Гуноҳ ишда ҳамкорлик ва тумор сотиш ҳақида

Бўлимлар: 20. Савдо-сотиқ

Савол: Мен пиво, ароқ сотиладиган дўконда ишлайман. Мен у ерда фақат ҳадялик бўлимида хўжайинлар билан келишиб ишлаяпман. Ароқ, пиво сотмаяпман ва аралашмаяпман, лекин улар сотяпти ва пули битта кассага тушади.

Яна бир нарса – турклар «назар бонжук», деган нарсани кўздан сақлайди деб, олиб юради ва буни туристлар ҳам яхши кўриб олишади. Мен буни сотаяпман, лекин бунга эътиқод қилиш ҳаромлигини биламан. Мен шуни сотишлигим нима бўлади? Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Муслимбе.

Жавоб: Мўмин инсон ўз ҳаётини покиза ўтказиши, бунинг учун қалби хотиржам бўладиган ҳалол ишларни қилиб, ҳаром ва шубҳали касблардан сақланиши керак. Инсоннинг ўзи ҳаром ишни бевосита қилмаганда ҳам, ҳаром пул топувчилар билан ҳамкорликда ишлаши тўғри бўлмайди.

Аллоҳ таоло айтган:

{ وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلا تَعَاوَنُوا عَلَى الأِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ } (المائدة\2).

«Яхшилик ва тақво устида ҳамкорлик қилинглар, гуноҳ ва зулм устида ҳамкорлик қилманглар». (Моида/2).

Тумор тақиш эса жоҳилият одатидандир. Тушунарсиз сўзлар билан дам солиш, турли нарсаларни бўйинга ёки қўлга осиб, шу кўз тегишдан, зарар ва офатлардан сақлайди, деб эътиқод қилиш ширк амаларидан саналади.

عن عقبة بن عامر الجهني : أن رسول الله صلى الله عليه وسلم أقبل إليه رهط فبايع تسعة وأمسك عن واحد فقالوا : يا رسول الله ! بايعت تسعة وتركت هذا ؟ قال : إن عليه تميمة فأدخل يده فقطعها فبايعه وقال: » من علق تميمة فقد أشرك» . ( صحيح) السلسلة الصحيحة – مختصرة – (1 / 889)

«Уқба ибн Омир АлЖуҳанийдан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир гуруҳ одамлар келдилар. Расулуллоҳ улардан тўққизтаси билан байъат қилдилар, биттасига қўлларини бермадилар. Одамлар айтдилар: «Эй Расулуллоҳ, тўққизта одам билан байъат қилдингиз, мана бу одамни қолдирдингиз-ку?» Расулуллоҳ дедилар: «Унга тумор осилган экан». Шунда ҳалиги одам қўлини тиқиб, туморни узиб ташлади ва Расулуллоҳ у билан байъат қилдилар. Кейин айтдилар: «Кимки тумор тақса, ширк келтирган бўлади». (Албоний, Саҳиҳ ҳадислар мухтасар силсиласи – 1/889).