Ҳанафийлар: Зулм туфайли бош кўтариш хуруж (бағй) эмас (2)
Бўлимлар: 24. Сиёсат
Биз Ислом фиқҳида мусулмон давлат раҳбарига қуролли қаршилик кўрсатган ва ўз ҳаракатини асослашга уринган тоифани хорижийлар ёки боғийлар, дейилишини кўриб ўтдик. “Бағй” калимаси зулм қилмоқ, тажовуз қилмоқ, бузғунчилик қилмоқ, деган маънони билдиради. Боғийлар халқнинг тинчлигини бузган, ноҳақлик билан бош кўтарган золим тоифадир.
Китобларда мабодо бир гуруҳ қуролли кимсалар имомга қарши бош кўтарса, имом аввало улар билан музокара олиб бориши лозимлиги, уларнинг ҳақ даъволари бўлса қондириши шарт экани айтилган. Шунда ҳам тўхтамаса, кейин уларга қарши уруш қилади, дейилган.
Агар қаршилик ёки қўзғолон давлат томонидан ўтказилаётган зулм туфайли юз бераётган бўлса-чи? Бундай ҳолатда ҳукм ҳам ўзгача бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари зулмга қарши бош кўтаришни бағй, деб тасниф қилинмаслигини, ҳақ талаб билан чиққан одамларни боғийлар, деб номлаб бўлмаслигини айтишган.
ثُمَّ لَا بُدَّ من مَعْرِفَةِ أَهْلِ الْبَغْيِ هُمْ الْخَارِجُونَ عن الْإِمَامِ الْحَقِّ بِغَيْرِ حَقٍّ بَيَانُهُ أَنَّ الْمُسْلِمِينَ إذَا اجْتَمَعُوا على إمَامٍ وَصَارُوا آمِنِينَ بِهِ فَخَرَجَ عليه طَائِفَةٌ من الْمُؤْمِنِينَ فَإِنْ كان خُرُوجُهُمْ عليه بِظُلْمٍ ظَلَمَهُمْ فَلَيْسُوا من أَهْلِ الْبَغْيِ وَعَلَيْهِ أَنْ يَتْرُكَ الظُّلْمَ وَيُنْصِفَهُمْ وَلَا يَنْبَغِي لِلنَّاسِ أَنْ يُعِينُوا الْإِمَامَ عليهم لِأَنَّ فيه إعَانَةً على الظُّلْمِ وَلَا أَنْ يُعِينُوا تِلْكَ الطَّائِفَةَ على الْإِمَامِ أَيْضًا لِأَنَّ فيه إعَانَةً لهم على خُرُوجِهِمْ على الْإِمَامِ (الفتاوى الهندية – (3 /307-308.(
Кейин аҳли бағйнинг ким эканини билиш лозим. Улар ҳақ имомнинг тоати доирасидан ноҳақ чиққан (хорижий) кимсалардир. Бунинг маъноси шуки, агар мусулмонлар бир имом атрофига жам бўлган ва у туфайли омонликда яшаётган бўлсалару ушбу имомга қарши бир тоифа мўминлар бош кўтариб чиққан ва буларнинг чиқишлари имомнинг буларга ўтказган зулми туфайли бўлган бўлса, бас улар аҳли бағй эмасдирлар. Имомга лозим бўлган иш шуки, у ўз зулмини тўхтатиши ва уларга инсоф қилиши шарт. Одамлар ҳам уларга қарши имомга ёрдам беришлари мумкин эмас. Чунки бунда зулмга ёрдам берган бўладилар. Одамлар имомга қарши ўша тоифага ёрдам беришлари ҳам мумкин эмас. Чунки бунда уларга имомга қарши чиқишда ёрдам берган бўладилар. (Фатовойи ҳиндийя – 3/307–308).
Юқоридагиларга кўра, мусулмон давлатларда зулм ва ноҳақликлар туфайли вужудга келаётган норозилик тўлқинларини хаворижлик ёки боғийлик, деб айтиш мумкин эмас. Аксинча, бу ҳаракатларга жавобан раҳбарлар халққа қулоқ солиши лозим. Президентлар зулм ўтказишни бас қилиши, норозилик билдираётганлар билан сўзлашувлар олиб бориб, уларнинг талабларини қондириши керак.
Фатовойи ҳиндийянинг “Одамлар ҳам уларга қарши имомга ёрдам беришлари мумкин эмас”, деган сўзларидан маълум бўладики, аскарлар, милиция ва куч ишлатувчи бошқа ташкилотлар намойишчиларга қўшилмасалар ҳам уларга қарши туришга ҳақлари бўлмайди.
(Давоми бор).