Қасамини бузган одам нима қилиши керак?

Савол: Бир одам Аллоҳга қасам ичсаю қасамида собит туролмасдан қасамхўр бўлиб қолса, яъни аҳдига вафо қилмай қолса, унинг ҳукми қандай? Бу одам ўша гуноҳни ювиш учун нималар қилиши керак?

Зубайр.

Жавоб: Қасам ҳақидаги ҳукмларга асос бўлган оят мана будир:

{ لا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الأَيْمَانَ فَكَفَّارَتُهُ إِطْعَامُ عَشَرَةِ مَسَاكِينَ مِنْ أَوْسَطِ مَا تُطْعِمُونَ أَهْلِيكُمْ أَوْ كِسْوَتُهُمْ أَوْ تَحْرِيرُ رَقَبَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ ثَلاثَةِ أَيَّامٍ ذَلِكَ كَفَّارَةُ أَيْمَانِكُمْ إِذَا حَلَفْتُمْ وَاحْفَظُوا أَيْمَانَكُمْ كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ } (المائدة / 89).

“Аллоҳ сизларни қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун жазоламайди. Локин У сизларни қасам ичиб, уни бузганингиз туфайли жазолайди. Бу гуноҳни ювиш йўли ўз оилангизга берадиган таомнинг ўрта-миёнаси билан ўнта мискинни тўйдириш ёки уларни кийдириш ё бир қул озод қилишдир. Кимки, бунинг иложини топа олмаса, бас, у уч кун рўза тутиши лозим. Ана шу – агар онт ичиб, сўнг уни бузсангиз – қасамларингиз асоратини кетказиш йўлидир. Қасамларингизни сақлангиз. Аллоҳ сизларга Ўз оятларини мана шундай баён қилади. Шоядки, шукр қилсангиз”.

Шариатда қасам учун белгиланган таъриф ва шартлар мавжуд бўлиб, қасам шу шартларга мувофиқ келганда ҳақиқий ҳисобланади. Шаръий қасамни бузган одам юқоридаги оятга кўра каффорат тўлаши, шу йўл билан гуноҳини ювиши лозим. Қасамнинг каффорати сифатида дастлаб учта ишдан бирини бажариш буюрилади: ўнта мискинни овқатлантириш, ўнта мискинни кийинтириш, бир қулни озод қилиш. Бу айтилган уч нарсадан қайси бирини танлаш ихтиёри инсоннинг ўзига берилган.

Агар бу ишлардан биронтасини ҳам қилишга имконият  топа олмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.

Мискинларни озуқа билан таъминлаш

Қасамини бузган одам учун дастлаб лозим бўладиган ишлардан бири ўнта мискинни тўйғазишдир. Мискинга таом бериш деганда унга ё хом озуқа тарзида тақдим этиш ёки овқат пишириб бериш назарда тутилади. Хом тарзида беришнинг миқдори агар буғдойдан бўлса, ярим “соъ”дир.

“ … Қасам каффорати ўнта мискинни тўйғазишдир. Бу буғдойдан ярим соъ, дегани”. (Бадоеъ ас-саноеъ – 5/102).

“Оиласига берадиган таомнинг ўртачасидан 10та мискинни тўйғазиш. Ҳар бир мискинга ўз юртида тарқалган гуруч каби озуқадан ярим соъдан беради. Бу тақрибан бир ярим кг бўлади…” (islamqa/45676)

Мискинларни меҳмон қилиш

Таом пишириб, мискинларни меҳмон қилишга келсак, бунинг миқдори ҳақида икки хил ижтиҳод мавжуд.

“Таомга таклиф қилишнинг миқдори икки марта – тушлик ва кечки пайт тўйдириб овқатлантиришдир… “ (Бадоеъ ас-саноеъ – 5/102).

“Овқатланиш бир кунда бир марта, икки марта ёки уч марта бўлади. Булардан биронтаси на ақлий ва нақлий далил билан тайин бўлган. Шунинг учун эҳтиёт юзасидан ўртаси олинади… Ўртаси икки марта, яъни пешин ва кечки пайт овқатланишдир. Мана шу бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам одатий овқатланиш саналади. Аллоҳ таоло жаннат аҳли ҳақида айтган: “Уларнинг ризқлари у ерда эрталаб ва кечқурун берилур”. (Бадоеъ ас-саноеъ – 5/103).

Кўпчилик уламолар мискинни бир марта овқатлантирса кифоя қилишини айтишган:
“Агар ўнта мискинни тўплаб, тушлик ёки кечки овқат қилиб берса кифоя қилади”.

“Ибн Сирин, Жобир бин Зайд, Макҳул, Товус, Шаъбийларга кўра, бир марта овқатлантиради. (Бадоеъ ас-саноеъ – 5/102).

Мискинни кийинтириш  ёки рўза тутиш

Фиқҳ китобларида мискинни кийинтириш масаласи ёритилганда кийимнинг миқдори ва сифати ҳақида гапирилган. Ҳар бир мискинга бериладиган кийим одатда ўрта ҳол одам киядиган, сатри аврат бўладиган, иссиқ ва совуқдан тўсадиган кийим бўлиши лозим. Кийим бериш масаласида ҳар бир инсон ўзи яшаётган муҳитдаги урфга кўра иш тутади.

Қул озод қилиш ҳозирги замонда мавжуд эмас. Шунинг учун юқорида зикр этилган молиявий жазоларни ўташга қурби келмайдиган даражада камбағал бўлган одам учун рўза тутиш лозим бўлади. Бундай одам уч кун рўза кетма-кет тутади.

“Кимки бу айтилганлардан биронтасини топа олмаса, уч кун кетма кет рўза тутади”. (islamqa/45676)