Ўт теккан нарсада оғиз очиб бўлмайдими?

Савол: Ифтор пайтида мен оғзимни қайнатилган сув билан очмоқчи бўлиб турсам, менинг ойим ва қизим «Ўт теккан нарсада оғиз очиб бўлмайди», деди. Шу ростми? Бизнинг оилада ҳамма шунақа дейди. Лекин мен хурмо билан оғиз очиш ҳақида ва унинг суннат эканлигини биламан, лекин ўт теккан нарса ҳақида ҳеч билмайман. Илтимос саволимга жавоб беринг. Мен ҳам оилам қатори унга амал қилай.

Ҳилола.

Жавоб: Ўт теккан нарсада оғиз очиб бўлмайди, деган эътиқод тўғри эмас. Ифтор пайтида бор бўлса хурмо, бўлмаса сув билан оғиз очилади. Агар ўша онда сув узоқроқда бўлса, мавжуд ҳалол егулик билан оғиз очилаверади.

Сувни қандай ҳолатда истеъмол қилиш афзал, деган масалага келсак, шуни эслаш лозимки, оддий қайнатилмаган сувда инсон ҳаёти учун зарурий элементлар, тирик мажудотлар бўлади. Сув қайнатилганда ана шу тирик организмлар ўлади. Аммо сув ифлосланган бўлса, ундаги микроблар инсон саломатлигига путур етказади. Шу туфайли суви ва ҳавоси бузилган кўп мамлакатларда сувни қайнатиб ичиш одат бўлган. Бундай муҳитларда ҳам агар одамлар сувни қайнатмасдан тозалашнинг йўлларини билсалар (масалан, тиндириш, фильтрлаш), ўзларини табиий сувнинг бебаҳо фойдасидан маҳрум қилмаганлари яхши. Ё эса ўшандай ўлкаларда магазинларда тозаланган ичимлик суви сотилади. Ўшалардан истеъмол қилиш мумкин.