Ёш йигитнинг ўзидан катта аёлга уйланиши

Савол: Ёшим 41да. 2 фарзандим билан яшайман. Уй-жойимиз бор. Моддий томондан етарлимиз. Менга уйланмаган, 30 ёшли йигит билан турмуш қуришга ва у йигитни келажакда фарзандларимга ота бўлишга таклиф қилишаяпти. Уйланмаган йигит қиз болага уйланиши шартми ёки биз билан яшаса бўлаверадими? Менга уйланмаган йигитга яна ёши мендан кичикка турмушга чиқиш гуноҳ эмасми? Жавоб учун аввалдан раҳмат.

Дилором.

Жавоб: Суннатда ҳам, урф-одатда ҳам мусулмон йигитнинг биринчи уйланишда қиз болага уйланиши афзал саналади. Аммо бундан жувон аёлга уйланиш мумкин эмас, деган хулоса келиб чиқмайди. Шароит тақозо қилса ёш йигит баъзан жувонга уйланади. Ёки аксинча, қиз бола аввал уйланган йигитга турмушга чиқиши мумкин. Модомики йигит, қиз ёки аёлнинг ўзлари, ҳамда валийлар рози эканлар, ёшдаги фарқларга қарамасдан оила қуриш жоиз бўлади.

Жувонга уйланган ёш саҳоба

 عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ لِي رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ هَلْ نَكَحْتَ يَا جَابِرُ قُلْتُ نَعَمْ قَالَ مَاذَا أَبِكْرًا أَمْ ثَيِّبًا قُلْتُ لَا بَلْ ثَيِّبًا قَالَ فَهَلَّا جَارِيَةً تُلَاعِبُكَ قُلْتُ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ أَبِي قُتِلَ يَوْمَ أُحُدٍ وَتَرَكَ تِسْعَ بَنَاتٍ كُنَّ لِي تِسْعَ أَخَوَاتٍ فَكَرِهْتُ أَنْ أَجْمَعَ إِلَيْهِنَّ جَارِيَةً خَرْقَاءَ مِثْلَهُنَّ وَلَكِنْ امْرَأَةً تَمْشُطُهُنَّ وَتَقُومُ عَلَيْهِنَّ قَالَ أَصَبْتَ. (رواه البخاري).

Жобирдан ривоят. У киши деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мендан: «Уйлангдингми, эй Жобир?» – деб сўрадилар. Мен «ҳа» дедим. У зот дедилар: «Қандай? Қиз болагами ёки жувонгами?» Мен: «Йўқ, жувонга», – дедим. У киши дедилар: «Бирор ёш қизга уйланмадингми – ўзингга мос бўлар эди?!» Мен айтдим: «Эй Расулуллоҳ! Менинг отам Уҳуд куни ҳалок бўлган ва тўққизта қиз қолдирган. Улар – менинг тўққиз синглим. Мен уларнинг ёнига яна ўзларига ўхшаган бир ғўр қизалоқни олиб келиб қўйгим келмади. Локин бир аёл бўлса, уларни ювиб-тарайди ва уларга кўз-қулоқ бўлади, дедим». Расулуллоҳ айтдилар: «Тўғри қилибсан». (Бухорий ривоятлари).

Расулуллоҳнинг Жобирга айтган биринчи сўзларидан уйланмаган йигитнинг ўзининг ёшига муносиб қизга уйланиши афзал экани англашилади. Ҳадиснинг охиридаги «Тўғри қилибсан», деганларидан эса маълум шароитларда бу одатнинг аксини қилиш афзал бўлиши тушунилади.

Ота-она ва валийлар билан маслаҳатлашиш

Юқорида айтилганлардан ташқари оила қуришда фарзандни боқиб тарбия қилган, вояга етказган ота-онанинг ўрни муҳим эканини ёдда тутиш лозим. Агар сиз айтаётган йигитнинг ота-онаси ҳаёт бўлсалар, ўғилларининг уйланишига албатта бефарқ қараб турмайдилар. Йигит уйланишдан аввал улар билан маслаҳатлашиши даркор. Сизга ҳам валийларингиз билан маслаҳатлашишни тавсия қиламиз. Зеро, оилавий ҳаётнинг чиройли давом этишига ота-она ва яқин қариндошларнинг ижобий таъсирлари бўлиши аниқ.

Болаларга ким оталик қилади?

Сиз мазкур йигитни келажакда фарзандларингизга ота бўлиши ҳақида айтгансиз. Бу ўринда шуни эслатиш лозимки, фарзандларингизнинг насаби уларнинг ўз отаси билан танилади. Уларга кимнингдир оталик қилиши ҳақида сўз юритишдан аввал уларнинг асл отаси ким ва ҳозир қаерда, деган саволга жавоб берилиши керак. Болаларнинг асл отаси уларнинг тарбияси учун бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам жавобгар бўлади. Агар болаларнинг отаси ҳаёт ва солиҳ инсон бўлса, сиз ота ва болалар ўртасини боғлашингиз лозим. Агар ота вафот бўлган ёки болалаларга қарашга имконсиз бўлса, унинг бурч ва ҳуқуқлари унинг отасига, яъни болаларнинг бобосига ўтади. (islomovozi.com).

Сизга ҳам, фарзандларингизга ҳам икки дунё саодатини тилаймиз.