Мусулмонлик, қариндошлик ва касб-кор

Савол: Ассалому алайкум, ҳурматли  Обидхон  қори  ака. Кеч бўлса ҳам сизни чин дилдан муқаддас Рамазон ойи билан табриклайман. Илоҳим, умрингиз узоқ, соғ-саломат бўлиб, биз мухлисларингизни хурсанд қилиш сизга ҳар доим насиб қилсин. Шунча қилаётган яхшиликларингиз cабаб Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Сизга хат ёзаётганимдан мақсад, мени анчадан бери бир нарса қийнаб келмоқда. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, турмуш қурганман. Бу йили фарзандлик ҳам бўлдик. Биз умр йўлдошим билан чет давлатда яшамоқдамиз. Чунки умр йўлдошим менга уйланишларидан аввал ҳам  ишлари шу ерда эди. Турмуш қурганимиздан сўнг 2 ойдан кейин чет давлатига келганмиз. Мен жуда бахтлиман. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин. Турмуш ўртоғим ҳам жуда яхши инсонлар. Ҳар доим сизни маърузаларингизни эшитиб турамиз ва қўлимиздан келганча Аллоҳ буюрган амалларни бажаришга ҳаракат қиламиз. Тошкентга қачон қайтиб боришимиз ҳали аниқ эмас. Бу ерда кундуз кунлари уйда ёлғиз фарзандимиз билан қоламан ва бир нарсани жуда ҳам кўп ўйлайман, Ота-оналаримиз Тошкентда бўлганликлари учун, улар билан бирга яшаб, уларга яхшиликлар қила олмасдан савобли ишлардан айрилиб қолмаётганмикинмиз, деб ўйланиб қоламан. Ундан ташқари Тошкентда қайнона ва қайнотамиз билан умр йўлдошимни акалари ва овсиним бирга туришади. Овсинимни 2та кичкина фарзандлари ҳам бор. Улар битта ўзлари уй юмушлари билан қийналиб қолмасмиканлар, деб кўп ўйлайман ва баъзида жуда ҳам виждоним қийналади. Лекин ота-оналаримиздан, яқинларимиздан ҳар доим хабар олиб, тез-тез телефон қилиб турамиз. Ота-оналаримиз: «Сизлар тинч-тотув юрган бўлсаларингиз, биз ҳам хурсандмиз дейишади». Шунга сизни маслахатингизни сўрамоқчи эдим. Мени ичимдан ўтаётган туйғулар тўғрими? Нега баъзида виждоним қийналади? Илтимос Обидхон қори ака, шу саволимга жавоб бера оласизми? Ҳозир биламан, Рамазон ойи бўлганлиги учун кўп вақтингиз бўлмаса керак. Хатимга жавоб ёзсангиз, жуда ҳам хурсанд бўламан. Аллоҳ рози бўлсин сиздан. Олдиндан катта раҳмат. Агар вақтингиз бўлмай, жавоб бера олмасангиз ҳам майли.

Г.

Жавоб: Ҳурматли синглим Г. Табрикларингиз ва яхши тилакларингиз учун ташаккурлар айтаман. Аллоҳ таоло сизга ва оилангизга икки олам саодатини ато айласин. Ота-онанинг фарзанд устидаги ҳақларини ўйлаб ва қариндошлик ҳурматини риоя қилиб, ташвиш чекаётганингиз учун ҳам Аллоҳ сизга ажрлар ато қилади, деб умид қиламан. Сизнинг бу хатингиз ушбу замонда ота-онасидан, қариндошларидан ва мусулмонлардан узилиб яшаётган кўплаб ёшлар учун арзигулик ибратдир.

 عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » الرَّحِمُ مُعَلَّقَةٌ بِالْعَرْشِ تَقُولُ مَنْ وَصَلَنِى وَصَلَهُ اللَّهُ وَمَنْ قَطَعَنِى قَطَعَهُ اللَّهُ «. (رواه مسلم).

 Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят. У киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қариндошлик Аршга осилган ҳолда айтади: «Кимки мени риоя қилса, Аллоҳ уни риоя қилсин. Кимки мендан алоқани узса, Аллоҳ ундан алоқани узсин». (Муслим ривояти).

Ота-она ва қариндошлар билан мустаҳкам алоқада бўлиш Ислом динининг қатъий талабларидан биридир. Фарзанд устида энг кўп ҳақи бўлган зотлар ота-она саналади. Агар ота-она ўғилнинг ёрдамига муҳтож бўлса ёки уни ўз ёнида бўлишини талаб қилса, фарзанд уларга бўйсуниши лозим. Аммо фарзанд узрли сабаб билан узоққа кетишга мажбур бўлган бўлса, гуноҳкор бўлмайди. Узрли сабаблар деганда ўз юртида мавжуд бўлмаган илм ёки касбни ўзлаштириш ё эса ҳаётни хавфдан сақлаш тушунилади. Бу ҳолатларда ҳам фарзанд ота-онанинг розилигини олишга ҳаракат қилиши зарур. Мазкур узрлар ўртадан кўтарилиши билан инсон ота-она ёнига қайтиши керак.

Сизлар агар касб-кор учун хорижда яшаётган бўлсангиз, юртингизда давлат томонидан тазйиқ бўлмаса, ишингизни асталик билан ўз ватанингизга кўчиришга ҳаракат қилишингиз кўп жиҳатдан фойда, деб ўйлаймиз. Чунки инсон ўз динининг саломатлиги, ҳамда фарзандларининг тарбияси ва келажаги учун ҳам мусулмон миллатдошлари орасида яшагани фойдали. Бундан ташқари мусулмон инсоннинг касб-кори ва дунёвий ҳаракатлари умуммусулмонлар манфаатига қўшилаётган ҳисса бўлиши лозим. Акс ҳолда у фақат дунё учун яшаётган худбин ва молпараст кимсага айланади. Мусулмонларнинг муаммолари ва қайғуларидан таъсирланмайдиган виждонсизлар қаторига қўшилади. Бундай турмуш тарзи эса оила ва жамиятда жуда кўп мусибатлар келиб чиқишига сабаб бўлади.

Хориж юртларида яшаётган инсонлар фарзанд тарбиясини касб-кор қилиш ёки илм олишдан кейинги ўринга қўйишлари мумкин эмас. Сизларнинг фарзандингиз ҳали кичик. Аллоҳ унга бахтли келажак ато қилсин. Бу яхшиликка эришиш учун фарзанд ўсиб, ақли кирган пайтда ота-она иймон ва Ислом муҳити ҳукм сураётган ерда яшаётган бўлишлари керак. Бунинг учун ота-она мусулмонлар орасида бўлишлари, турган маҳаллаларида масжид бўлиши, эркак киши 5 маҳал намозни жамоат билан ўқиши, эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам илм ва тарбия оладиган жамоати бўлиши, оила ва жамиятда динга бемалол амал қиладиган шароитга эга бўлишлари керак.

Агар сизлар ҳозирда юқорида таърифи келтирилган муҳит ичида яшаётган бўлсанглар, унда яхши, алҳамдулиллоҳ. Бундай ҳолатда то уйга қайтгунингизча ота-она ва бошқа яқин қариндошларингизга мурувват ва эҳсонлар қилиб туришингиз савобли ишлардан саналади. Айниқса, ота-онангизнинг ёнларида туриб, сизларнинг ўрнингизга ҳам хизматлар қилаётган инсонларга вақти-вақти билан ота-онангизникига қўшиб, ҳадялар юборишингиз, уларни хурсанд қилишингиз яхши иш, валлоҳу аълам. Шунда уларнинг савобларига шерик бўласизлар, иншоаллоҳ. Сизларга Аллоҳ таолодан ҳамма яхшиликларни тилаб, Обидхон.