Бошқа диндаги аёлга уйланиш шартлари нима?

Бўлимлар: 18. Никоҳ

Савол: Обидхон қори ака, бизни қизиқтираётган савол шуки, мусулмон бўлган инсон ғайри динга уйланса бўладими? Аллоҳ рози бўлсин.

Лутфуллоҳ.

Жавоб:  Аҳли сунна фуқаҳолари аҳли китоб аёлларга уйланиш Қуръони карим ояти билан жоиз, дейишади.

 { الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الْمُؤْمِنَاتِ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ إِذَا آتَيْتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ مُحْصِنِينَ غَيْرَ مُسَافِحِينَ وَلَا مُتَّخِذِي أَخْدَانٍ وَمَنْ يَكْفُرْ بِالْإِيمَانِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ }. (المائدة 5).

«Бугун сизларга покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сизлар учун ҳалол, сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Мўминалардан ҳам покдомонларига, сизлардан аввал китоб берилганлардан ҳам покдомон аёлларга – агар уларга маҳрларини берсангизлар – ўзингизни зинодан пок сақлаган ва бировни ўйнаш тутмаган ҳолингизда уйланишингиз ҳалол». (Моида/5).

Шу билан бир қаторда Исломда аҳли китоб аёлларга уйланиш муслима қиз ёки муслима аёлга уйланиш билан баробар саналмаслигини эслаб ўтиш даркор.

Қандай қизга уйланиш афзал?

Фиқҳий қомуснинг «Аёлда мавжуд бўлиши мустаҳаб саналадиган фазилатлар» бобида бундай дейилган:

مَا يُسْتَحَبُّ فِي الزَّوْجَةِ مِنْ أَوْصَافٍ :

ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى أَنَّهُ يُسْتَحَبُّ لِمَنْ أَرَادَ النِّكَاحَ أَنْ يَتَخَيَّرَ الْمَرْأَةَ الَّتِي تَجْتَمِعُ فِيهَا الأَْوْصَافُ التَّالِيَةُ ، أَوْ بَعْضُهَا :

أ – أَنْ تَكُونَ ذَاتَ دِينٍ :

31 – ذَهَبَ الْفُقَهَاءُ إِلَى أَنَّهُ يَسْتَحِبُّ لِلرَّجُل أَنْ يَتَخَيَّرَ لِلنِّكَاحِ الْمَرْأَةَ ذَاتَ الدِّينِ ، لِحَدِيثِ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ تَعَالَى عَنْهُ أَنَّ رَسُول اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال : » تُنْكَحُ الْمَرْأَةُ لأَِرْبَعٍ : لِمَالِهَا ، وَلِحَسَبِهَا ، وَلِجَمَالِهَا ، وَلِدِينِهَا ، فَاظْفَرْ بِذَاتِ الدِّينِ تَرِبَتْ يَدَاكَ » (البخاري ومسلم)، أَيِ اسْتَغْنَيْتَ إِنْ فَعَلْتَ ، أَوِ افْتَقَرْتَ إِنْ لَمْ تَفْعَل .

وَفَسَّرَ الشَّافِعِيَّةُ ذَاتَ الدِّينِ بِالَّتِي تُوجَدُ فِيهَا صِفَةُ الْعَدَالَةِ وَالْحِرْصِ عَلَى الطَّاعَاتِ وَالأْعْمَال الصَّالِحَةِ وَالْعِفَّةِ عَنِ الْمُحَرَّمَاتِ ، لاَ الْعِفَّةِ عَنِ الزِّنَا فَقَطْ .وَقَال الْحَنَفِيَّةُ : يُنْدَبُ أَنْ يَخْتَارَ الزَّوْجُ مَنْ فَوْقَهُ خُلُقًا وَأَدَبًا وَوَرَعًا (الدر المختار ورد المحتار 2 / 262). (الموسوعة الفقهية الكويتية – (41 / 227).

Фуқаҳолар уйланишга ният қилган инсон учун қуйидаги сифатларнинг ҳаммаси ёки баъзилари мужассам бўлган аёлни танлаш мустаҳаб эканлигини баён қилишган:

А) Диндор бўлиши:

31. Фуқаҳолар эркак киши уйланишда диндор аёлни танлаши мустаҳаб эканини айтишган. Чунки Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аёл киши тўрт хил эътибор билан никоҳланади: моли учун, шарафи учун, чиройи учун, дини учун. Қўлинг тупроққа қоришгур, диндорини топ». (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Яъни шундай қилсанг, бой бўласан. Қилмасанг, камбағал бўлиб қоласан.

Шофеийлар диндорликни адолат, тоат ва солиҳ амалларга берилиш, фақат зинодангина эмас, балки барча ҳаром ишлардан пок бўлиш, деб тафсир қилганлар. Ҳанафийлар эркак хулқда, одобда ва тақвода ўзидан устунроқ бўлган аёлни танлаши афзал эканини айтишган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 41/227).

Китобийя қизга уйланиш шарти

Уламолар «Сизлардан аввал китоб берилганлардан ҳам покдомон аёлларга» , деган оятга асосланган ҳолда аҳли китоб аёллардан фақат ўз номусини пок сақлаганларига уйланиш жоизлигини айтишган.

Муфассирлар имоми Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарир Ат-Табарий «Жомеул-баён ан таъвили ойил-Қуръон»да (8/165) китобийя аёлга уйланиш шартида яна бундай деганлар:

أن تكون بموضع لا يخاف الناكح فيه على ولده أن يُجبر على الكفر

 «Аёл шундай ерда бўлиши керакки, уйланадиган инсоннинг фарзанди у ерда куфрга мажбур қилинадиган бўлмаслиги керак».

Маълумки, Исломга кўра фарзанд отанинг динида бўлади. Мусулмон отадан туғилган бола – агар она бошқа динда бўлса ҳам – мусулмон ҳисобланади. Аммо айрим мамлакатларнинг қонун ва урф-одатларига кўра фарзанд тарбиясида она устунроқ туради. Ана шундай шароитларда ота-онанинг икки хил динда бўлиши бола тарбиясида муаммолар келтириб чиқариш эҳтимоли кучлидир.

Уйланадиган инсон фақат бугунги кунини ўйлаш билан кифояланиши тўғри эмас. У оёғининг тагидан кўра узоқроқни ҳам кўра билиши ва мушоҳада қилиши зарур. У келажак ҳаётини ҳам тўғри режалаштириши лозим. Шундай экан, йигитнинг ўз дини ва миллатидаги қиз билан турмуш қуриши ҳаётнинг кейинги босқичлари учун муносиброқ бўлади, валлоҳу аълам.

Қўшимча маълумот учун:

Бошқа миллат қизига уйланиш мумкинми?