Руҳлар Қиёматгача жаннат ёки дўзахга кирмайдими?

Савол: … Қиёматнинг охирги аломатларидан – Микоил алайҳисалом сурни чалганларида ҳар қандай тана руҳи билан бирлашиб қайта тирилади, демак у кунгача марҳумлар жаннатга ёки дўзахга киритилмайдими?

Икромжон.

Жавоб: Ҳадисларда келган хабарлар шуни кўрсатадики, инсон руҳи ўз танасидан ажралгандан кейин дунёда қилган амалига қараб, турли ҳолатларда бўлади. Пайғамбарлар ва шаҳидларнинг руҳлари осмонлар устида бўладилар. Булар жаннатга кириб, истаганча сайр қилиб чиқадилар. Мўминнинг бадан ва руҳи бирлашган ҳолда жаннатга кириши эса фақат Қиёмат куни бўлади.

Шаҳидларнинг руҳлари жаннатда истаганча сайр қила олишларига далиллардан бири мана бу ҳадисдир:

 عَنْ مَسْرُوقٍ قَالَ سَأَلْنَا عَبْدَ اللَّهِ عَنْ هَذِهِ الآيَةِ { وَلاَ تَحْسَبَنَّ الَّذِينَ قُتِلُوا فِى سَبِيلِ اللَّهِ أَمْوَاتًا بَلْ أَحْيَاءٌ عِنْدَ رَبِّهِمْ يُرْزَقُونَ } قَالَ أَمَا إِنَّا قَدْ سَأَلْنَا عَنْ ذَلِكَ فَقَالَ » أَرْوَاحُهُمْ فِى جَوْفِ طَيْرٍ خُضْرٍ لَهَا قَنَادِيلُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ تَسْرَحُ مِنَ الْجَنَّةِ حَيْثُ شَاءَتْ ثُمَّ تَأْوِى إِلَى تِلْكَ الْقَنَادِيلِ فَاطَّلَعَ إِلَيْهِمْ رَبُّهُمُ اطِّلاَعَةً فَقَالَ هَلْ تَشْتَهُونَ شَيْئًا قَالُوا أَىَّ شَىْءٍ نَشْتَهِى وَنَحْنُ نَسْرَحُ مِنَ الْجَنَّةِ حَيْثُ شِئْنَا فَفَعَلَ ذَلِكَ بِهِمْ ثَلاَثَ مَرَّاتٍ فَلَمَّا رَأَوْا أَنَّهُمْ لَنْ يُتْرَكُوا مِنْ أَنْ يُسْأَلُوا قَالُوا يَا رَبِّ نُرِيدُ أَنْ تَرُدَّ أَرْوَاحَنَا فِى أَجْسَادِنَا حَتَّى نُقْتَلَ فِى سَبِيلِكَ مَرَّةً أُخْرَى. فَلَمَّا رَأَى أَنْ لَيْسَ لَهُمْ حَاجَةٌ تُرِكُوا «. (رواه مسلم).

Масруқдан ривоят. У киши дедилар: «Биз Абдуллоҳ ибн Масъуддан «Аллоҳ йўлида ўлдирилганларни ўликлар демангиз, аксинча улар тирикдирлар – Раббилари ҳузурида ризқларини олиб турурлар», деган оят ҳақида сўрадик. Абдуллоҳ дедилар: «Биз шу оят ҳақида сўраганмиз. Шунда Расулуллоҳ айтганлар: «Уларнинг руҳлари яшил қушларнинг ичида бўлади. Уларнинг Аршга осилган қандиллари бўлади. Улар жаннатдан истаган ерларига учиб борадилар. Сўнг ўша қандилларга қайтиб келадилар. Бас, уларга Раббилари бир назар солади ва дейди: «Сизлар бирор нарса истайсизларми?» Руҳлар айтадилар: «Биз яна нима нарсани хоҳлар эдик, ахир биз жаннатдан истаган еримизгача бориб келаяпмиз-ку!» Аллоҳ уларга уч марта шундай деб айтади. Руҳлар тўхтамасдан шундай деб сўралаверишларини билганларидан кейин айтадилар: «Эй Раббимиз, биз руҳларимиз жасадларимизга қайтарилишини ва Сенинг йўлингда яна бир марта ўлдирилишимизни истаймиз. Аллоҳ уларнинг бошқа тилаклари йўқ эканини кўргандан сўнг ўз ҳолларига қўйиладилар». (Муслим ривоятлари).

Ақидаи Таҳовия шарҳида руҳнинг Қиёматга қадар ўтадиган ҳаёти ҳақида бундай келтирилган:

وَيَتَلَخَّصُ مِنْ أَدِلَّتِهَا : أَنَّ الْأَرْوَاحَ في الْبَرْزَخِ مُتَفَاوِتَة أَعْظَمَ تَفَاوُتٍ :

فَمِنْهَا : أَرْوَاحٌ في أَعْلَى عِلِّيِّينَ ، في الْمَلَأِ الْأَعْلَى ، وهي أَرْوَاحُ الْأَنْبِيَاءِ صَلَوَاتُ الله عَلَيْهِمْ وَسَلَامُه ، وَهُمْ مُتَفَاوِتُونَ في مَنَازِلِهِمْ .

وَمِنْهَا : أَرْوَاحٌ في حَوَاصِلِ طَيْرٍ خُضْرٍ ، تَسْرَحُ في الْجَنَّة حَيْثُ شَاءَتْ ، وهي أَرْوَاحُ بَعْضِ الشُّهَدَاءِ ، لَا كُلِّهِمْ ، بَلْ مِنَ الشُّهَدَاءِ مَنْ تُحْبَسُ رُوحُه عَنْ دُخُولِ الْجَنَّة لِدَيْنٍ عليه . كَمَا في الْمُسْنَدِ عَنْ عَبْدِ الله بْنِ جَحْشٍ : « أَنَّ رَجُلًا جَاءَ إلى النبي صلى الله عليه وَسَلَّمَ ، فَقَالَ : يَا رَسُولَ الله : مَا لِي إِنْ قُتِلْتُ في سَبِيلِ الله ؟ قَالَ : » الْجَنَّة » ، فَلَمَّا وَلَّى ، قَالَ : » إِلَّا الدَّيْنَ ، سَارَّنِي به [ جِبْرِيلُ ] آنفا » (المسند : 17319 ، 17320 ( ج 4 ص 139 – 140 طبعة الحلبي) .

وَمِنَ الْأَرْوَاحِ مَنْ يَكُونُ مَحْبُوسًا على بَابِ الْجَنَّة ، كَمَا في الْحَدِيثِ الذي قَالَ فيه رَسُولُ الله صلى الله عليه وَسَلَّمَ : « رَأَيْتُ صَاحِبَكُمْ مَحْبُوسًا على بَابِ الْجَنَّة » . .

وَمِنْهُمْ مَنْ يَكُونُ مَحْبُوسًا في قَبْرِه .

وَمِنْهُمْ مَنْ [ مَحْبُوسًا ] في الْأَرْضِ .

وَمِنْهَا أَرْوَاحٌ في تَنُّورِ الزُّنَاة وَالزَّوَانِي ، وَأَرْوَاحٌ في نَهْرِ الدَّمِ تَسْبَحُ فيه وَتُلْقَمُ الْحِجَارَة ، كُلُّ ذَلِكَ تَشْهَدُ له السنة ، والله أَعْلَمُ .

(شرح الطحاوية في العقيدة السلفية – (2 / 487-486).

Бу сўзларнинг далилларидан шуни хулоса қилинадики, Барзах ҳаётида руҳларнинг ҳолати орасида улкан даражада тафовут бўлади.

Улардан баъзилари Иллиййиннинг энг юқорисида олий халойиқ ичида бўладилар. Олий халойиқ пайғамбарлардирлар – уларга Аллоҳнинг салавот ва дуолари бўлсин. Пайғамбарлар ҳам ўз манзилларида турли даражада турадилар. 

Руҳлардан баъзилари яшил қушларнинг кўкрагида жойлашган бўладилар ва жаннатда истаган ерларида учиб юрадилар. Улар баъзи шаҳидларнинг руҳларидир – ҳамма шаҳидларнинг руҳлари эмас. Ҳатто баъзи шаҳидларнинг руҳи бўйнида қарз борлиги туфайли жаннатга киришдан тўсиб турилади. Аҳмад Муснадида Абдуллоҳ бин Жаҳшдан ривоят қилинганидек, бир одам Hабий соллaллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб деди:

«Эй Расулуллоҳ, агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсам, менга нима мукофот бор?» Расулуллоҳ дедилар: «Жаннат». У одам орқасига ўгирилиб кетаётганда айтдилар: «Илло қарз тўсади. Ҳозир Жаброил менга шивирлаб, шуни билдирдилар».

Руҳлардан баъзилари жаннат дарвозаси тагида ушлаб турилади. Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен дўстингизни жаннат дарвозаси тагида кўрдим».

Руҳлардан айримлари ўзининг қабрида ҳибсда туради. Улардан баъзиси ерда ҳибс қилиб турилади.

Яна улардан зинокор эркаклар ва зинокор аёллар ёнадиган тандирда бўладиганлари бор.

Қон дарёсида сузиб юрадиган, оғзига тош отиладиган руҳлар бор. Буларнинг ҳаммасига суннат гувоҳлик беради.

(Шарҳут-Таҳовия – 2/486-487).

Аллоҳ таолодан барчамизга икки дунё саодатига сабаб бўлувчи солиҳ амалларни муяссар қилишини сўраймиз.