Хатми Қуръондан сўнг қандай дуо қилинади?

Савол: Рамазон ойида биринчи марта хатми Қуръон қилиб бўлгандан кейин суннатга мувофиқ қандай дуолар қилган маъқул? Шу ҳақда айтиб ўтсангиз. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Абдураҳмон.

Жавоб: Қуръони каримни Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа пайтларда ҳам бошидан охиригача ўқиб, хатм қилиш мусулмон инсон учун шарафли мустаҳаб амаллардан биридир. Сиз Аллоҳ таолонинг муқаддас китобини суйиб тиловатлар қилаётган экансиз, У Зотнинг Ўзи бу ибодатингизни қабул айласин ва ҳаётингизни баракотли, мазмунли қилсин.

Қуръонни хатм қилган пайтда дуо қилиш салафлардан қолган яхши одат. Зеро, солиҳ амаллар устида дуолар тезроқ қабул бўлиши умид этилади.

Хатми Қуръондан сўнг Расулуллоҳ ёки саҳоблардан эшитилган бирор махсус дуо борми, деган саволга қуйидаги фатволар жавоб бўлади.

Саҳиҳ суннатда хатми Қуръон учун хосланган дуо келмаган

«Пайғамбар суннатларида Қуръони каримни хатм қилгандан кейин ўқиладиган бирор хос дуо келмаган. Хос дуо ҳақида ҳатто на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва на машҳур имомлардан бирор сўз айтилган. Бу бобга нисбат бериладиган машҳур дуо кўпгина мусҳафларнинг охирига ёзилиб, шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳга нисбат бериладиган, аммо у кишидан экани исботсиз, асли йўқ дуодир». (islam-qa / 65581).

 «Биз хатми Қуръон учун «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шуни ўқир эдилар», деган ёки у зот бирор кишини ўқишга буюрган масхус дуо бор эканини билмаймиз. Локин Қуръон ўқиган одам учун қироатдан сўнг дунё ва Охират яхшиликларидан истаганича зикр қилиб, Аллоҳнинг фазлидан сўраб, дуо қилиши мустаҳабдир. Аҳмад, Табароний «АлКабир»да Имрон ибн Ҳусайндан бундай ривоят қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қуръонни ўқиб, унинг воситасида одамлардан сўрайдиган қавм келгунича сизлар уни ўқинглар ва унинг воситасида Аллоҳдан сўранглар». Яна Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан собит бўлганки, у киши Қуръонни хатм қилганларида болаларини ва оила аъзоларини тўплар, улар билан бирга дуо қилар эдилар».  (islamweb/11726)

Хатми Қуръон намоз ичида бўлса, дуо қилинадими?

Маълумки, хатми Қуръон намоздан ташқарида ҳам, намоз ичида ҳам қилинади. Айниқса, Рамазон ойида таровиҳ намозлари асносида Қуръони каримни хатм қилиш суннати давом этиб келади, алҳамдулиллоҳ. Баъзан намоз ичида хатми Қуръон қилинганда ҳам дуо қилиш ҳоллари учрайди. Хўш, хатми Қуръон намоз ичида адо этилса, дуо қилинадими?

«Хатми Қуръондан сўнг дуо қилиш, деганда ё намозда хатм қилгандан кейин дуо қилишни  ёки намоздан ташқарида хатм қилгандан кейин дуо қилишни тушунилади. Намозда хатм қилгандан кейин дуо қилишнинг асли йўқ. Аммо намоздан ташқарида бўлса, Анас разияллоҳу анҳунинг шундай қилганлари ҳақида айтилган». (islam-qa / 65581).