Қарздорга закот бериш қоидаси

Бўлимлар: 04. Закот

Савол: Мен қайинсинглимга олдинги йил 1 йилга савоб учун ҳеч қанча фоизсиз қарз берган эдим. Лекин унинг меникидан ташқари яна 30.000 доллар қарзи бор. (Қайнотаси бизнес қиламан деб катта пулга тушган, шуни божам билан қайинсинглим тўлашаяпти.) Хуллас закотимни ҳисоблаб чиқсам, қарзини учдан 1 қисмини закот қилишим керак экан. Айтингчи қарзини учни олиб, 1ни уларга закот қилсам шариатда мумкинми?

Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

А.

Жавоб: Шариатда бировнинг қарзи учун бошқа биров жавобгар бўлмайди. Қарз берган одам қарздорнинг ўғил ёки қизидан пул талаб қилиши мумкин эмас. Агар қиз ёки куёв ўз ихтиёрлари билан оталарига ёрдам қилишаётган бўлса, бу албатта савобли иш.

Қарзни закотга ҳисоблаб юбориш мумкин эмас

Агар саволни тўғри тушунган бўлсак, қарзни закотдан ҳисоблаб юбориш ҳақида гап кетаяпти. Бу мумкин эмас. Чунки закот алоҳида ибодат, қарз бериш алоҳида савобли иш. Ҳар бир амал учун алоҳида ният қилинади. Қарз бераётган пайтда закот нияти бўлмайди. Закот нияти закот бераётган вақтда қилинади.

«Исламвеб» саҳифасида берилган фатвода бундай дейилади:

«Қарзни закотдан деб эътибор қилиб, ҳисобдан чиқариш закот бериш ўрнига ўтмайди. Бунинг сабаби – валлоҳу аълам – закотни лойиқ ўринга бераётган пайтда ният шарт қилинади. Анави молни (яъни қарзни) эса сиз қарз юзасидан бергансиз, закот учун эмас…» (islamweb/50958)

Ҳар қандай қарздорга закот берилмайди

Ҳар қандай қарздор закотга лойиқ бўлавермайди. Баъзи молпараст кимсалар бўлади – қўлида етарли пули ёки ортиқча мулки бўла туриб ҳам қарзини тўламай, ана-мана, деб чўзиб юради.

Сиз агар қайинсинглингизга закот бермоқчи бўлсангиз, унинг қарз учун тўлайдиган пули ёки сотса бўладиган, ҳожатдан ташқари қимматбаҳо мулки бор ёки йўқ эканини билишингиз керак. Агар бундай нарсалари йўқ бўлса, унга закотингизни беришингиз мумкин.

Кундалик ҳожатига ишлатмайдиган машинаси ёки ўзи яшамаётган уй-жойи бор қарздор кимса закот молига кўз тикмасдан қўлидаги ишламаётган молларини сотиб, қарзини узиши лозим. Закот эса ортиқча моли йўқ муҳтож одамларга берилиши керак.