Қабр бор масжидда намоз ўқиш мумкинми?

Савол: Мен Сурия давлатига илм олиш учун келганман. Бу ерда деярли ҳамма масжидларда қабр бор экан. Лекин қибла тарафда эмас, баъзиси масжидга  қарашлик бир ҳужрада. Биз бу масжидларда намоз ўқишимиз, Қуръони карим ўқишимиз жоизми?

Тавфиқ.

Жавоб: Аллоҳ таоло сизга фойдали илм ва ҳидоят ато этсин, ҳамда солиҳ амалларга муваффақ қилсин. Сиз сўраётган мавзунинг жавобида икки нуқтага алоҳида эътибор беришимиз лозим. Чунки бу икки масала бир-бирига боғлиқдир. 1. Қабр устига масжид қуриш; 2. Қабр бор масжидда намоз ўқиш.

Қабр устига масжид қуриш ҳаром

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр устига масжид қуришни бир неча ҳадисларда қаттиқ қоралаганлар.

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ أُمَّ حَبِيبَةَ وَأُمَّ سَلَمَةَ ذَكَرَتَا كَنِيسَةً رَأَيْنَهَا بِالْحَبَشَةِ فِيهَا تَصَاوِيرُ لِرَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » إِنَّ أُولَئِكِ إِذَا كَانَ فِيهِمُ الرَّجُلُ الصَّالِحُ فَمَاتَ بَنَوْا عَلَى قَبْرِهِ مَسْجِدًا وَصَوَّرُوا فِيهِ تِلْكَ الصُّوَرَ أُولَئِكِ شِرَارُ الْخَلْقِ عِنْدَ اللَّهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ «. (رواه البخاري مسلم).

Оиша ривоят қиладилар. Умми Ҳабиба ва Умми Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзлари Ҳабашистонда кўрган, ичида суратлар бўлган бир черков ҳақида гапириб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Улар агар ичларидан бирор солиҳ киши вафот бўлса, унинг қабри устига масжид қурар ва масжиднинг ичига ўшандай суратларни чизиб қўяр эдилар. Ана ўшалар Қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида халқнинг энг ёмонлари бўладилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  قَالَ: » لَعَنَ اللَّهُ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى اتَّخَذُوا قُبُورَ أَنْبِيَائِهِمْ مَسَاجِدَ «.  (رواه البخاري مسلم).

 Абу Ҳурайрадан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ яҳудий ва насороларни лаънатласин – улар ўз анбиёлари қабрларини масжид қилиб олдилар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 Бу ва бошқа жуда кўп саҳиҳ ҳадисларга биноан, барча уламолар Исломда қабр устига масжид қуриш мумкин эмаслигида якдил бўлганлар.

 Тўрт имом қабрлар устига масжид қуриш Шариатда йўқ эканига ва қабрга қараб ёки қабрнинг устида намоз ўқиш машруъ эмаслигига иттифоқ қилишган. (islamweb/26258).

Шайх Албоний: Қабр бор масжидда намоз ўқиш – макруҳ

Қўпчилик уламолар қабр устига масжид қуриш масаласи билан ичида қабр бўлган масжидда намоз ўқиш орасини фарқлаганлар. Ҳанбалий уламолар қабр бор масжидда намоз ўқиш мутлақо мумкин эмас, дейишган. Бошқалар макруҳлик билан жоиз бўлишини айтишган. Аммо уламоларнинг ҳаммалари қабр бор масжидлардан огоҳлантиришган.

واعلم أن كراهة الصلاة في هذه المساجد هو امر متفق عليه من العلماء … وإنما اختلفوا في بطلانها … (تحذير الساجد – (1 / 109).

 Билгилки, бу масжидларда намоз ўқишнинг макруҳлиги уламолар томонларидан келишилган ишдир… Улар фақат намознинг ботил бўлиши масаласида ихтилоф қилганлар, холос… (Таҳзийрус-сожид – 1/109).

 وفي ( الكوكب الدري على جامع الترمذي ) لشيخ المحقق محمد يحيى الكاندهلوي الحنفي مانصه ( ص 153 ) :  ( وأما اتخاذ المساجد عليها فإنما فيه من الشبه باليهود في اتخاذهم مساجد على قبور أنبيائهم وكبرائهم ولما فيه من تعظيم الميت وشبه بعبدة الأصنام لو كان القبر في جانب القبلة . وكراهة كونه في جانب القبلة أكثر من كراهة كونه يمينا أو يسارا وإن كان خلف المصلي فهو أخف من كل ذلك لكن لا يخلو عن كراهة «

 «Ал-Кавкабуд-дуррий ало жоми-ит-Тирмизий»да шайх муҳаққиқ Муҳаммад Яҳё Ал-Кандеҳлавий ал-ҳанафий бундай деганлар: «Қабрлар устига масжид қуриб олишга келсак, бунда яҳудийларнинг пайғамбарлари ва улуғларининг қабрлари устига масжидлар қуриб олишларига ўхшашлик мавжуд. Яна бу ишда ўликни улуғлаш ва агар қабр Қибла томонда бўлса, бутларга сиғинувчиларга ўхшашлик бор. Қабрнинг Қибла томонда бўлишининг макруҳлиги ўнг ёки чап томонда бўлишдан кўра кўпроқдир. Агар қабр намозхоннинг орқасида бўлса, бошқаларидан кўра енгилроқдир. Локин макруҳликдан холи бўлмайди». (Юқоридаги манба).

Шайх Албоний яна бу рисолада ичида қабр бор масжидларда намоз ўқийдиган одам икки хил ҳолатдан бирида бўлишини айтадилар. Биринчи ҳолат – бундай масжидга ундаги қабрни ният қилган ҳолда бориб намоз ўқиш ва қабрни табаррук санаш. Иккинчиси – қабрни ният қилмаган ҳолда иттифоқо бориб, намоз ўқиш.

 ففي الحالة الأولى لا شك في تحريم الصلاة فيها بل وبطلانها لأنه إذا نهى صلى الله عليه وسلم عن بناء المساجد على القبور ولعن من فعل ذلك فالنهي عن قصد الصلاة فيها أولى والنهي هنا يقتضي البطلان كما سبق قريبا

وأما في الحالة الثانية فلا يتبين لي الحكم ببطلان الصلاة فيها وإنما الكراهة فقط لأن القول بالبطلان في هذه الحالة لا بد له من دليل خاص والدليل الذي أثبتنا به البطلان في الحالة السابقة إنما صح بناء على النهي عن بناء المسجد على القبر تحذير الساجد – (1 / 121).

 Биринчи ҳолатда у ерда намоз ўқишнинг ҳаромлиги, балки намознинг ботиллигида шак йўқ. Чунки агар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар устига масжид қуришдан қайтарган ва бундай иш қилган кимсани лаънатлаган эканлар, у ерда намоз ўқишни ният қилишдан қайтаришлари авло. Бу қайтариш яқинда айтганимиздек, ботилликни тақозо қилади.

Аммо иккинчи ҳолатда менга бундай масжидда намоз ўқишнинг ботил, деган ҳукм аниқ кўринмаяпти. Бунда фақат макруҳлик зоҳир бўлади, холос. Чунки бундай ҳолатда ҳам ботил, деб айтиш учун хос далил керак. Аввалги ҳолатда ботил бўлишини исбот қилишимиз фақат қабр устига масжид бино қилишдан қайтаришга асосланган ҳолда тўғри бўлади. (Таҳзийрус-сожид – 1/121).

Бу айтилганларга кўра, инсон қабр бўлмаган масжидга бориб намоз ўқишга ҳаракат қилиши лозим. Аммо саволда айтилганидек, бундай масжидлар кам, уларга бориш эса қийин бўлса, алоҳида хонасида қабр бор масжида намоз ўқиш макруҳлик билан жоиз бўлади, валлоҳу аълам.