Номусулмон юртда вафот этган мусулмон қаерга дафн этилади?
Шайх Обидхон қори, Швеция
1432 ҳ. 26 ражаб (2011 м. 28 июн)
Савол:
Ўз ватанидан ҳижрат қилишга мажбур бўлган мусулмон вафот этса, қаерга дафн этилади? Мусулмон одам бошқа диндагиларнинг қабристонига дафн этилиши мумкинми?
М.
Жавоб:
Аллоҳ таолодан У Зотнинг розилиги учун ўз ватанини ва яқинларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганларга ёрдам ва нусрат ато қилишини сўраймиз. Аллоҳ йўлида ҳижрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари ўз бошларидан ўтказган муборак суннатдир. Аллоҳ таоло аввалги мусулмонларга ҳижрат ортидан нусрат ва ғалабалар ато айлаган. Агар мусулмонлар Аллоҳ юбораётган синовларни чин иймон, ихлос, тақво ва чиройли сабр билан ўтказсалар, ҳижрат юртида чеккан машаққатларининг савоби бошқасидан кўра ортиқроқ бўлади, деб умид қиламиз.
Номусулмон мамлакатда вафот этган мусулмон одамни дафн этиш масаласига келсак, бу борада чиқарилган фатволарнинг мазмуни бир-бирига яқинлигини кўрамиз. Қуйида улардан бирини келтирамиз.
الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله وعلى آله وصحبه أما بعد:
فاعلم أنه لا يجوز دفن المسلم في مقابر المشركين ولا العكس باتفاق الفقهاء، إلاّ في حالة الضرورة القصوى ، كأن لا يكون له مكان في غيرها ولايمكن نقله إلى مكان آخر وخشي تغير جثته، والدليل على ذلك هو عمل المسلمين من عهد النبي صلى الله عليه وسلم إلى اليوم، قال الحافظ ابن حزم في المحلى: «لأن عمل أهل الإسلام من عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم أن لا يدفن مسلم مع مشرك» انتهى.
وقد روى أبو داود والنسائي عن بشير بن الخصاصية قال: كنت أمشي مع النبي صلى الله عليه وسلم فمر على قبور المسلمين فقال: «لقد سبق هؤلاء شر كثير» ثم مر على قبور المشركين فقال: «لقد سبق هؤلاء خير كثير» قال ابن حزم عندما ذكر الحديث: «فصح بهذا تفريق قبور المسلمين عن المشركين» انتهى. والله أعلم.
… Билгилки, мусулмонни мушриклар қабристонига дафн қилиш ва бунинг акси (мушрикни мусулмонлар қабристонига дафн қилиш – тарж.) фуқаҳолар иттифоқи билан жоиз эмас. Илло ниҳоятда мажбурлик ҳолати юзага келиши – масалан, шундан бошқа жой йўқ, бошқа ерга олиб кетишнинг иложи ҳам йўқ, жасаднинг ўзгариш хавфи туғилиши – бундан мустасно. Бу ҳукмнинг далили Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан то ҳозирги кунгача мусулмонларнинг шу тартибга амал қилиб келишларидир. Ҳофиз ибн Ҳазм Муҳаллода айтган: “Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидан бери аҳли Исломнинг амали шуки, мусулмон мушрик билан бирга кўмилмайди. Абу Довуд ва Насоий Башир ибн Хасосиядан ривоят қилдилар. У киши деди: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. У зот мусулмонларнинг қабрлари олдидан ўтдилар ва дедилар: “Булардан аввал кўп ёмонлик ўтиб кетди”. Кейин у зот мушрикларнинг қабрлари олдидан ўтдилар ва дедилар: “Булардан жуда кўп яхшилик ўтиб кетди”. Ибн Ҳазм шу ҳадисни зикр қилган пайтда деди: “Мана шу билан мусулмонларнинг қабрларини мушриклар қабридан ажратиш аниқ бўлди”. Валлоҳу аълам. (Исламвеб/4437).
Бизга ҳозирги кунда маълум бўлган воқелик шуки, мусулмон озчиликлар яшайдиган мамлакатларда мавжуд қабристонларнинг бир четидан мусулмонлар учун ер ажратиб берилган.
Айрим мамлакатларда мусулмонларнинг ўзлари алоҳида ер сотиб олиб, қабристон пайдо қилишган. Баъзи муҳожирлар эса ўз маййитларини ўзлари туғилган ватанларига жўнатишади. Бу айтилган мисоллар ичида энг афзали мусулмонлар ўзлари яшаётган давлатнинг ҳукуматлари билан келишган ҳолда мустақил қабристон учун ер ажратилишига ёки сотиб олинишига эришишларидир.
Аллоҳ таолодан муҳожир мусулмонларни Ўзининг назари марҳаматида сақлашини, уларга мадад беришини, ватанларини озод этишини сўраймиз.
Аллоҳга ҳамдлар, Унинг Расулига салавоту саломлар йўллаймиз.