Кассетадан эшитилган сажда ояти учун сажда қилинадими?

Савол: Аудиотасмадан эшитилган сажда оятига тиловат саждаси қилиш вожибми?

Жазакаллоҳу хойрон.

Абдулазийм.

Жавоб: Қуръон тиловат қилаётган пайтда баъзи сураларда сажда оятлари келади. Шу оятни ўқиган ёки тинглаган одамнинг бир марта сажда қилиб олиши Суннатда келади. Бу саждани саждаи тиловат, деб айтилади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما قال: كان النَّبِىُّ صلى الله عليه و سلم يَقْرَأُ السُّورَةَ الَّتِي فِيهَا السَّجْدَةُ فَيَسْجُدُ وَنَسْجُدُ حَتَّى مَا يَجِدُ أَحَدُنَا مَكَانًا لِمَوْضِعِ جَبْهَتِهِ (رواه البخاري و مسلم).

 Абдулллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда бор сурани ўқиб, сажда қилар эдилар. Шунда биз ҳам сажда қилар эдик ва ҳатто баъзиларимиз пешонасини қўядиган жой топа олмай қолар эди. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Саждаи тиловат ҳақида бир неча ҳадислар мавжуд. Улардан баъзиларида Расулуллоҳ ҳузурларида Нажм сураси ўқилгани аммо сажда ояти ўтганда Расулуллоҳ сажда қилмаганлари ривоят қилинган. Муждаҳид фуқаҳолар бу ҳадисларни ўрганиш асносида икки хил ижтиҳодда бўлишган. Жумҳур уламолар наздида саждаи тиловат – суннат, ҳанафий фуқаҳолар наздида – вожибдир.

Кассетадан таралган сажда ояти учун сажда қилиш

Энди аудиотасмадан ёки радио-телевизордан эшитилган сажда оятига саждаи тиловат қилиш вожибми, деган саволга келсак, саждаи тиловат аслида вожиб эмас, дейдиган уламоларга кўра кассетада ёки компьютерда ўқилган сажда ояти учун саждаи тиловат машруъ бўлмайди.

(Ислом: савол ва жавоб/73402).

Баъзилар назарида эса кассетада эшитилган тиловат учун агар имконият топса, сажда қилиш мустаҳабдир. (Исламвеб/74012).

Ҳанафий уламоларнинг сўзларидан акс-садо ҳақиқий овоз саналмагани сабабли кассетадан эшитилган тиловат учун саждаи тиловат вожиб бўлмайди, деган маъно англашилади.

 وَإِنْ سَمِعَهَا من الصَّدَى لَا تَجِبُ عليه (الفتاوى الهندية – (1 / 132).

Агар сажда оятининг садосини эшитса, бу одамнинг зиммасида сажда қилиш вожиб бўлмайди. (Фатовойи ҳиндийя – 1/132).