Ҳали қўлга келмаган молни савдолашиш мумкинми?

Бўлимлар: 20. Савдо-сотиқ

Cавол: Биз биродарлар билан чет элда яшаймиз. Кўпинча юртдошларимиз биздан у-бу нарсаларни топиб беришни илтимос қилиб туришар эди. Биз керакли маҳсулотларни топиб, устига ўзимизни хизмат ҳаққимизни қўйиб, Ўзбекистонга нарсаларни юбориб, савдо қилар эдик.

Охирги пайтда кўп сўраладиган маҳсулотларни интернетга қўйиб, сотиш учун сайт очган эдик.

Сайтимизда маҳсулотлар бизнинг мулкимиз эмаслиги, биз маҳсулотларни топиб, харидорга етказиб беришимиз учун хақ олишимиз аниқ-тиниқ ёзилган.

Лекин шундай бўлса ҳам бир биродаримиз бу иш нотўғри бўлаяпти. Биз қўлимизда бўлмаган нарса билан савдо қилаётган бўлиб қолаяпмиз, бу эса шариатда ҳаром қилинган, деди. Яна баъзи биродарлар эса сайтда маҳсулотнинг тан нархи ва сизнинг хизмат ҳаққингиз ҳам аниқ кўрсатилиши керак, шунда тўғри бўлади, деди.

Хуллас шу масалага аниқлик киритсангиз. Биз бу борада islamqa ҳамда islamweb саҳифаларидан жавоб қидирдик, лекин бизнинг ҳолатимизга тўғри келадиган фатвони топа олмадик.

Шунингдек «Савдо муомалаларида учрайдиган хатолар ва уларнинг ечимлари», китобини ҳам қараб кўриб керакли жавобни топа олмагач яна бир бор сизга ёзишга қарор қилдик.

H.

Жавоб: Аллоҳ таоло динингиз ҳукмларини билиш йўлида қилаётган ҳаракатингиз учун ажрлар ато қилсин. Ризқингизнинг ҳалол бўлиши учун чекаётган ташвишларингизни баракот ва муваффақиятлар билан мукофотласин.

Маълумки, Шариатда ўзининг мулки бўлмаган ёки қўлида мавжуд бўлмаган нарсани сотиш ман қилинган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар келган. Шу билан бир қаторда бир қарашда қўлида мавжуд бўлмаган нарсани сотишга ўхшаб кетадиган, аммо Шариат рухсат берган бай турлари ҳам мавжуд. Уларнинг бирини «салам» ёки «байъус-салам»  (بيع السلم)деб айтилади. Бу турдаги тижорат сотувчининг қўлига келиб тушиши кутилаётган молнинг савдосини назарда тутади ва бунда пул байлашилаётган пайтда тўланиши лозим.

Иккинчи турдаги бай ҳозир қўлда йўқ, аммо таъриф-тавсифлари батафсил зикр қилинган, шартлари очиқ-ойдин кўрсатилган ва сотувчининг қўлига қачон келиши ҳам маълум бўлган нарсани савдолашиш ҳақида ваъдалашилади. Бунда одиндан пул тўланмайди.

Сизлар айтаётган савдо мана шу икки турдаги байдан бирига тўғри келади, валлоҳу аълам. Биз бу савдо турлари ҳақида иншоаллоҳ, кейинги суҳбатимизда тўхталамиз.

Сизлар унгача мазкур масала билан қуйидаги манзилларда танишишингиз мумкин: islamweb/11368, islamweb/75404

Сизлар шуғулланаётган, ўзингиз таърифлаган тижоратни Шариатда рухсат берилган яна икки хил кўриниши ҳам бор. Истасангиз ишингизни мана шу кўринишга мослаштиришингиз мумкин. Уларнинг бирини вакиллик ((الوَكَالَة, деб айтилади. Иккинчисини – даллоллик (السمسرة).

Вакиллик, деганда сизлар харидор томонидан вакил бўлиб ҳаракат қиласизлар. Бу ҳақда мана бу манзилга мурожаат қилинг: islamweb/40793

 Даллоллик ҳам Исломда ҳалол касб саналади. Бу ҳақда мана бу манзилда баён қилинган: islamweb/114737