Ўз юртидан узоқда илм олиш ҳақида нима дейсиз?
Савол: Қори ака, мен ҳам Ислом илмларига, араб тилига ва иншоаллоҳ араб мамлакатларида илм олишга ёшлигимдан жуда-жуда қизиқаман. Ҳозирда шу борада ҳаракат қилмоқда эдим.
Ўқишга ҳужжат тўплаш атрофида кўп кишиларнинг бу ҳақдаги салбий фикрларини эшитишимга тўғри келди. Улар ҳозирда араб мамлакатларида, айниқса, Макка ёки Мадинада илм олишдан қайтарадилар. Уларнинг аксари имомлар. Улар бу борада ўзларининг ёрдамларидан ҳам бош тортдилар. Тавсиянома олиш борасида кўп сарсон бўлдим. Уларни ҳам тушунаман, вазиятлари осон эмас. Ҳозирда холис хизмат қилиш ҳам диний, ҳам дунёвий соҳада мураккаб бир ҳолатга айланган. Уларнинг сўзларида ҳам жон бор. Улар хавф деб қараётган ҳолатларнинг гувоҳи бўлган кишиларни ҳам биламан.
Хуллас, Қори ака, сиз бу борада энг фойдали маслаҳатни бера оласиз, деган умидда сизга савол билан мурожаат қилмоқдаман. Албатта, киши ўзининг оиласи, ота-онаси олдида xотиржам яшаши яхши, лекин маълум муддатга бўлса-да, ер юзининг Аллоҳга энг яқин бўлган гўзал манзилларида, энг улуғ илмни олиш бахти ундан афзал эмасми? Юборган саволларимга ажратган вақтингиз ва берадиган жавобларингиздан Аллоҳ рози бўлсин.
Абдуллоҳ.
Жавоб: Бу саволга жавоб бериш учун аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини эсга олайлик:
.«من سلك طريقاً يلتمس فيه علماً سهل الله له به طريقاً إلى الجنة»
أخرجه البخاري
“Кимки илм излаб йўлга тушса, Аллоҳ унга шу туфайли жаннатга борадиган бир йўлни осон қилади”. (Бухорий).
Илм туфайли иймон ҳосил бўлади. Инсон Аллоҳга илм билан ибодат қилади. Илм сабаби билан ботилдан ҳақни, ҳаромдан ҳалолни ажратиб олади…
Илм учун сафар қилишга келсак, уламоларнинг одатларига кўра аввало инсон ўз юртидаги устозлардан билим ва тарбия олади. Сўнг бошқа юртлардаги олимлар ҳузурига сафар қилади.
Илм талабида сафар қилиш талабанинг илмини оширади, тушунчаларини тўлдиради, тўғрилайди. Тасаввурларини кенгайтиради. Бир устознинг ўзи билан чекланган одам бундай фазилатга эга бўла олмайди.
Демак, инсон аввало ўз юртидаги олимлар илмини олиши керак. Агар ўз юртида олимлар бўлмаса ёки улар дарс беришдан бош тортсалар, унда илм олса бўладиган ерларга кетиб илм ўқиши лозим.
Яна илм олишда мустақил равишда кўп китоб ўқиш, ҳозирги замон ютуқларидан, компьютер ва Интернет каби имкониятлардан фойдаланиш зарур. Аммо бу уч нарса ёрдамчи воситалар бўлиб, устознинг ўзидан юзма-юз илм олишнинг ўрнини боса олмайди.
Инсон ҳамма ишда бўлгани каби бир ерга сафар қилишда ҳам ўзининг имконият ва шароитларидан келиб чиқиб, албатта ота-онаси, яқин кишилари ва дўстлари билан маслаҳатлашган ҳолда қадам босгани яхши…
Podcast: Play in new window | Download