Ўзбекистонда чиқарилган турли дуо китобларини ўқиш мумкинми?
Савол: Ўзбекистонда босиб чиқарилган «Дуруду муаззам», «Лабҳу бузрук», «Дуои ганжул Арш», «Муҳри нубувват», «Дуруду тож», деган китобча чиқарилган. Ушбу китоблар ҳақида нима дея оласиз. Ўқиб юрса бўладими? Олдиндан жавобингиз учун раҳмат. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.
Маҳди.
Жавоб: Аллоҳ таоло ҳаммамизни Ўзининг комил ҳидоятига мушарраф айласин.
Биз ҳали Ўзбекистонда турган пайтимизда ҳам бир қатор дуо ва зикр китоблари босиб чиқарилган бўлиб, улар ҳеч қандай манбага асосланмаган ва муаллифлари тақволи мусулмон сифатида танилмаган шахслар эдилар. Бундай китоблар омма халқнинг китобга муҳтожлигидан фойдаланиб, фақат пул ишлаб олиш учун чиқарилгани билиниб турар эди. Энг муҳими шундаки, зарур исломий китоблар тақиқлангани ҳолда хурофий асарлар ва турли шубҳали дуо китобларнинг йўли кенг очиб қўйилган эди. Ҳозирда ҳам аҳвол шундай. Маълумки, Ўзбекистонда диний мавзудаги китоб ва нашлар МХХ томонидан қаттиқ назорат қилинади. Давлат органлари ўзлари учун Ислом ривожига сабаб бўладиган китоблардан кўра одамларни чалғитадиган хурофий китобларнинг тарқалишини муҳим ва фойдали, деб биладилар.
Сиз санаган китобларга келсак, уларнинг кимлар томонидан ёзилганини билмаймиз. Агар бу китоблар ҳам дуо ва зикр тўпламлари бўлса, ўқишдан аввал уларнинг тўғри эканини текшириш керак. Бунинг учун «Ҳиснул-Муслим» ва «Ад-Дуо минал-китоби вас-сунна» китоблари сизга асос бўла олади. Бу икки китоб Саид бин Али Ал-Қаҳтоний қаламига мансубдир. Муаллифи номаълум китоблардаги дуоларни шу китобга солиштириб олган маъқул.
Бундан ташқари дуо ва зикрлар бобида имом Нававий таълиф этган «Ал-Азкор» ва «Риёзус-солиҳин» китоблардан ҳам фойдаланган яхши.
Биз Ўзбекистон ичкарисида яшаётган оддий мусулмонларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда камроқ китоблар ҳақида сўзладик. Аслида машҳур уламолар томонларидан тўпланган дуо ва зикр китоблари жуда ҳам кўп. Булар ичида юқорида эслатганимиз Ал-Қаҳтонийнинг «Ҳиснул-Муслим» ва «Ад-Дуо минал-китоби вас-сунна» китоблари ҳозирги кунда кенг тарқалган. Дуо ва зикрларни ёд олишни ёки мунтазам равишда ўқиб юришни ният қилган одам учун мана шу икки китобнинг ўзи кифоя қилади, иншоаллоҳ.