Чўчқа гўшти пиширилган қозонда пиширилган ҳалол луқмаларни истеъмол қилса бўладими?

Бўлимлар: 22. Таом, ичимлик

Савол: Мен ҳозир Кореада ишлайман. Чўчқа гўшти Аллоҳ томонидан ҳаром қилинганини биламан. Чўчқа гўштини истеъмол қилмайман. Аммо чўчқа гўшти пиширилган қозонда қўй гўшти ёки ҳалол луқмалар пиширилган бўлса, шуларни истеъмол қилса бўладими? Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Олдиндан каттакон раҳмат.

Жавоҳир.

Жавоб: Аввало шуни таъкидлаш лозимки, модомики, Чўчқа гўшти Қуръони каримда ҳаром қилинган экан, демак, уни боқиш ҳам, сўйиш ҳам, сотиш ҳам, кимгадир пишириб бериш ҳам ҳаромдир.
Чўчқа ёки ҳаром таом пиширилган қозонга келсак, бу масалада Шариатнинг кофир ва мушрикларнинг идишлари ҳақидаги ҳукмларига мурожаат қилишимиз лозим.

وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ. سورة المائدة / 5

“Китоб берилганларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир, сизларнинг таомингиз улар учун ҳалолдир”. (Моида, 5).
Ҳанафий уламолар хулосаларига кўра агар аҳли китобларнинг овқати (сўйган гўшти) ҳалол бўлса, бу дегани уларнинг идиши ҳам покизадир ва уни ишлатиш жоиз. Илло агар идишга нажас теккани аниқ бўлса, у то покланмагунча ишлатилиши ҳаромдир.
Бу борада мана бу ҳадис ҳам бор:

رَوَى أَبُو ثَعْلَبَةَ الْخُشَنِيُّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَال : قُلْتُ: يَا رَسُول اللَّهِ، إِنَّا بِأَرْضِ أَهْل كِتَابٍ، أَنَأْكُل فِي آنِيَتِهِمْ؟ فَقَال: لاَ تَأْكُلُوا فِي آنِيَتِهِمْ إِلاَّ إِنْ لَمْ تَجِدُوا عَنْهَا بُدًّا ، فَاغْسِلُوهَا بِالْمَاءِ ، ثُمَّ كُلُوا فِيهَا. رواه البخاري ومسلم

Абу Саълаба Ал-Хушаний разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: “Мен ё Расулаллоҳ, биз аҳли китоблар ерида яшаймиз. Уларнинг идишларида овқат есак бўладими? – деб сўрадим. Расулуллоҳ дедилар: “Уларнинг идишларида овқат емангиз, илло бошқа илож топилмаган вақтда, у идишларни сув билан ювинг ва унда енг”. (Бухорий ва Муслим).

Шофеийлар бу ҳадисга кўра аҳли китобларнинг идишини ишлатиш мумкин эмас, дейишади. Аммо бу ҳадисдан ҳам мутлақо мумкин эмас деган хулоса чиқмайди. Балки ҳадисда аҳли китобларнинг идишларини ювиб ишлатиш мумкин эканлиги айтилаяпти…