Ҳаром ишда фойдаланадиган одамга нарса сотишнинг ҳукми

Савол: Биз 3 шерик дўкон очганмиз ва баъзи масалаларда бизда савол туғилмоқда. Қўшни дўконда маст қилувчи ичимликлар сотилади. Баъзида шу дўконда савдо қилувчи шахс биздан ўзидаги нархларни ёзиш учун ёпишқоқ қоғоз, ручка, касса аппарати қоғози каби нарсаларни харид қилиб туради. Бу нарсаларни у ўз дўконида фойдаланиш учун олиши аниқ. Баъзан дўкон учун бўлмаган нарсаларни ҳам харид қилиб туради. Масалан: ўқувчилар сумкаси, ҳар-хил дафтарлар, қалам, бўёқлар каби нарсалар. Буларни у ўз фарзандлари учун олади, деб гумон қиламиз. Бир биродаримиз бу ҳолатдан хабар топиб бизга «Агар дўконида фойдаланиш учун нарса олса сотмайсизлар, агар ўзининг шахсий эҳтиёжи учун (масалан фарзандлари ёки оиласи учун) бўлса сотаверасизлар», деб фикр билдирди. 3 шерикдан бири эса умуман ҳеч нарса сотиш керак эмас у одамга, демоқда.

Шу ҳолат юзасидан кимнинг мулоҳазаси тўғри? Умуман ароқ сотиб, пул топадиган одамга нарса сотиш ҳақида шариатимизда нима дейилган? Қай ҳолатда унга нарса сотиш мумкину, қай ҳолатда мумкин эмас?

Фарҳод.

Жавоб: Кимдир сизлардан сотиб олган нарсасини фақат ҳаром ишга сарфлаши аниқ бўлса, унга шу нарсани сотиш мумкин эмас. Агар бошқа ишга сарфлаши эҳтимол бўлса, сотиш мумкин. Болалар учун сумка, ҳар хил дафтарлар, қалам, бўёқлар сотиб олса, сотиш жоиз, валлоҳу аълам.

Фиқҳий қомуснинг «Ҳаром ишда фойдаланиш мақсад қилинган нарсанинг савдоси», деган бўлимида бундай келади:

بَيْعُ مَا يُقْصَدُ بِهِ فِعْل مُحَرَّمٍ :

112 –  ذَهَبَ الْجُمْهُورُ إِلَى أَنَّ كُل مَا يُقْصَدُ بِهِ الْحَرَامُ ، وَكُل تَصَرُّفٍ يُفْضِي إِلَى مَعْصِيَةٍ فَهُوَ مُحَرَّمٌ ، فَيَمْتَنِعُ بَيْعُ كُل شَيْءٍ عُلِمَ أَنَّ الْمُشْتَرِيَ قَصَدَ بِهِ أَمْرًا لاَ يَجُوزُ .(الموسوعة الفقهية الكويتية – (9 / 211).

Жумҳур уламолар назарида ҳаром ишда фойдаланиш қасд қилинган ҳар қандай нарса, маъсиятга олиб борувчи ҳар қандай ҳаракат ҳаромдир. Нима нарса бўлмасин, агар харидор шунинг воситаси билан ножоиз ишни қасд қилгани маълум бўлса, ўшани сотиш ман этилади. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя  – 9 /211).

Фиқҳ китобларида савдо тақиқланадиган ҳолатларга мисол тарзида айрим тафсилотлар ҳам зикр этилади. Жумладан, ҳаддан ортиқ юк ортадиган кимсага от, туя, эшак каби улов ҳайвонлари сотиш, ноҳақ урушаётган тоифага қурол ёки қурол ишлаб чиқаришда керак бўладиган хом ашё сотиш, ақлга таъсир қилувчи моддани шундай нарса истеъмол қилувчига сотиш,  беҳуда ўйин асбоби ишлайдиган одам учун ёғоч сотиш, ҳайвон уруштирадиган одам учун қўчқор ёки хўроз сотиш мумкин эмаслиги айтилган.

Аллоҳ таолодан барчамиз учун ҳалол ризқ ато қилишини сўраймиз. Шу билан бирга инсоннинг ризқи азалда битиб қўйилганини, у асло ўзгармаслигини, уни топиб, теришда фақат ҳалолига қаноат қилиш лозимлигини, ҳаром пул топаётганлар ҳам ёзувдагидан ортиқ нарса топа олмаслигини таъкидлаймиз.