Tомирни ушлаб, ташхис қўйиш мумкинми?

Бўлимлар: 23. Тиббиёт

Савол: Бизнинг бир уйғур биродаримиз бор. Шарқий Туркистондан келди. Унинг отаси табиб бўлган экан. Бу биродар қўлни билагидан, яъни томирини ушлаб қанақа дард борлигини айтиб беряпти. Масалан сизда асабий касаллик бор экан ё кўп йиғлаган экансиз-а? Ё сизда юрагингиз кўп сиқилар экан-а? Ё шамоллаган экансиз-а? Шу каби саволларни беради ё шунақа экансиз, дейди. Ўзи Аҳли сунна биродар. Шу масала биродарлар орасида баҳс бўлиб қолди. Баъзилар ширк, деяптилар. Баъзилар бу табобат кашфиёти, деяптилар. Яъни суннатга хилоф эмас, деяптилар. Бу биродарни ўзлари эса мен отамдан таълим олганман, деяпти. Ғайбдан хабар бераётганим йўқ. Буни томирни уришидан билаяпман, деяпти. Лекин қизиғи барча дардни битта ерни ушлаб айтяпти. Буни мумкин эмас, деганлар, китоб ва суннатдан далил сўраяптилар. Шунга илтимос, батафсилроқ жавоб берсангизлар. Олдиндан жазакаллоҳу хойрон.

Абухолид.

Жавоб: Аллоҳ таолодан турли фойдали касблар эгаси бўлган мусулмонларга ўз касбларининг билимдони ва устаси бўлишларини тилаймиз.

  • Томир ушлаб ташхис қўйиш ғайб иши эмас;
  • Ўз касбингизнинг билимдони бўлинг;
  • Тиббиёт билан шуғулланишнинг ҳукми.

Томир ушлаб ташхис қўйиш ғайб иши эмас

Касалнинг томирини ушлаб ташхис қўйиш табобатда қадимдан маълум. Томир ушлаб ташхис қўйиш ғайритабиий ёки ғайб илми бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун бу ишни қилаётган инсоннинг ҳақиқатан тиббиётдан илми ва тажрибаси борлиги аниқ бўлса, уни бу касбдан тақиқланмайди. Ўз навбатида бу инсон ҳам ўзининг атрофидаги одамларни ҳайрат ёки шубҳага солмаслиги керак. Агар одамлар унинг ишлари ва сўзларидан қониқмасалар ёки унда шубҳали ҳолат сезсалар, ундан изоҳ беришни сўрашади. У ҳам ўз илми ва ҳунарининг асосларини кўрсатади, тушунадиган одамлар учун тушунтириб беради. Тиббиёт мутахассислари билан фикр алмашади.

Агар кимдир табобатдан махсус билим олмасдан, ишончсиз маълумотларга суяниб ёки хаёлий, хурофий манбаларга асосланиб иш тутаётган бўлса, сўзларига ёлғон аралаштираётгани маълум бўлса ёки ўз соҳасини яхши билмайдиган чаласавод бўлса, уни бундай ишдан қайтарилади. Агар у томир ушлаб туриб: «Менга билдирилди, кўнглимга шундай келди, Аллоҳ дилимга шуни солди», деган ибораларни ишлатса, унинг иши тўғри эмаслиги зоҳир бўлади. Чунки тиббиёт илоҳиёт билимларидан саналмайди ва у ваҳй орқали ўрганилмайди. Аксинча табобат изланиш, ўқиш ва тажрибада синаб кўриш билан вужудга келади.

Ўз касбингизнинг билимдони бўлинг

Беморларни даволаш иши билан шуғулланаётган одам агар қилаётган иши тиббиёт доирасидан ташқарида эмаслигини исбот қила олса, у шу соҳа вакиллари билан яқин алоқада бўлишга, уларнинг ишончларини қозонишга, улар билан маслаҳатлашган ҳолда фаолият юритишга ҳаракат қилади.

Шайх Мунажжид мусулмон инсон ўзининг танлаган соҳаси ва касбида муваффақиятга эришиш сирлари ҳақида гапирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини зикр этган:

» إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ إِذَا عَمِلَ أَحَدُكُم عَمَلًا أَن يُتقِنَهُ » رواه أبو يعلى (7/349) وحسنه الألباني بشواهده في » السلسلة الصحيحة » ( 1113).

«Албатта Аллоҳ сизлардан бирингиз бирор ишни қилганда ўша ишни мукаммал бажаришини яхши кўради». (Абу Яъло; Албоний: ҳасан). (islam-qa/85362)

Шундай экан, биз ҳам табобат билан шуғулланаётган инсонларга ҳалоллик ва виждонлиликни, ўз соҳаларининг илғор ва ғайратли вакиллари бўлишларини тавсия қиламиз. Шунда улар ўзлари ҳақида турли шубҳалар туғилишининг олдини олган бўладилар.

Тиббиёт билан шуғулланишнинг ҳукми

التَّطْبِيبُ تَعَلُّمًا مِنْ فُرُوضِ الْكِفَايَةِ ، فَيَجِبُ أَنْ يَتَوَفَّرَ فِي بِلاَدِ الْمُسْلِمِينَ مَنْ يَعْرِفُ أُصُول حِرْفَةِ الطِّبِّ

أَمَّا التَّطْبِيبُ مُزَاوَلَةً فَالأْصْل فِيهِ الإْبَاحَةُ . وَقَدْ يَصِيرُ مَنْدُوبًا إِذَا اقْتَرَنَ بِنِيَّةِ التَّأَسِّي بِالنَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي تَوْجِيهِهِ لِتَطْبِيبِ النَّاسِ ، أَوْ نَوَى نَفْعَ الْمُسْلِمِينَ لِدُخُولِهِ فِي مِثْل قَوْله تَعَالَى : { وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا } (المائدة/32) وَحَدِيثُ : مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمْ أَنْ يَنْفَعَ أَخَاهُ فَلْيَنْفَعْهُ . (أخرجه مسلم من حديث جابر بن عبد الله رضي الله عنهما). إِلاَّ إِذَا تَعَيَّنَ شَخْصٌ لِعَدَمِ وُجُودِ غَيْرِهِ أَوْ تَعَاقَدَ فَتَكُونُ مُزَاوَلَتُهُ وَاجِبَةً. (

الموسوعة الفقهية الكويتية – (12 / 135).

Тиббиёт илм сифатида фарзи кифоя ишлардандир. Мусулмонлар юртида табобат касбининг асосларини биладиган одам мавжуд бўлиши вожиб. Аммо тиббиёт билан касб сифатида шуғулланиш эса аслида мубоҳ амал саналади. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамларни даволашга бўлган тавсияларига амал қилиш нияти ҳам қўшилса ё эса мусулмонларга фойда етказишни ният қилса, бу касб мустаҳаб бўлиши мумкин. Зеро, бу соҳа «Кимки бир жоннинг ҳаётини сақлаб қолса, бутун инсоният ҳаётини сақлаб қолган кабидир», (Моида/32) каби оятлар ҳукмига дохил бўлади. Расулуллоҳ ҳам «Сизлардан кимки, биродарига фойда етказа олса, шу ишни қилсин», деганлар. (Муслим, Жобир ибн Абдуллоҳ ҳадиси). Илло кимки шу вазифага тайинланган бўлса ёки у билан шартнома тузилган бўлса, бу иш унга вожиб бўлади. (Ал-Мавсуа – 12/135).

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, мусулмонлар ўз ораларидан чиққан зарурий ва фойдали касб эгаларига ёрдам беришлари, тўғри йўл кўрсатишлари, бундай соҳаларнинг очиқ ривожланишига ҳисса қўшишлари ҳам керак.