Золим подшоҳга қарши чиқиш нима дегани? (1)
Савол: Агар подшоҳ золим бўлса, бир тоифа унга қарши чиқса, нима қилмоқ лозим? Золимни қўлламаслигимиз табиий, аммо қўрқоқлик ё бошқа сабабдан золимга қарши чиқаётган тоифага қўшилмасак, айб бўлмайдими? Агар иложи бўлса мазҳабимиз олимларидан ҳам иқтибослар келтирсангиз.
Аллоҳ рози бўлсин!
Фарруҳ.
Жавоб: Аллоҳ таолодан ҳаммамизга Исломни тўғри тушуниб, чиройли амал қилиш неъматини ва ҳақ йўлда собит туриш бахтини ато қилишини сўраймиз. Қийноқ остида азоб чекаётган мўминлар ва мўминаларга тезроқ озодлик насиб бўлишини тилаймиз. Адолат билан ҳукмронлик қилаётган раҳбарларга (агар улар топилса) Аллоҳ таолодан яхшилик истаймиз. Халққа зулм ўтказаётган зўравонларга инсоф сўраб дуо қиламиз. Мусулмонларга мурожаат қилиб, одил раҳбарларни (агар улар мавжуд бўлса) қўллаб-қувватлашга чақириш билан бир қаторга, зулм қилишдан тийилмаётган, қийноқларни тўхтатмаётган шафқатсиз золимларга кўпроқ насиҳат қилишга, уларни тўхтатиш йўлларини топишга даъват этамиз.
Бу савол нима учун пайдо бўлаяпти?
Савол золим подшоҳга тегиши экан, бу мавзу аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган Ўзбекистонда Исломга қарши зўравон кураш авжига чиқаётгани, давлатнинг мудҳиш қамоқхоналарида қийноқларнинг тўхтовсиз давом этаётгани билан боғлиқ эканини тушуниб турибмиз. Бинобарин, зулм, ноҳақлик ва қийноқларга мутлақо қарши бўлиш, маҳбус ва мазлумларни озод этиш йўлларини қидириш ҳаммамиз учун фарз эканини таъкидлаймиз.
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه قال : سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول : » من رأى منكم منكرا فليغيره بيده ، فإن لم يستطع فبلسانه ، فإن لم يستطع فبقلبه ، وذلك أضعف الإيمان «. ( رواه مسلم) .
Абу Саид Ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят. У киши дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деётганларини эшитдим: «Сизлардан кимки бир ёмон ишни кўрса, бас уни қўли билан тўхтатсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан рад этсин. Бу одам энг заиф иймонли одамдир». (Муслим ривоятлари).
Истилоҳларни тўғри англайлик
Подшоҳга қарши чиқишнинг ҳукми ҳақида гапиришдан аввал «қарши чиқиш», деган иборани тўғри англаш ва ўз жойида қўллаш лозимлигини эслатамиз. Биз айрим кишиларнинг бу истилоҳни нотўғри тушунаётганларини ёки билиб туриб ноўрин талқин қилаётганларини учратаяпмиз.
Шариат китобларида давлат раҳбарига қарши қуролли бош кўтаришни «хуруж» (خُرُوجُ) ёки «бағй» (بَغْيٌ), деб айтилади.
«Хуруж» калимаси луғатда чиқиш, деган маънода бўлиб, фиқҳда мусулмонлар имомининг итоатидан чиқиш ёки имомга қарши бош кўтариш, деб таъриф берилган.
Фиқҳий қомуснинг «Боғийлар» (بُغَاةٌ ) деган моддасида ҳам ҳамоҳанг таъриф берилган:
الْخَارِجُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ عَنْ طَاعَةِ الإِْمَامِ الْحَقِّ بِتَأْوِيلٍ ، وَلَهُمْ شَوْكَةٌ .(الموسوعة الفقهية الكويتية – (8 / 130).
(Боғийлар) – мусулмонлар ичидан ҳақ имомга итоат қилиш доирасидан таъвил билан ажралиб чиққан қуролли гуруҳ. (Ал-Мавсуа – 8/130).
Бугун шафқатсиз режимлар томонидан ўтказилаётган зулмга ўз норозилигини билдираётганларнинг ҳаммаси ҳам қуролли гуруҳлар эмаслигини ҳисобга олган одам уларга нисбатан «боғий», деган истилоҳни қўллаш ўринсиз эканини тушунади.
Ҳазрат Алининг ҳукмронликларига қарши бош кўтарган хаворижлар тоифаси эса гуноҳи кабира қилган одамни кофирга ҳукм қилиш каби ақидаларни тарғиб этувчи адашган одамлар бўлган. Бугун зулмга қарши норозилик билдираётганлар – алҳамдулиллоҳ – Аҳли сунна валжамоат ақидасидаги инсонлардир.
Бунинг устига оят ва ҳадисларда, фиқҳ китобларда «имом» калимаси ўз ўрнига қараб, давлат раҳбари, деган маънода ҳам келишини биламиз. Модомики, баъзилар намойишчиларга нисбатан «хуруж» деган калимани ишлатаётган экан, ундай бўлса, давлат раҳбари ёки президент, деган сўзнинг ўрнига «имом», деган калимани ишлатиб кўринг-чи, деб айтамиз.
Ўзбекистон каби режимлар раҳбарлари ўзларини Ислом фиқҳида аталгани каби «Мусулмонлар имоми», деб атай оладиларми? Улар ўзларига ғалати эшитиладиган бундай ном билан аталишга рози эмасликлари аниқ. Шундай экан, уларнинг зулми ва террорига қарши гапиришни Ислом ақидасидаги хуруж ёки бағйга тенглаштириш ҳам мумкин бўлмайди.
(Давоми бор).