Рўза тутган ҳолда маний келишига йўл қўйса

Савол: Бир киши рўза тутган ҳолатида, яъни саҳарликдан сўнг бомдод намозигача аёли билан бўлган… Шунда маний келган. У киши «менинг шаҳватим  кучли эди, мен ўзим шуни билар эдим», деб надомат чекмоқда. Шунинг ҳукми қандай бўлади?

Абу Муҳаммад.

Жавоб:

Маълумки, рўза тутган ҳолда эр ва аёлнинг хос муносабатларга киришиши (жинсий алоқа) ҳаром саналади. Бундай ишни қилган эр ҳам, аёл ҳам гуноҳи кабира содир этган бўлади. Бу гуноҳни ювиш учун Шариатда каффорат белгиланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг кундузида шундай гуноҳни содир қилган одамни бир қул озод этишга буюрганлар. Бундай имконияти бўлмаган инсон икки ой кетма-кет рўза тутиши шарт қилинади. Жиддий узр сабабидан бунга ҳам қодир бўла олмайдиган одам 60 мискиннинг қорнини тўйғазади. Шу билан бирга рўзасини бузган кун учун алоҳида рўза тутиши, кўп тавба қилиши, истиғфор айтиши лозим бўлади.

Саволда сўралган масала бундан камроқ даражадаги ҳолат ҳақида. (Савол матни қисқартириб берилмоқда). Рўза пайтида бундай ҳолатга тушишнинг ҳукми уламолар ижтиҳодларида ҳаром, макруҳ ва мубоҳ орасида баён қилинган. Ўзини тута олмайдиган одам учун каффоратга сабаб бўладиган гуноҳи кабирадан қуйироқдаги ҳолатга тушишнинг ҳаром экани барча фуқаҳолар назарларида иттифоқ қилинган масаладир.

Каффоратга олиб бормайдиган ҳолатлар туфайли маний келса, рўза албатта бузилади ва бу кун учун қазо рўзасини тутиш фарз бўлади. Рамазон ойида бирор хато билан ёки қасддан рўзасини очган одам кун ботгунга қадар овқатдан ва рўзага зид ишлардан тийилиши вожиб бўлади. Унинг тийилиши рўзадан ҳисоб қилинмаса ҳам муборак ойнинг ҳурматини сақлаш учун фарздир.

Мавзуга оид савол-жавоблардан яна:

* Истимно рўзани бузади

* Рўзада маний ва мазий келишининг ҳукми