Ойлаб сафарда бўладиган одамнинг намози

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Биз Америкада юк ташувчи машинада ишлаймиз. Биз доимо, бир ойлаб йўлда бўламиз. Намозларимизни қандай ўқиймиз? Илтимос, тўлиқ жавоб берсангиз. Жазакаллоҳу хойрон касийрон касийро.

Л.

Жавоб: Аллоҳ таоло динингизни ҳам, дунёингизни ҳам обод қилсин.

Жумҳур уламолар назарларида ибодатларга енгиллик бериладиган сафарнинг масофаси 4 барид, деб айтилган. 4 барид ҳозирги ҳисоб билан ўлчаганда 83 км бўлади. (Islamweb/135903).

Мусофир учун бериладиган енгилликлар

Сафарда бўлган инсонга ибодатларни адо этишда бир қатор енгилликлар берилган. Жумладан, у 4 ракъатли фарз намозларини қаср қилиб, 2 ракъатдан ўқийди.

Сафари Рамазонга тўғри келса, рўзасини очиши мумкин. Сафардан келгандан кейин тутиб беради. Агар рўза тутиш оғир бўлмаса, сафарда тутгани яхши.

Мусофирга берилган енгилликлардан яна бири – маҳси ёки пайпоққа уч кунгача масҳ тортиши мумкин.

Сафарда кетаётган одам – ҳанафийлар мустасно – жумҳур уламолар наздида пешин билан асрни, шом билан хуфтонни жамлаб ўқиши мумкин. Жамлаш икки хил усулдан бири билан бўлади: «жамъи тақдим» ёки «жамъи таъхир».

«Жамъи тақдим» – олдинга суриб ўқиш. Бунда пешиннинг вақтида пешинни ўқиб бўлиб, орқасидан асрни ҳам қўшиб ўқийди. Шомнинг вақтида шомдан сўнг хуфтонни ҳам ўқийди.

«Жамъи таъхир» – кейинга суриб ўқиш. Бунда аср вақтида аввал пешинни ўқиб, унинг кейинидан асрни ўқийди. Хуфтон вақтида аввал шомни ўқиб, орқасидан хуфтонни ўқийди.

Сафарда суннат намозлари ўқиладими?

Саҳиҳул-Бухорийда Абдуллоҳ ибн Умардан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда суннатларни ўқимаганлари айтилган ва шунга кўра Ибн Умарнинг ўзлари ҳам тарк этганлар. Аммо жумҳур уламолар бир қанча ҳадисларни ҳужжат қилган ҳолда сафарда суннати муаккада намозларни ўқиш мустаҳаб эканини айтишган.

Фиқҳий Қомуснинг «Сафарда суннати муаккада намозларни ўқиш», деган бўлимида бундай келган:

صَلاَةُ الرَّوَاتِبِ فِي السَّفَرِ :

13 – ذَهَبَ الْحَنَفِيَّةُ وَالشَّافِعِيَّةُ إِلَى أَنَّهُ يُسْتَحَبُّ أَدَاءُ النَّوَافِل فِي السَّفَرِ ؛ لأِنَّهَا مُكَمِّلاَتٌ لِلْفَرَائِضِ وَلِمُدَاوَمَتِهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى فِعْلِهَا فِي جَمِيعِ أَحْوَالِهِ وَأَسْفَارِهِ ، وَصَلاَتُهُ لَهَا أَحْيَانًا رَاكِبًا ، وَمِنْ ذَلِكَ صَلاَتُهُ الضُّحَى يَوْمَ الْفَتْحِ ، وَصَلاَتُهُ سُنَّةَ الْفَجْرِ لَيْلَةَ التَّعْرِيسِ. وَلِعُمُومِ الأْحَادِيثِ الْوَارِدَةِ فِي الْحَثِّ عَلَى فِعْل الرَّوَاتِبِ عُمُومًا ، وَالأَْمْرُ بَعْدَ ذَلِكَ مَتْرُوكٌ لِلْمُكَلَّفِ وَهِمَّتِهِ وَوَرَعِهِ.

قَال الْحَنَابِلَةُ : يُكْرَهُ تَرْكُ السُّنَنِ الرَّوَاتِبِ إِلاَّ فِي السَّفَرِ فَيُخَيَّرُ بَيْنَ فِعْلِهَا وَتَرْكِهَا إِلاَّ الْفَجْرَ وَالْوِتْرَ فَيُفْعَلاَنِ فِي السَّفَرِ كَالْحَضَرِ لِتَأَكُّدِهِمَا .

(الموسوعة الفقهية الكويتية – (25 / 284-283).

Ҳанафийлар, шофейилар сафарда нафлларни адо этиш мустаҳаб эканини айтишган. Чунки бу намозлар фарзлар учун тўлдирувчидир. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳамма ҳолатларида, жумладан, сафарларида ҳам нафлларни ўқиганлар. Баъзан нафлни уловга минган ҳолда ўқиганлар. Фатҳи Макка куни зуҳо ўқиганлари, дам олишга тўхтаган кечалари бомдод суннатини ўқиганлари ва умуман олганда суннати муаккада намозларни ўқишга тарғиб қилувчи ҳадисларнинг хулосаси шунга далолат қилади. Бу сўзлардан кейин нима қилиш ҳар бир оқил ва болиғнинг ҳиммати ва тақвосига ҳавола этилади.

Ҳанбалийлар айтишган: суннати муаккада намозларни тарк этиш макруҳдир. Аммо буларни сафарда ўқишўқимаслик ихтиёри инсонга берилади. Илло бомдоднинг суннати билан витрни таъкидлангани учун сафарда ҳам худди уйдагидек адо этади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳия – 25/283-284).