Ажрашган ота-оналарга тавсия (3)
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ота-она ажрашгандан кейин гўдаклар урфга кўра ҳам, шаръий жиҳатдан ҳам (агар она бошқа турмуш қурмаса), она билан бирга қоладилар. Бу тўғри йўл, валлоҳу аълам. Аммо бундан кейинги ишларда кўпинча хатоликларга йўл қўйилади.
Гап шундаки, бола 7-8 ёшга киргунча қаерда яшаган бўлса, кейин ҳам ўша ерда қолиб кетади. Ота-она ва уларнинг қариндошлари томонидан кўп такрорланадиган хато шунда кўринадики, бола ўзи доимий яшайдиган ердан иккинчи томонга бориб келганда «айниб келади». Чунки ҳар икки томон ҳам ўз манфаатини ўйлаб, боланинг олдида иккинчи томонни камситишга, болани у ёқдан совутишга ҳаракат қилади. «Ислом бизга нима йўл кўрсатади, қандай иш қилсак тўғри йўл тутган бўламиз? Шариат бўйича бола қаерда бўлиши керак? Унга нималарни ўргатиш керагу нимани гапирмаслик керак?» деб ўйламайди.
Шундай қилиб, кўпгина ҳолатларда ота-онаси ажрашган боланинг тарбияси бошқаларникидан яққол фарқли бўлиб қолади. Бунга баъзан онанинг нотўғри йўлдан кетиб, болани отадан узоқлаштиришга доимий равишда уриниб яшаши, отани ёмонлаб ўтиши сабаб бўлади. Баъзан бунинг акси ҳам бўлиб, ота болаларни онасидан узоқлаштиришга уринади.
Ажрашган ота-оналар аксарият ҳолларда боланинг келажагидан кўра ўз манфаатларини устун қўйишади. Улар Шариат қоидасини эмас, нафс ва кўнгиллари истаган йўлни афзал биладилар. Оқибатда болаларнинг ҳуқуқлари поймол бўлади. Болалар алданган ҳолда ё отасига ёки онасига нисбатан салбий тушунчада бўлиб ўсади. Боланинг тарбияси ноқис бўлиб қолади. Уларни ё онаси алдайди ёки отаси. Ёки ҳар иккиси. Болага нотўғри тарбия бериб, ё она зулм қилади ёки ота. Бундай ота-она катта гуноҳ қилаётганини ўйламайди. Шу қилаётган ёмонлигининг касри иккинчи томонга эмас, ўзига келиб урилиши мумкинлигидан қўрқмайди. Ота-онанинг айби билан бола ота-онанинг ҳақини билмайдиган, уларни назарга илмайдиган бўлиб кетиши ниҳоятда афсусли ҳолат.
Бола Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги энг улуғ амал бўлмиш ота-онани рози қилишнинг ўрнига ўз нафсининг айтганларини қиладиган бўлиб қолса, бу нимани англатади? Бунинг жавоби шуки, Шариат ҳукмига бўйсунмаган жоҳил ота ёки жоҳил она ўз қилмишининг жазосини шу дунёда олишга бошлайди. Аллоҳ асрасин.
Бир-биридан ажрашган ота-она ўз фарзандларига Аллоҳ ва Расулуллоҳ қаттиқ қоралаган қариндошлик ипларини узишдек улкан гуноҳни қилдиришдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Болалар олдида собиқ қудаларининг айбини мутлақо гапирмасликлари шарт. Бунинг ўрнига ҳар икки томон ҳам болаларга ота-онани рози қилмаган, силайи раҳмни билмаган кимса жаннатга кирмаслигини эслатиб туришлари зарур. Болага ота томонни ҳам, она томонни ҳам бирдек ҳурмат қилишни ўргатишлари фарз. Бу вазифаларга асос ва пойдевор бўладиган иш эса ҳар икки хонадоннинг Аллоҳ ва Расулуллоҳнинг йўлларига қайтишлари, Ислом кўрсатмаларига оилада тўлиқ амал қилишларидир.
Аллоҳ таоло барча ота-оналарга инсоф берсин. Катталарга ўз нафсларини деб, болаларнинг бахтини барбод қилиб қўйишдан қўрқишни насиб этсин.