Исломда гўзаллик тушунчаси ва қош териш

Савол: Мен турмуш қурганман алҳамдулиллаҳ. Икки фарзандим бор. Турмуш ўртоғим мен билан жанжал қиладилар: «Қош тергин, юзингни тергин», деб. Ҳар кун уйда тинчлик йўқ. Мен Аллоҳ йўлида ва Охиратим учун иншааллоҳ қош термайман, деганман ва шу ваъдамда тураман, иншааллоҳ. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ берган ҳусним бор. Аллоҳнинг қудрати билан икки йилдан ошди намозга ва ҳижобга кирганман. Бу турушим буларга ёқмаяпти. Шуларга нима маслаҳат берган бўлардингиз биродар. Буларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар, десам ҳам эътибор бермайдилар. Ўзлари намоз ўқиб-ўқимайдилар. Илтимос шуларга маслаҳат беринг. Булар «Менга далил керак, аёл киши эркакка ўхшаб юзида тук, қоши ўсган бўлмаслиги керак», деб қўймайдилар. Аллоҳ қалбларини очсин, Ўзининг ҳақ йўлидан адаштирмасин барчамизни, амин.

Муттақина.

Жавоб: Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўз ҳидоятида собит қилсин. Мусулмон эканмиз, алҳамдулиллоҳ, ҳар бир ишимизда Аллоҳ розилигини ният қилишга ўрганайлик.

* * *

  • Гўзаллик ва унинг чегараси;
  • Нафс ҳеч қачон қониқиш ҳис қилмайди;
  • Исломда қош теришнинг ҳукми; 
  • Истисноли ҳолатлар;
  • Юздаги тукларни олиш.

 * * *

Гўзаллик ва унинг чегараси

Ислом дини гўзалликни улуғлайди ва ҳар бир ҳолатда ўзига муносиб равишда зийнатланишга тарғиб этади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «… إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ …» (رواه مسلم).

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «… Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» (Муслим ривояти).

Аллоҳ ва Расулуллоҳ гўзаллик ва зийнатни машруъ этиш билан бир қаторда унинг чегараларини ҳам кўрсатиб беришган. Чегара ҳалол ва ҳаром орасидадир. Биз шунга иймон келтирамизки, яхшилик Аллоҳ ва Пайғамбар кўрсатган йўлда бўлади. Агар гўзалликнинг чегарасини белгилаш инсоннинг ўзига қолдирилганда эди, бу тушунча тинимсиз ўзгаришга учраган ва табиатлар бузилиб кетган бўларди. Бундай кулфатни бугун бирор муқаддас туйғуга эга бўлмаган одамларнинг ҳаётида кузатиш мумкин.

Нафс ҳеч қачон қониқиш ҳис қилмайди

Инсон умри давомида икки душман орасида яшайди. Душманларнинг бири инсоннинг ичида бўлиб, бу унинг нафсидир. Иккинчиси эса – доимо инсоннинг ёнида юрадиган шайтон. Нафс ва шайтон ўзига эргашган кимсани турли кўйларга солади. Бу икки душманга мағлуб бўлганларнинг гўзаллик, деган даъво билан қилаётган бемаъни ишларини соғлом табиат рад этади.

Бугун айрим мамлакатларда масалан, танага нақш чизувчилар ҳаддидан ошиб, шу даражага етганки, уларнинг баданида нақш чизилмаган жой қолмаган. Аммо улар нафсини барибир қондира олмаган ва шайтонни ҳам рози қила олмаган. Шайтон уларга янги-янги қилиқларни кўрсатаверади, ўргатаверади. Улар энди юзга нақш солиш бўйича мусобақалашишга ўтганлар. Шарқда ҳам, ғарбда ҳам юзининг ҳаммасига бирор қисмини қолдирмасдан расм чиздириб, умрбод ўчириб бўлмайдиган қилиб бўятиб олганлар бор. Нафс бандаларининг ҳаётига қарасангиз, шайтон одам боласини ўйин қилиб, қанчалик хорлаб ташлашини кўрасиз. Нафс тузоғига илинган бу одамларнинг ҳаёти шайтон учун ёш боланинг синган ўйинчоғидан ҳам қадрсизроқдир.

Аллоҳ таолодан нафсларимизнинг ёмонлигидан ва шайтоннинг васвасаларидан асрашини сўраймиз. Иймон ва Исломда барқарор қилишини илтижо этамиз.

Ўзини мусулмон ҳисоблайдиган одамларни Аллоҳдан ва оқибатдан қўрқишга даъват қиламиз.

Оқил инсон гўзаллик табиийликда экани ҳақида тафаккур юритиши ва ўзини шунга ишонтира олиши керак. Шунда Аллоҳ унга ҳалол неъматлардан қониқиш ҳиссини ато қилади.

Исломда қош теришнинг ҳукми  

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ قَالَ لَعَنَ اللَّهُ الْوَاشِمَاتِ وَالْمُوتَشِمَاتِ وَالْمُتَنَمِّصَاتِ وَالْمُتَفَلِّجَاتِ لِلْحُسْنِ الْمُغَيِّرَاتِ خَلْقَ اللَّهِ. (رواه البخاري ومسلم)

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят. У киши дедилар: «Аллоҳ танага нақш чизувчиларни, нақш чиздирувчиларни, қош терувчиларни, чирой учун тишлар орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганига ўзгартириш киритувчиларни лаънатлади». (Бухорий, Муслим ривоятлари).

Юқоридаги ҳадисга кўра уламолар қошнинг тукларини юлиш ёки кесиш мумкин эмас, деб айтишган.

لا تجوز إزالة شعر الحاجب لأن هذا هو النمص الذي لعن النبي صلى الله عليه وسلم من فعله ، وهو من تغيير خلق الله الذي هو من عمل الشيطان ، ولو أمرها به زوجها فإنها لا تطيعه ؛ لأنه معصية ، ولا طاعة لمخلوق في معصية الخالق ، وإنما الطاعة في المعروف كما قال النبي صلى الله عليه وسلم اهـ .

Қошнинг тукларини олиш жоиз эмас. Чунки бундай иш қилган кимсани Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам лаънатлаганлар. Бу иш Аллоҳ яратган нарсага ўзгартириш киритиш, деб баҳоланади ва шайтон амалидандир. Агар эр шу ишга буюрса, аёл унга итоат қилмайди. Чунки бу маъсиятдир. Холиққа гуноҳкор бўладиган ишда махлуққа итоат қилиш йўқ. Итоат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, фақат яхши ишда бўлади. (islamqa/20108)

Истисноли ҳолатлар

Юқоридаги ҳукмдан фақат айрим ҳолатлар мустасно бўлиши мумкин.

 1-  أن يكون الفعل لضرورة العلاج الذي لا يتم إلا بالأخذ منها، فإن من القواعد المسلمة أن الضرورات تبيح المحظورات.

2 – أن يكون شعر الحاجبين زائداً على المعتاد زيادة مشينة للخلقة، بحيث تصل إلى حد التشويه…

1. Бу иш даволаниш зарурати туфайли бўлиб, шундан бошқа илож топилмаса, бундай ҳолатда эътироф этилган қоида шуки, «Зарурат тақиқларни бекор қилади».

2. Икки қошнинг туклари ташқи кўринишни хунук қиладиган даражада одатдагидан кўп бўлиб, нуқсон даражасига етган бўлса…

(islamweb/51123)

«Агар қошнинг туки қуюқ бўлиб, кўзгача осилиб тушса ва нарсаларга қарашга халақит берса, шу азият бераётган тукларнигина олса зарари йўқ». (Шайх Ибн Усаймин). (islam-qa/13259)

وجا فيها أيضاً (5/197):

 » ما حكم الإسلام في نتف الشعر الذي بين الحاجبين ؟ فأجابت اللجنة : يجوز نتفه؛ لأنه ليس من الحاجبين » اهـ .

والله أعلم . الإسلام سؤال وجواب

Фатволар бўйича доимий қўмитанинг фатволарида (5/197) келади: «Икки қошнинг ўртасидаги тукларни юлиш ҳақида Исломнинг ҳукми нима?», деган саволга Қўмита шундай жавоб берган: «Уларни юлиш жоиз, чунки улар икки қошдан ҳисобланмайди» Аллоҳ билувчироқ. «Ислом: савол ва жавоб». (islamqa/20108)

Юздаги тукларни олиш

Агар аёл кишининг юзида туклар пайдо бўлса ё эса ундан соқол-мўйлов ўсиб чиққан бўлса, фуқаҳолар саҳиҳ қавлда бу ҳолат аёллар учун табиий эмаслигига асосланиб, ушбу тукларни кесиш ёки қириб ташлаш жоиз эканини айтишган.

 … إن نتف شعر الوجه للمرأة محل خلاف منشؤه الخلاف في تفسير النمص الذي نهى عنه النبي صلى الله عليه وسلم … أما شعر الوجه الذي يكون في الجبهة والخدين فأدخله بعضهم فيه…

والذي نراه – والعلم عند الله – أن المقصود بالنمص هو أخذ شعر الحاجبين وما عداه من الشعر فمسكوت عنه فهو عفو، وللمرأة أخذه للتزين سواء بالخيط أو الحلاوة أو غيرهما، لعدم الدليل على منع أخذه …

Аёл киши учун юзнинг тукларини юлиш ихтилофли бўлиб, бунинг асли Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган қош теришнинг маъноси устидаги ихтилофдан келиб чиқади. Пешона ва икки ёноқда бўладиган тукларни юлишни баъзилар тақиқланган иш қаторига киритганлар… 

Ҳақиқий илм Аллоҳда. Бизнинг назаримизда тақиқдан мақсад икки қошнинг тукини олишдан қайтаришдир. Бундан бошқа туклар ҳақида ҳеч нима дейилмаган экан, бу дегани кечирилгандир. Аёл киши зийнатланиш учун уларни олиши мумкин… (islamweb /39938)