Имомга иқтидо қилганда Фотиҳа сураси ўқиладими?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Муҳтарам устоз! Аллоҳ умрингизга ва илмингизга барокат ато қилсин!

Сизга бир муҳим савол билан мурожаат қилмоқдаман. Маълумки, ҳанафий мазҳабида жаҳрий ва сиррий намозларда имом ортидаги намозхонлар Фотиҳа сурасини қироат қилишмайди. Мен мазҳабни соф ва саҳиҳ далиллар асосида ўрганишни мақсад қилганман. Шунинг учун саҳиҳ далилларни қидиришга ҳаракат қиламан доим. Устоз, айтинг-чи, уламоларимизнинг бу масаладаги хулосалари қандай? Сиррий намозларда Фотиҳа сурасини иқтидо қилувчи ҳам ичида қироат қилиши керакми ёки сукут сақлаб туриши керакми? Сиздан илтимос, мана шу масалада бизларга батафсил маълумот бериб ўтсангиз ва амал қилишимиз учун ишончли бўлган қавлни бизларга баён этиб берсангиз.

Жавобларингиз учун каттадан-катта раҳмат! Аллоҳ сизни саломат қилсин! Омин!

Умиджон.

Жавоб: Яхши тилакларингиз учун ташаккур, Аллоҳ қабул айласин, омин.

Намозда имомга иқтидо қилган одамнинг Фотиҳа сурасини ўқиши ҳақида фуқаҳолар ўрталарида қадимдан икки хил қараш мавжуд. Бу икки ижтиҳод атрофида кенг тафсилотлар ҳам келади. Бу ижтиҳодларнинг қайси бирини бўлса ҳам далилларига қаноат ҳосил қилган ҳолда олган одам хато қилмайди, валлоҳу аълам.

Ҳанафийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар наздида имомга эргашган одам сиррий намозда ҳам, жаҳрий намозда ҳам Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб бўлмайди.

Шофеийлар эса ҳар икки ҳолатда ҳам муқтадий учун Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб, дейишган.

Мазкур мавзуда Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳнинг «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозлари сифатининг асли», деб аталган рисолаларида келган масалалар эътиборга моликдир. Биз қуйида шу асарнинг айрим боблари таржимасини келтирамиз.

«Жаҳрий намозларда имомнинг орқасида туриб қироат қилишнинг насх бўлгани

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалда иқтидо қилувчиларга жаҳрий намозларда имомнинг орқасида туриб, Фотиҳа сурасини ўқишга ижозат берган эдилар.

Расулуллоҳ бир куни бомдод намозида қироат қилганларида қироат қийин бўлиб кетди. Намоздан бўшагач айтдилар: «Сизлар имомингизнинг орқасида туриб қироат қилаяпсизлар шекилли-а?» Биз (саҳобалар): «Ҳа, ё Расулуллоҳ», дедик. У зот айтдилар: «Бундай қилманглар. Илло бирингиз Фотиҳатул-Китобни ўқиса майли. Чунки уни ўқимаган одамнинг намози намоз эмас». (Бу саҳиҳ ҳадис. Уни Бухорий «Жузъулқироатда» ривоят қилган…)

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни жаҳрий намозларда умуман қироат қилишдан қайтардилар. Бу қироатни жаҳрий қилган бир намоздан бўшаган пайтларида бўлган. (Бир ривоятда бу субҳ намозида эди). Ўшанда Расулуллоҳ сўраган эдилар: «Боя мен билан сизлардан бирон киши қироат қилдими?» Бир одам: «Ҳа, мен, эй Расулуллоҳ», деди. Расулуллоҳ дедилар: «Мен ўзимча айтдим: «Нима бўлди, мен билан кимдир тортишаяпти…»

Абу Ҳурайра айтдилар: «Одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу сўзни эшитганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жаҳрий қироат қилган намозларда у зот билан бирга қироат қилишдан тўхтадилар ва имом жаҳрий қироат қилмайдиган намозларда ичларида қироат қилдилар». (Абу Ҳурайрадан Молик, Бухорий, Абу Довуд ва Насоийлар ривоят қилишган…) 

Расулуллоҳ имомнинг қироатини тинглашни эса имомга тўла иқтидо қилиш шартларидан бири қилиб дедилар: «Имом фақат унга эргашиш учун имом қилинган. Бас у такбир айтса такбир айтинглар, қироат қилса, бас қулоқ солинглар». (Ибн Аби Шайба, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Таҳовий, Дора Қутний, Аҳмад ривоятлари).       

 Шунингдек, имомнинг орқасида турган киши учун имомга қулоқ солишни қироатдан озод қилувчи иш эканини айтиб, бундай дедилар:

«Кимнинг имоми бўлса, бас имомнинг қироати у учун қироатдир». (Жобир ибн Абдуллоҳдан имом Абу Ҳанифа ривоятлари. Имом Муҳаммад, Таҳовий, Дора Қутний, Байҳақийлар Абу ҳанифадан ривоят қилишган…). Бу жаҳрий намоздадир.

Ичида ўқиладиган намозда қироатнинг вожиблиги

Ичида ўқиладиган намозларда эса Расулуллоҳ саҳобаларнинг қироатларини тасдиқлаганлар. Жобир айтдилар: «Биз пешин ва асрда имомнинг орқасида аввалги икки ракъатда Фотиҳатул-Китобни ва яна бир сурани қироат қилар эдик. Охирги икки ракъатда эса – Фотиҳатул-Китобни». (Ибн Можа ривояти; мавқуф).

Расулуллоҳ бу ўринда фақат ўзларига қироат билан халақит беришни рад этганлар, холос.

(Албоний, «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозлари сифатининг асли» – 1/327-365).

وقال صاحب عمدة الرعاية حاشية شرح الوقاية من العلماء الحنفية وروى عن محمد أنه استحسن قراءة الفاتحة للمؤتم في السرية وروى

 مثله عن أبي حنيفة صرح به في الهداية المجتبى شرح مختصر القدوري وغيرهما وهذا هو مختار كثير من مشايخنا انتهى

تحفة الأحوذي – (2 / 196)

Ҳанафий уламолардан «Умдатур-риоя ҳошияту шарҳил-виқоя» соҳиби Муҳаммаддан ривоят қилиб айтганки, у киши иқтидо қилувчи киши учун сиррий намозда Фотиҳани ўқиш яхшидир, дедилар. Бу каби сўз Абу Ҳанифадан ҳам ривоят қилинган… Бу кўп машойихларимизнинг танлаганларидир. (Туҳфатул-Аҳвазий – 2/196).

Бу айтилганлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, иқтидо қилган одам жаҳрий ўқиладиган намозларда қироат қилмасдан имомнинг қироатини жим туриб эшитиши керак. Аммо ичида ўқийдиган намозларда эса орқада турганларнинг ҳам Фотиҳа сурасини ўқиб туришлари тўғри бўлади, валлоҳу аълам.