Исломда меҳнат ва касб билан шуғулланиш қоидалари

Савол: Мусулмонларга фойда келтирадиган касб-ҳунарлар қайсилар эканлигини айтиб бера оласизми? Мисол учун мен қандай касб эгаси бўлсам, мусулмонларга кўпроқ ёрдамим тегиши мумкин?

Н.
 
Жавоб: Аллоҳ таоло сизга фойдали илмлар ва чиройли касблар ато қилсин. Мусулмонлар учун кўпроқ ёрдам беришни ният қилган экансиз, Аллоҳ бу ниятингизга етказсин ва сизни Ўзи мукофотласин.
 
Сизнинг саволингиз ва яна бошқа биродарлардан келган касбу кор ҳақидаги саволлар сабаб бўлиб, бу мавзуда батафсилроқ тўхталишга қарор қилдик.
 
Биз мусулмонларга, айниқса илм толибларига ўз билганларини ҳужжат ва далиллар билан мустаҳкамлашни, қайси манбаларга суянаётганларини доимо очиқ кўрсатишни тавсия қиламиз. Шунинг учун биз ҳам ўзимизнинг сўзимиздан кўра мўтабар китоблардан иқтибос ва таржималарни кўпроқ келтирамиз. Касбу кор ҳақидаги мавзуни ёритишда ҳам шундай усулни қўллашга ҳаракат қилдик. 
 
* * *
Биринчи қисм
 
* * *
 
  • Меҳнат қилиш муҳтож ва қодир инсон учун фарз
  • Касб-ҳунар фарз, мустаҳаб, мубоҳ ва ҳаром орасида
  • Касбу кор асослари тўрт хил
  • Ризқингиз покиза, касбингиз ҳалол бўлсин
  • Касб-ҳунарлар таснифи 
* * *
 
Меҳнат қилиш муҳтож ва қодир инсон учун фарз
 
ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى أَنَّ الاِكْتِسَابَ فَرْضٌ عَلَى الْمُحْتَاجِ إِلَيْهِ إِذَا كَانَ قَادِرًا عَلَيْهِ ، لأَِنَّهُ بِهِ يَقُومُ الْمُكَلَّفُ بِمَا وَجَبَ عَلَيْهِ مِنَ التَّكَالِيفِ الْمَالِيَّةِ ، مِنَ الإِْنْفَاقِ عَلَى النَّفْسِ وَالزَّوْجَةِ وَالأَْوْلاَدِ الصِّغَارِ ، وَالأَْبَوَيْنِ الْمُعْسِرَيْنِ ، وَالْجِهَادِ فِي سَبِيل اللَّهِ وَغَيْرِ ذَلِكَ .
 
… وَيُبَاحُ التَّكَسُّبُ لِزِيَادَةِ الْمَال وَالْجَاهِ وَالتَّرَفُّهِ وَالتَّنَعُّمِ وَالتَّوْسِعَةِ عَلَى الْعِيَال ، مَعَ سَلاَمَةِ الدِّينِ وَالْعِرْضِ وَالْمُرُوءَةِ وَبَرَاءَةِ الذِّمَّةِ . (الموسوعة الفقهية الكويتية – 6 / 96).
 
Фуқаҳолар касб-кор билан шуғулланиш шунга муҳтож ва қодир бўлган одам учун фарз эканини айтишган. Чунки балоғатга етган инсон ўз зиммасидаги молиявий бурчларини шу йўл билан адо этади. У ўзига, аёлига, кичик болаларига, қийналган ота-онасига, Аллоҳ йўлида жиҳодга ва бошқа ишларга сарф қилиш учун ишлаши лозим…
 
Моли ва ўз обрўсини ошириш, фароғатда яшаш, оиласига кенгу мўллик яратиш учун касб корбилан шуғулланиш жоиз. Касб инсоннинг дини, обрўси ва одамийлигини сақлаган ҳолда ва зиммасидаги бурчларини адо этишга халақит бермайдиган шаклда бўлиши керак. (Ал-Мавсуат-ул-фиқҳийят-ул-кувайтийя – 6/96).
 
Касб-ҳунар фарз, мустаҳаб, мубоҳ ва ҳаром орасида
 
Юқорида келтирилган иборалар меҳнат ҳақида ҳозирги замон уламоларининг сўзлари бўлса, ушбу мавзуда қадимий фиқҳ китобларидан қуйидаги иқтибосни келтириш ўринли бўлади:
 
وهو أَنْوَاعٌ
 فَرْضٌ:وهو الْكَسْبُ بِقَدْرِ الْكِفَايَةِ لِنَفْسِهِ وَعِيَالِهِ وَقَضَاءِ دُيُونِهِ وَنَفَقَةِ من يَجِبُ عليه نَفَقَتُهُ فَإِنْ تَرَكَ
الِاكْتِسَابَ بَعْدَ ذلك وَسِعَهُ وَإِنْ اكْتَسَبَ ما يَدَّخِرُهُ لِنَفْسِهِ وَعِيَالِهِ فَهُوَ في سَعَةٍ…
وَمُسْتَحَبٌّ وهو الزِّيَادَةُ على ذلك لِيُوَاسِيَ بِهِ فَقِيرًا أو يُجَازِيَ بِهِ قَرِيبًا فإنه أَفْضَلُ من التَّخَلِّي لِنَفْلِ الْعِبَادَةِ
وَمُبَاحٌ وهو الزِّيَادَةُ لِلزِّيَادَةِ وَالتَّجَمُّلُ
وَمَكْرُوهٌ وهو الْجَمْعُ لِلتَّفَاخُرِ وَالتَّكَاثُرِ وَإِنْ كان من حِلٍّ
الفتاوى الهندية – (5 / 349-348)
 
Касб (ҳукм эътибори билан тарж.) бир неча турга бўлинади:
Фарз касб. Бу ўзи ва оиласи учун, қарзларини адо этиш учун, қарамоғидаги нафақадор одамларнинг таъминоти учун етадиган миқдорда пул топиш. Агар ўзи ва оиласининг эҳтиёжига ғамлаб қўйиш учун меҳнат қилса, бу ҳам жоиз…
Мустаҳаб касб. Бу юқоридаги миқдордан зиёда касб бўлиб, фақирга ёрдам бериш, қариндошга мурувватли бўлиш учун меҳнат қилишдир. Бундай меҳнат нафл ибодатларга машғул бўлишдан кўра афзалдир.
Мубоҳ касб. Бу зиёдалик ва ҳаёт гўзаллиги учун кўпроқ ишлаш, дегани.
Макруҳ касб. Бу агар ҳалол йўл билан бўлcа ҳам мақтаниш ва молпарастлик мақсадида меҳнат қилишдир. (Фатовойи ҳиндия 5/348349). 
 
Касбу кор асослари тўрт хил
 
Касб-кор асослари ҳақида Фиқҳий қомусда Ал-Мабсут китобидан парча келтирилади:
 
قَال السَّرَخْسِيُّ : الْمَكَاسِبُ أَرْبَعَةٌ : الإِْجَارَةُ وَالتِّجَارَةُ وَالزِّرَاعَةُ وَالصِّنَاعَةُ وَكُل ذَلِكَ فِي الإِْبَاحَةِ سَوَاءٌ الموسوعة الفقهية الكويتية – (34 / 238).
 
Сарахсий айтган: Касб-кор йўллари тўрт хилдир: ижора, тижорат, зироат, синоат. Буларнинг барчаси мубоҳликда баробардир. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 34 238).
 
Мовардий бу айтилган асослар қаторига чорвачиликни илова қилган.
 
Ҳаётда мавжуд касб турларининг барчаси ё бевосита ёки билвосита мана шу тўрт навнинг биронтасига дохил бўлади. Тўғрироғи зироат, тижорат, ижорадан бошқа барча ҳунарлар “синоат” (الصِّنَاعَةُ) бобидан бўлади. Синоат сўзини ўрнига қараб, саноат деб ҳам, ҳунармандчилик, деб ҳам, касб, деб ҳам, санъат, деб ҳам таржима қилинади. Араблар шеър ёзиш, чиройли сўзлаш каби ақлий фаолиятдан тортиб, қўлда бажариладиган жуда кўп ишларни “синоат”, “санъат” калимаси билан ифодалашади.  
 
Ризқингиз покиза, касбингиз ҳалол бўлсин
 
Аллоҳ таолонинг Ўзи инсонларни еб-ичадиган қилиб яратган экан, уларга қандай озиқланишни ҳам Ўзи ўргатган.
 
{ يَأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُلُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ } (سورة البقرة / 172 .
“Эй иймон келтирган инсонлар! Биз сизларга ато қилган ризқнинг покизаларидан енгиз”. (Бақара/172).
 
Раббулоламийн Ўзи яратган бандаларни молга муҳтож қилиб қўйган экан, уларни ҳаромдан тийилишга буюриб, ҳалол мол ҳосил қилиш йўлларини кўрсатган. 
 
{ وَلاَ تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِل }) سورة البقرة / 188) .
“Бирбирингизнинг молдунёларингизни ўзаро ботил йўллар билан емангиз…” (Бақара/188). 
 
Касб-ҳунарлар таснифи
 
Мусулмон одам ҳалол-покиза ҳаёт кечириши учун қандай касблар билан шуғулланиш мумкину қандай амаллардан ҳазар қилиши зарурлигини билишни истайди. Ёки қандай турдаги касблар шубҳали эканини билиш ҳам фойдалидир. 
 
Ислом фуқаҳолари оят ва ҳадисларга асосланган ҳолда касбҳунарлар таснифига жиддий аҳамият қаратишган ва китобларда турли касбларнинг зикрига кенг ўрин беришган. 
 
تَصْنِيفُ الْحِرَفِ :
تُصَنَّفُ الْحِرَفُ إِلَى صِنْفَيْنِ : الصِّنْفُ الأْوَّل : حِرَفٌ شَرِيفَةٌ ، وَالصِّنْفُ الثَّانِي حِرَفٌ دَنِيئَةٌ. (الموسوعة الفقهية الكويتية – 2 / 70).
 
Касб-ҳунарлар икки гуруҳга тасниф қилинади: биринчи гуруҳ шарафланадиган касблар; иккинчи гуруҳпаст даражали касблар; (Ал-Мавсуа – 2/70).
 
Фуқаҳолар паст даражали касбларни ҳам иккига ажратишган. Улардан бири ҳаромлиги қатъий далилар билан баён қилинган касблар. Иккинчисиҳаромлиги қатъий далилларга асосланмаган ҳунарлар.
 
Демак, биз фуқаҳоларнинг сўзларидан касбларни уч хил даражага ажратиб олсак бўлади:
  1. Шарафланадиган касб-ҳунарлар;
  2. Паст даражали касблар;
  3. Ифлос касблар.
 
Биз аввал шарафли касблар ҳақида тўхталамиз. 
 
(Давоми бор)