Мутакаббирга қандай муомала қилиш керак?
Савол: Биз бир масалани ечолмадик. Бир биродар мутакаббирга мутакаббирлик билан жавоб бериш садақа, деб айтдилар. Шу ҳақиқатми? Шунга бирор бир далил борми?
Али.
Жавоб: Биз «мутакаббирга мутакаббирлик билан жавоб бериш – садақа», деган сўзнинг Қуръон ва ҳадислардан далили борлигини билмадик. Аммо кибрнинг энг ёмон гуноҳлардан бири экани ҳаммага маълум. Уламолар «Кибр – бахтсизлик калити», деб айтишган.
Кибр – бахтсизлик калити
:الكبر مفتاح الشقاء
قال الغزاليّ- رحمه اللّه- مفتاح السّعادة التّيقّظ والفطنة، ومنبع الشّقاوة الكبر والغفلة، فلا نعمة للّه على عباده أعظم من الإيمان والمعرفة، ولا وسيلة إليه سوى انشراح الصّدر بنور البصيرة، ولا نقمة أعظم من الكفر والمعصية ولا داعي إليهما سوى عمى القلب بظلمة الجهالة، فالأكياس هم الّذين أراد اللّه أن يهديهم فشرح صدورهم للإسلام والهدى، والمتكبّرون هم الّذين أراد اللّه أن يضلّهم فجعل صدرهم ضيّقا حرجا كأنّما يصّعّد في السّماء. فالمتكبّر هو الّذي لم تنفتح بصيرته ليكون بهداية نفسه كفيلا، وبقي في العمى فاتّخذ الهوى قائدا والشّيطان دليلا. فالكبر آفة عظيمة هائلة، وفيه يهلك الخواصّ من الخلق، وقلّما ينفكّ عنه العبّاد والزّهّاد والعلماء فضلا عن عوامّ الخلق، وكيف لا تعظم آفته وقد قال صلّى اللّه عليه وسلّم: «لا يدخل الجنّة من في قلبه مثقال ذرّة من كبر» وإنّما صار حجابا دون الجنّة لأنّه يحول بين العبد وبين أخلاق المؤمنين كلّها، وتلك الأخلاق هي أبواب الجنّة، والكبر يغلق تلك الأبواب كلّها، لأنّه لا يقدر على أن يحبّ للمؤمنين ما يحبّ لنفسه وفيه شيء من الكبر. فما من خلق ذميم إلّا وصاحب الكبر مضطرّ إليه ليحفظ كبره، وما من خلق محمود إلّا وهو عاجز عنه خوفا من أن يفوته عزّه. فمن هذا لم يدخل الجنّة من في قلبه مثقال حبّة منه
والأخلاق الذّميمة متلازمة، والبعض منها داع إلى البعض لا محالة. وشرّ أنواع الكبر ما يمنع من استفادة العلم وقبول الحقّ والانقياد له. (نضرة النعيم في مكارم أخلاق الرسول الكريم – (11 / 5353)، إحياء علوم الدين 3/ 345
Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ дедилар: Саодат калити уйғоқлик ва зийракликдир. Шақоват манбаси эса кибр ва ғафлатдир. Аллоҳнинг ўз бандалари учун иймон ва маърифатдан ҳам улканроқ неъмати йўқ. Бунга етиш йўли эса фақат басират нури ила қалбнинг очилишидир. Куфр ва маъсиятдан улканроқ азоб йўқ. Бу иккисига мубтало қилувчи иш қалбнинг жаҳолат зулмати туфайли кўр бўлиб қолишидан бошқа нарса эмас.
Ақлли инсонлар Аллоҳ уларни ҳидоят қилишни хоҳлаган, кўкракларини Ислом ва ҳидоят учун кенгайтириб қўйган зотлардир. Мутакаббирлар эса Аллоҳ адаштиришни истаган ва кўкракларини худди осмонга кўтарилишга уринаётган одамники каби тор ва сиқилган қилиб қўйган одамлардир.
Мутакаббир қалб кўзи очилмаган одамдирки, шу сабабли нафсининг ҳидояти унинг ўзига ташлаб қўйилган. Бунинг оқибатида у кўрликка мубтало бўлган ва ҳавосини ўзига раҳбар, шайтонни йўлбошчи қилиб олган.
Кибр улкан ва даҳшатли офатдир. Унинг ичида халқнинг хос кишилари ҳалок бўлади. Ундан омма халқ у ёқда турсин обидлар, зоҳидлар ва уламолар ҳам кам ҳолларда қутуладилар.
Кибрнинг касри нима учун улкан бўлмасин?! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қалбида зарра миқдорича кибр бўлган одам жаннатга кирмайди». Кибр шунинг учун жаннатдан тўсадиган пардага айланганки – у банда билан мўминларнинг барча хулқлари орасини ажратиб туради. Мўминлик хулқлари жаннат дарвозаларидир. Кибр бу дарвозаларнинг ҳаммасини бекитади. Чунки кибрдан озгина насибаси бор одам ўзига яхши кўрган нарсани мўминлар учун яхши кўра олмайди. Нимаики ёмон хулқ бор экан, кибр соҳиби ўз кибрини сақлаш учун ўша ёмон хулққа муҳтож бўлади. Нимаики яхши хулқ бор экан, мутакаббир одам «азизлиги» йўқолиб қолишдан қўрқиб, ўша яхши хулқни ўзига олишдан ожиз бўлиб қолади. Шунинг учун кимнинг дилида кибрдан зарра миқдорида бўлса, жаннатга кирмайди, деб айтилган.
Ёмон хулқлар бир-бирига ёпишган ҳолда бўлади. Уларнинг бири албатта иккинчисини чақиради. Кибр турларининг энг ёмони илмдан фойдаланишни, ҳақни қабул этишни ва унга бўйсунишни тўсадиганидир.
(Назратуннаийм фий ахлоқир-расулил-карийм – 11/5353), (Иҳёул-улумиддин – 3/345).
Мутакаббир кимсага қандай муомала қилинади?
Мутакаббир кимсага қандай муомала қилиш керак, деган масалага бир суҳбатнинг ўзида тўлиқ жавоб бериш қийин, деб ўйлаймиз. Қисқароқ бир сўз айтадиган бўлсак, унга худди касалга муомала қилгандек муомала қилиш керак, деймиз. Кибрли одам билан алоқа қилишга мажбур бўлган одам ўзини руҳий бемор билан муомала қилаётган табибдек сабрли ва ақлли тутишга тўғри келади, валлоҳу аълам.
Мутакаббирлик қалб касали бўлиб, у чала тавҳид, илмсизлик, тор тушунча ва ёмон тарбиядан пайдо бўлади. Кимки соғлом ва бутун ақида, шаръий илм, кенг тушунча, яхши хулқ ва сабр каби неъматлардан маълум насибага эга бўла олган бўлса, мутакаббир одамга кибр касалидан қутулишда ёрдам бера олади, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таолодан сўраймиз, У Зот барчамизга кибр ва ҳаво балосидан паноҳ берсин.