Қарши чиқиш ҳаром бўлган раҳбар ким? (3)
Бугун мусулмон дунёсининг турли бурчакларида юзага келган оммавий норозиликлар фонида подшоҳга қарши бош кўтариш мавзусининг шаръий жиҳатлари ҳақида турли фикрларни эшитишимиз табиий. Чунки тушунчалар ва манфаатлар турли-туман экан, вазиятга баҳо бериш ва хулосалар чиқариш ҳам шунга яраша бўлади.
Айрим тоифалар «Давлат раҳбарига қарши чиқиш ҳаром, бу Исломда мутлақо йўқ амал», дейдилар. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
Фиқҳий қомуснинг «Раҳбарга қарши бош кўтариш», деган бўлимида бундай келган:
الْخُرُوجُ عَلَى الإمَامِ :
16 – أَجْمَعَ الْعُلَمَاءُ عَلَى أَنَّ الإِْمَامَ إِذَا كَانَ عَدْلاً تَجِبُ طَاعَتُهُ ، وَمُحَرَّمٌ الْخُرُوجُ عَلَيْهِ ، لِقَوْلِهِ تَعَالَى : { أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُول وَأُولِي الأَْمْرِ مِنْكُمْ } (سورة النساء / 59) … (الموسوعة الفقهية الكويتية – (19 / 113).
Уламолар имом агар адл бўлса, унга бўйсуниш вожиб бўлиши ва қарши чиқиш ҳаром эканида ижмоъ қилганлар. Чунки Аллоҳ таоло айтган: «Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам (итоат қилинглар)». (Нисо/59).
Демак, «Давлат раҳбарига қарши чиқиш ҳаром, бу Исломда мутлақо йўқ амал», деган даъвони тўғри, деб айтиб бўлмайди. Аксинча, айтиш лозимки, агар раҳбар одил бўлса, унга қарши бош кўтариш ҳаром.
Аммо давлат бошлиғи золим, қонхўр ва мусулмонларга душман бўлса-чи?
وَأَمَّا الْخُرُوجُ عَلَى الإِْمَامِ الْجَائِرِفَقَدِ اخْتَلَفَ الْفُقَهَاءُ فِيهِ (الموسوعة الفقهية الكويتية – (19 / 113).
Аммо золим раҳбарга қарши чиқиш масаласида фуқаҳолар бир неча хил қавллар билан ихтилоф қилишган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 19/113).
Шундай экан, агар раҳбар золим бўлса ҳам унга қарши чиқиш абадий ҳаром, деган фикрни Ислом динининг ҳамма иттифоқ қилган ўзгармас ҳукми, дея талқин қилиш ва шунга одамларни ишонтиришга уринишдан тийилиш лозим.
Яна шу қомуснинг «Раҳбарликнинг давомийлиги» бобида бундай келади:
دَوَامُ الإْمَامَةِ :
12 – يُشْتَرَطُ لِدَوَامِ الإِْمَامَةِ دَوَامُ شُرُوطِهَا ، وَتَزُول بِزَوَالِهَا إِلاَّ الْعَدَالَةَ ، فَقَدِ اخْتُلِفَ فِي أَثَرِ زَوَالِهَا عَلَى مَنْصِبِ الإْمَامَةِ (الموسوعة الفقهية الكويتية – (6 /219).
Раҳбарликнинг давомийлиги унинг шартлари давомийлигини тақозо қилади. Шартлар йўқолса, раҳбарлик ҳам бекор бўлади. Илло адолат шартининг йўқолиши имомат мансабига қандай таъсир кўрсатиши мaсаласида бир неча хил қарашлар пайдо бўлган. (Ал-Мавсуатул-фиқҳийя – 6/219).
Шундан кейин ушбу масалада мазҳаблар орасидаги фарқлар зикр қилинади.
(Давоми бор).