўлиб яшаганлар ва улар мусулмонлар ўз юртларидан ҳижрат қиладиган замон келишини тасаввур қилмаганлар. (dellys.ahlamontada)

«Ислом фиқҳида номусулмонлардан ёрдам сўраш», деб номланган китоб муаллифи Доктор Абдуллоҳ Ат-Тариқий бундай деб ёзган:

7- وإذا لجأ المسلم إلى دار الكفر مختارًا محاربًا المسلمين، فإنه يكون مرتدًّا عن الإسلام، فإن كان مكرهًا، ولم يحارب المسلمين، فلا شيء عليه. (الاستعانة بغير المسلمين في الفقه الإسلامي. أ. د. عبدالله بن إبراهيم بن علي الطريقي)

7. Агар мусулмон одам ўз ихтиёри билан мусулмонларга қарши урушиб дорулкуфрга қочса, бас у Исломдан қайтган муртад бўлади. Агар у (кетишга) мажбур бўлган бўлса ва мусулмонларга қарши урушмаса, унга ҳеч бир гуноҳ йўқ. (alukah.net)

الأدلة على جواز اللجوء السياسي إلى بلاد الكفر:
1- دخول النبي -صلى الله عليه وسلم- في جوار المطعم ابن عدي, وكان كافراً.
2- دخول أبي بكر -رضي الله عنه- في جوار ابن الدَّغِنَةِ وكان كافراً.
3- هجرة الصحابة -رضي الله عنهم- إلى الحبشة ودخولهم في جوار النجاشي وكان يومها كافراً.
4- يقول ابن حزم -رحمه الله- في المحلى ( 12/125) : وأما من فرَّ إلى أرض الحرب لظلم خافه ، ولم يحارب المسلمين ، ولا أعانهم عليهم ، ولم يجد في المسلمين من يجيره ، فهذا لا شيء عليه لأنه مضطر مكره

Сиёсий бошпана сўраб, куфр мамлакатларига мурожаат қилишнинг жоизлик далиллари:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Мутъим ибн Адийнинг ҳимоясига киришлари. Мутъим кофир кимса бўлган.

2. Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг Ибни Дағинанинг ҳимоясига қирганлари. Ибни Дағина кофир киши бўлган.

3. Саҳоблар разияллоҳу анҳумнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилганлари ва Нажошийнинг ҳимоясига кирганлари. У ўша пайтда кофир эди.

4. Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ «Муҳалло» китобида (12/125) айтади: «Зулмдан қўрқиб, дорулҳарбга қочган одам агар мусулмонларга қарши урушмаса, уларга қарши кофирларга ёрдам бермаса, мусулмонлар ичида ўзига паноҳ берадиган одам тополмаган бўлса, бу ишда бирор зарар йўқдир. Чунки у муҳтож ва мажбурдир». (dellys.ahlamontada)

Юқоридагиларга кўра, ўзининг ватанида дини учун тазйиққа йўлиққан, қамалиш ёки ўлдирилиш хавфи остида қолган, уни ҳимоя қиладиган бирор шахс ёки ташкилот бўлмаган инсоннинг БМТ Қочқинлар идорасига мурожаат қилиб, улардан ёрдам сўраши жоиз, валлоҳу аълам. Мусулмон инсон ўзининг юртидан чиқиб кетишга мажбур бўлар экан, ўзи ва оиласининг дини, ҳамда ахлоқини сақлаш, Ислом буюрган амалларни адо этиш имкони мавжуд бўлган ерга ҳижрат қилади.