Витрдан сўнг яна нафл ўқиш мумкинми?

Бўлимлар: 02. Намоз

Савол: Таровиҳдан кейин витрни ўқиб ётсак, кейин яна  барвақт туриб саҳарликкача намоз ўқисак бўладими, умуман ҳамма вақтда ҳам витрдан кейин бомдодгача бошқа намоз ўқишнинг кароҳати йўқми?

Жавоб: Витр луғавий жиҳатдан тоқ, деган маънода бўлиб, истилоҳда витр намози тушунилади. Витр намози хуфтон билан тонг отиши оралиғида ўқилади. Витр намозининг ҳукми жумҳур наздида суннати муаккада, ҳанафий уламолар наздида вожибдир.

عن ابن عمر رضي الله عنه قال النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : اجْعَلُوا آخِرَ صَلاَتِكُمْ بِاللَّيْل وِتْرًا (رواه البخاري ومسلم).

 Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Намозларингизнинг охирини тоқ қилинглар». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Витр намозини хуфтоннинг суннатидан кейиноқ ўқиган афзамли ёки туннинг охирига бориб ўқиш афзалми, деган масалага мана бу ҳадис аниқлик киритади:

عَنْ جَابِرٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم: » مَنْ خَافَ أَنْ لاَ يَقُومَ مِنْ آخِرِ اللَّيْلِ فَلْيُوتِرْ أَوَّلَهُ وَمَنْ طَمِعَ أَنْ يَقُومَ آخِرَهُ فَلْيُوتِرْ آخِرَ اللَّيْلِ فَإِنَّ صَلاَةَ آخِرِ اللَّيْلِ مَشْهُودَةٌ وَذَلِكَ أَفْضَلُ «.  (رواه ومسلم).

 Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки туннинг охирида тура олмаслигидан қўрқса, туннинг аввалида витр ўқисин. Кимки тун охирида туришдан умид қилса, туннинг охирида витр ўқисин. Чунки кечанинг сўнггидаги намоз гувоҳлар хозир бўладиган намоздир ва ана шу афзалдир». (Муслим ривояти).

Витрни ўқиб ётган одам саҳар пайтигача яна уйғониб қолса, Аллоҳ насиб этганича нафл намоз ўқиши жоиз, валлоҳу аълам.

Уламолар бунга далил қилиб Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадисни келтиришган. Ҳадисда Абу Салама ибн Абдурраҳмон Оиша онамиздан Расулуллоҳнинг намозлари ҳақида сўраганлари зикр этилади. Оиша разияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрдан сўнг ўтирган ҳолларида икки ракъат намоз ўқиганларини айтганлар.