Ота-она ажрашса, бола ким билан бўлади? (1)

Савол: Эр-хотиннинг турмуши бузиладиган бўлса, Исломда фарзанд кимга қолади? Иложи борича тезроқ жавоб берсангиз, илтимос. Жазакaллоҳу хойр.

Ҳамидулло.

Жавоб: Аллоҳ таоло барча мусулмон оилаларни мустаҳкам қилсин. Фарзандларнинг бахти бутун бўлиши учун ота-оналар бир-бирларига чиройли муомала қилишлари, муросаю мадора йўлини тутишлари, ўзаро камчиликларга сабрли бўлишлари, ўз хатоларини тузатишлари, истиғфор айтишлари зарур.

Тарбия босқичлари «ҳазонат» ва «кафолат»

Ислом фиқҳида қўл остидаги жамоат ёки қарамоғидаги шахснинг ҳолидан хабардор бўлишни, уларнинг ишларини бошқаришни «вилоят», (وِلاَيَةَ), деб номланади.  Болага эгалик қилиш ва уни тарбиялаш ҳам вилоят турларидан бири саналади.  Ўзбек тилида бундай истилоҳ бўлмаса ҳам биз бу вазифани валийлик, деб, вазифа юклатилган шахсни валий, деб айтишимиз мумкин. (Ўзбек тилида бу маънога яқин «васийлик» атамаси бўлиб, у фақат етим болани ўз қарамоғига олишни англатади).

Болага валийлик қилиш икки босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқич «ҳазонат» (حَضَانَة), деб айтилади. Бунинг тўлиқ ифодаси «ҳазонат валийлиги» бўлади.

Иккинчи босқич «кафолат» (كَفَالَة), деб номланади. Буни «кафолат валийлиги» ёки кафиллик, деб айтиш ҳам мумкин. Ўзбек тилида кафиллик атамаси бор.

Ҳазонат ўғил бола учун 7-8 ёшгача, қиз бола учун балоғат ёшигача давом этади.

Агар ота-она бирга бўлсалар, ҳазонат ҳуқуқида теппа-тенг бўладилар. Агар улар ажрашсалар, ҳазонат ҳақи онада, кафиллик ҳуқуқи отада бўлади.

Ўғил бола 7-8 ёшга етганда, қиз бола балоғатга етганда кафолат ҳуқуқи отага ўтади. Чунки ўғил болани ўқитиш ва касб ҳунар ўргатиш отанинг зиммасидаги вазифа. Қиз бола эса балоғатга етгунча кўпроқ аёл кишига муҳтож бўлади.

Кафиллик ҳақи отада бўлишига яна бир сабаб – у ўз насаби ва шаънини ҳимоя қилиши, сақлаши лозим. Зеро, зурриёт ва насл-насаб ота билан белгиланади.

Фиқҳий қомус бундай ёзилган:

أَمَّا إِذَا افْتَرَقَ الأْبَوَانِ فَإِنَّ الْحَضَانَةَ تَكُونُ لِلأْمِّ أَوَّلاً عِنْدَ جَمِيعِ الْفُقَهَاءِ ، لَكِنَّهُمْ يَخْتَلِفُونَ فِي وَقْتِ انْقِضَاءِ حَضَانَتِهَا …

 وَيَقُول الْحَنَفِيَّةُ تَنْقَضِي حَضَانَةُ الأْمِّ بِبَلُوعِ الأْنْثَى وَبِاسْتِغْنَاءِ الذَّكَرِ ، بِأَنْ يَأْكُل وَحْدَهُ ، وَيَشْرَبَ وَحْدَهُ ، وَيَسْتَنْجِيَ وَحْدَهُ ، دُونَ تَقْدِيرِ سِنٍّ ، وَذَكَرَ الْخَصَّافُ سَبْعَ سِنِينَ أَوْ ثَمَانِيَ سِنِينَ . وَإِذَا اسْتَغْنَى الذَّكَرُ أَوْ بَلَغَ سَبْعَ سِنِينَ أَوْ ثَمَانِيًا كَمَا يَقُول الْخَصَّافُ انْتَقَلَتْ حَضَانَتُهُ لِلأْبِ إِلَى بُلُوغِهِ (البدائع 4 / 42) (الموسوعة الفقهية الكويتية – (7 / 48).

Аммо отаона ажрашсалар, ҳазонат ҳаққи барча мазҳабларда аввало онага берилади…

Ҳанафийлар айтадиларки, онанинг ҳазонати қиз балоғатга етиши билан, ўғил бола ўзи еб-ича оладиган ва ҳожатга ўзи бора оладиган бўлиши билан тугайди. Ушбу муддат ёш билан белгиланмайди. Хассоф бу муддатни 7 ёки 8 ёш, деб айтган. Ўғил бола ўзи ебича оладиган бўлса ёки Хассоф айтгандек, 7-8 ёшга етса, ҳазонат отага ўтади ва бу ҳақ бола то балоғатга етгунга қадар давом этади. (Ал-Бадоеъ – 4/42) (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 7/48).  

Валийлик шартларидан баъзилари

Бола кимнинг қарамоғида бўлмасин, ота-она уни вақти-вақти билан кўриб туриш ҳақига эгадир. Бу ҳаққа монелик қиладиган ишлар (масалан, бошқа шаҳарга кўчиш) ҳазонат ҳуқуқидан маҳрум этилишга сабаб бўлади.

Гўдакнинг она билан бирга бўлиш шартларидан бири онанинг болага бегона бўлган эркак билан турмуш қурмаслигидир.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو أَنَّ امْرَأَةً قَالَتْ يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّ ابْنِى هَذَا كَانَ بَطْنِى لَهُ وِعَاءً وَثَدْيِى لَهُ سِقَاءً وَحِجْرِى لَهُ حِوَاءً وَإِنَّ أَبَاهُ طَلَّقَنِى وَأَرَادَ أَنْ يَنْتَزِعَهُ مِنِّى فَقَالَ لَهَا رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : » أَنْتِ أَحَقُّ بِهِ مَا لَمْ تَنْكِحِى «. (رواه  أبو داود، قال الألباني : حسن).

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят. Бир аёл деди: «Эй Расулуллоҳ, мана бу ўғлимга менинг қорним идиш, кўкрагим меш, қўйним маскан эди. Отаси мени талоқ қилди ва буни мендан тортиб олмоқчи бўлди». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар турмушга чиқмасанг, болага сен ҳақлироқсан». (Абу Довуд ривояти. Албоний: ҳасан).

Ҳазонат ва вилоят ҳуқуқига эга бўладиган одам учун қўйиладиган яна бир неча шартлар бор. Улардан баъзилари ҳақида мана бу ерда ўқишингиз мумкин:

Ота-она ажрашган ҳолатда бола тарбияси

Болани тарбия қилиш масъулияти 7-8 ёшдан кейин асосан отада бўлгани сабабли Шариатда отанинг зиммасига алоҳида вазифалар юкланган. Бу ҳақда иншоаллоҳ кейинги мақолада гапирамиз.