Масжидул-Ҳаромда намоз ўқиш, тавоф ва саъй қилиш масалалари
Савол: Рамазон ҳаммамизга муборак бўлсин. Яхшилик, нусрат ва мукофотлар ойи бўлсин! Устоз, алҳамдулиллаҳ биз Маккадамиз. Шунга саволларим бор:
1) Ҳарамда намозда кўзни пастга қартиладими ёки Каъбага?
2) Тавофда мисол 5-мартада «Рукнул-ямон»да таҳорат кетса, ташқарига чиқиб, таҳорат қилиб келиб, ўша ердан давом этадими ёки бошидан, бирдан бошлайдими?
3) Тавофнинг, саъйнинг хос дуоси борми? Раҳмат.
Оилангизга хотиржамлик, саломатлик ва ҳамма яхшиликларни тилайман. Шунча йилдан бери орзиқиб кутаётган орзуларингиздан бири Ҳусниддинни Аллоҳ соғ-саломат қилиб, сабр ва умид билан кутаётганлар – сиз ва болаларига мукофот қилиб қайтарсин! Юсуф.
Жавоб: Яхши тилакларингиз учун раҳмат. Зиёратларингизни Аллоҳ таоло қабул этсин. Муқаддас заминда туриб қилаётган дуоларингизни мақбул айласин, омин. Рамазон ойини озодликда юрганларга ҳам, тутқунларга ҳам муборак қилсин. Маҳбусларга озодлик берсин.
1) Масжидул-Ҳаромда, Каъба қаршисида намоз ўқиётган одам кўзини саждагоҳга қаратади. Бу имом Моликдан бошқа жумҳур уламоларнинг қавлларидир ва тўғриси ҳам шу, валлоҳу аълам.
2) Каъбани тавоф қилишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоздаги каби таҳорат қилишга очиқ буйруқ келмаган. Шу сабабли ҳанафий фуқаҳолар ва Ибн Таймия таҳорат тавофнинг саҳиҳлик шартига кирмайди, дейишади. «Бадоеъус-саноеъ» китобида тавоф учун таҳоратли бўлиш фақат вожиб, дейилган (2/129). Бунинг маъноси шуки, таҳоратсиз қилинган тавоф ботил бўлмайди. Аммо жумҳур уламолар наздида тавофни таҳоратсиз қилиш мумкин эмас.
Дарҳақиқат, одатда ҳеч ким тавофни бетаҳорат ҳолда бошламайди. Чунки тавоф учун таҳорат қилиш лозим. Аммо тавоф пайтида таҳорат бузилса, нима бўлади? Бундай пайтда тавофдан чиқиб таҳорат олади. Сўнг тавофни келган жойидан давом эттиради.
«Исламвеб» саҳифасида тавофни умуман таҳоратсиз ҳолда бажарган одам ҳақида уламоларнинг турли қавлларини келтиргандан сўнг жумладан, бундай дейилган:
«Ҳанафий мазҳабига мансуб «Бадоеъус саноеъ» китобида айтилган: «Агар таҳоратсиз тавоф қилган бўлса, ҳали Маккада бўлса, тавофни бошқаттан қилиши вожиб бўлади. Чунки қайтадан қилиш амалнинг нуқсонини шу амалнинг тури билан қоплаш бўлади. Нарсани ўзининг тури билан қоплаш афзалдир. «
Яна шу китобда айтилган: «Агар тавофни қайтариб қилмаса ва юртига қайтса, бас унга қон вожиб бўлади. Таҳорати кетган бўлса, қўй сўяди. Жунуб бўлган бўлса, туя сўйиши вожиб бўлади». (Исламвеб/160631)
3) Уламолар тавоф ва саъй учун хос дуо ворид бўлмаганини айтишган. Тавоф ва саъй пайтида кўпроқ дуо қилиш, зикр ва истиғфор айтиш ёки Қуръон тиловат қилиш ғаниматдир. Фақат тавоф пайтида Рукни Ямоний билан Ҳажарул-Асвад орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу дуони ўқиганлари ривоят қилинган:
(ربنا آتنا في الدنيا حسنة، وفي الآخرة حسنة، وقنا عذاب النار)