Намозда эркак киши учун сатри аврат шарти қандай?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Маълумки ҳанафий мазҳабида эркак кишининг аврати киндик пастидан то тиззасининг пастигачадир. Лекин ҳанафий мазҳабидан бошқа олимлар саҳиҳ ҳадисларга суяниб, тизза аврат эмас, дейишган экан. Мен ҳанафийлар келтирган: الركبة من العورة «Тизза – авратдан», деган ҳадис заиф, деб ўқиб қолдим.

Эркак кишининг аврати чегаралари, бу авратнинг намоз ташқарисида ва намоз ичида очилиб қолиш ҳоллари, бунинг қандай гуноҳлиги ва намозга зарари ҳақида ёзиб берсангиз.

Жавобингиз учун олдиндан ташаккур.

Санжар.

Жавоб: Ҳадисларнинг шарҳ ва таҳлили билан танишишдан аввал уларнинг матнини ўрганиш лозим бўлади.

عن عبدالله بن جعفر بن أبي طالب. قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: » ما بين السرة و الركبة عورة «. (صحيح الجامع، السيوطي. الألباني: صحيح).

Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Киндик билан тизза ўртаси авратдир». (Саҳиҳул-Жомеъ, Суютий; Албоний: саҳиҳ).

 

 عن جرهد قال : مر النبي صلى الله عليه و سلم بجَرْهَدٍ في المسجد وقد انكشف فخذه فقال » إن الفخذ عورة « (رواه الترمذي، قال الشيخ الألباني : صحيح).

Жарҳаддан ривоят. У киши деди: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда Жарҳаднинг олдидан ўтдилар. Унинг сони очилиб қолган эди. Шунда Расулуллоҳ дедилар: «Сон – аврат». (Термизий ривояти, Албоний: саҳиҳ).

Бу ҳадисни Таҳовий ва Байҳақийлар ҳам ривоят қилишган.

Ҳадиснинг турли ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Сон аврат эканини билмадингми?» «Сонингни ёп у авратдан саналади», «Эркак кишининг сони унинг авратидан», деганлари зикр этилган.

Санадлар ва ҳадислар бирбирини қувватлайди

Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ сон ҳақида келган ҳадисларни таҳлил этар эканлар, уларнинг санадлари заифлигини баён қиладилар ва охирида бундай хулосага келадилар:

…. غير أن مجموع هذه الأسانيد يعطي الحديث قوة ، فيرتقي بها إلى درجة الصحيح ، لا سيما وفي الباب شواهد أخرى بنحوها «انتهى باختصار .

… Лекин бу санадларнинг мажмуаси ҳадисни қувватлантиради ва бу билан ҳадис саҳиҳ даражасига кўтарилади. (islam-qa/34976)

Исламвеб саҳифасида бу мавзуда жумладан қуйидаги фатволар келган:

وقد ذهب جمهور الفقهاء إلى العمل بمقتضى هذه الأحاديث وقرروا أن عورة الرجل ما بين السرة والركبة .

Жумҳур фуқаҳолар бу ҳадислар тақозосига мувофиқ амал қилинишини айтиб, эркак кишининг аврати киндик билан тизза ораси эканига қарор қилганлар. (islamweb/19890).

فقد ذهب جمهور العلماء -وهو الراجح- إلى أن عورة الرجل من سرته إلى ركبته، وليست السرة والركبة داخلتين في العورة.. .

Жумҳур уламолар – кучли қавл ҳам шу – эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигачадир, дейишган. Киндик ва тизза авратга дохил эмас. (Юқоридаги манба).

Тананинг одат юзасидан яшириладиган қисми ҳақида

هذا مع أن كشف الرجل عما جرت العادة بستره مما فوق سرته، وتحت ركبته في اجتماعات الناس، أو مساجدهم، ونحو ذلك، قد يكون من خوارم المروءة التي تسقط بها العدالة.. .

Шу билан бир қаторда эркак киши киндигидан юқориси ва тиззасидан пастининг яшириш одат бўлган қисмини одамлар йиғиладиган ерларда ёки масжидларда очиши унинг инсонийлигига зарар етказади ва адллик сифатини кеткизади … (islamweb/12312)

Сатри аврат шарти бузилса …

Маълумки, сатри аврат эркак киши учун ҳам, аёл киши учун ҳам намоз шартларидан биридир. Сатри аврат шартини атайин бажармасдан намоз бошлаган одамнинг намози қабул бўлмайди. Аммо намоз ўқиётган пайтда сатри аврат шарти беихтиёр бузилса, бунинг масаласи ўзига хос. Ҳанафий мазҳабига кўра, яшириш фарз бўлган аъзоларнинг бири намозда турган пайтда тўртдан бир миқдорда очилса ва бу ҳолат бир рукн адо бўлгунча давом этса, намоз бузилади. (Бир рукн, деганда масалан, битта сажда, рукуъ, қиём ёки қаъда тушунилади). Аммо бир рукн тугамасидан аввал ёпишга улгурса, намоз бузилмайди.