Молни сотиб олгандан сўнг қайтариш мумкинми?

Бўлимлар: 20. Савдо-сотиқ

Савол: Мен автомашинамни бир инсонга сотдим. У одам менга машинанинг пулини тўртдан бир қисмини берди. Қолган қисмини ҳар ой қисман-қисман беришига келишдик. Мен машинамни ҳамма камчиликларини олдиндан айтдим. Машина унга ёқди ва у одам рози бўлиб машинамни олиб кетди. 1 ҳафта машинани миниб, сўнг қайтариб олиб келди ва пулини қайтариб беришимни сўради. Сабаби машина унга ёқмабди. Бундай ҳолатда шариат нуқтаи назаридан шартлашган томондан бири шартини бузса, у томонидан тўланган бир қисм пул қайтариладими ёки йўқми? Бунинг ҳукми қандай бўлади?

Зафар.

Жавоб: Икки томон ўз ихтиёри билан байлашиб, бирор нарсани олди-сотди қилган ва бай ўзининг рукнлари ва шартларига мувофиқ ҳолда амалга ошган бўлса, келишувга амал қилиш ҳар икки томон учун вожиб бўлади. Ҳеч бир тараф иккинчи тарафнинг розилигисиз савдони бузишга ҳақи йўқ. Савдо ўз қонунига биноан амалга ошгандан сўнг мол олганники, пул сотганники бўлади.

Лекин баъзан ё у томон ё бу томон байни бекор қилишни истаб қолади. Бундай пайтда худди савдони амалга оширган вақтда бўлгани каби яна икки томоннинг розилиги билан иш тутиш лозим бўлади. Яъни, агар савдони бузишга ҳар икки томон рози бўлсалар, мол ҳам, пул ҳам ўзининг аввалги эгаларига қайтиши мумкин. Буни Шариатда «иқола», деб айтилади. Иқола ҳар икки томоннинг розилиги асосида келишувни бекор қилиш, дегани. Бу ҳукм ҳар қандай келишувларга тегишли бўлиб, савдо-тижорат келишувлари ҳам шулар қаторидадир.

Агар бирор ишда битимга эришган томонлардан бири узрли сабабга кўра келишувни бажаришга қийналиб қолса ёки шундай келишув ўзи учун бефойда эканини англаб, афсус чекса, бу битимдан чиқишга рухсат сўраб, иккинчи томондан илтимос қилиши мумкин. Бу пайтда иккинчи томон учун бу илтимосни қондириш мустаҳаб бўлади. (islamweb/48130).

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: » مَنْ أَقَالَ مُسْلِمًا أَقَالَهُ اللَّهُ عَثْرَتَهُ  «. ( رواه أبو داود وغيره، قال الألباني : صحيح).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки бир мусулмонни мажбуриятдан озод қилса, Аллоҳ уни хатоларидан озод қилсин». (Абу Довуд ва бошқалар ривояти; Албоний: саҳиҳ).

Бундай вазиятда илтимос қилинаётган одам илтимос қилаётган одамдан моддий маблағ ундирмайди. (islamweb/58367).

Баъзан молни қайтариб олиш истаги мол сотган одамдан чиқиши мумкин. Агар мол олган одам ўзининг пулидан ортиқча пул олмай молни қайтарса, юқоридаги ҳадисга кўра бу иши учун савоб олади, иншоаллоҳ.

Аммо шу билан бир қаторда фуқаҳоларнинг ижтиҳодларига кўра, бундай пайтда молнинг биринчи эгаси истаса, молни ўз нархидан кўра кўпроққа қайтариб олиши ҳам мумкин. (Islamweb/58618).